Лого Лого-пв-уз

    Энергетика бозорини бошқариш бўйича янги тизим яратиш масалалари муҳокама этилди

    Ҳукумат 23 июн 2022 2349

    Президент Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни электр энергетикаси корхоналари фаолиятини трансформация қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

    Мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳоли талаби тобора ўсиб, ёқилғи-энергетика тармоғи шунга мутаносиб модернизация қилинмоқда. Бу ишлар давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 мартдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси асосида олиб борилмоқда.

    Хусусан, собиқ “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти негизида электр энергияси ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва сотиш бўйича 3 та алоҳида тузилма ташкил этилди. 7 миллион истеъмолчи Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиб, аҳолидан тўлов ундириш 100 фоиз таъминланмоқда. Генерация соҳасида жами 7 миллиард долларлик 19 та қуёш, шамол ва иссиқлик электр станциялари қуриш бўйича лойиҳаларга хорижий инвесторлар жалб қилинди.

    Шу билан бирга, соҳада рақобатни яратиш, энергия таъминотининг ҳажми ва сифатини ошириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар кўп. Жумладан, энергетика тизимини модернизация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун келгуси йилларда 20 миллиард долларга яқин инвестиция талаб этилади. Бунинг учун соҳада рақобатли бозорни шакллантириш ва хусусий инвесторларга шароитларни кенгайтириш зарур.

    Шу боис йиғилишда энергетика бозорини бошқариш бўйича янги тизим яратиш масалалари муҳокама этилди.

    Хусусий генерация корхоналари уланиши учун тенг шароит яратиш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг электр энергиясини ягона харид қилиш ва магистрал тармоқларни бошқариш ваколатларини ажратиш таклифи билдирилди. Бунда, ягона харид қилувчи компания барча электр станцияларидан электр энергиясини шартнома асосида сотиб олиб, йирик корхона ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотади. Магистрал тармоқ оператори эса электр энергиясини етказиб бериш, йўқотишларни камайтириш ва энерготизимни техник бошқариш билан шуғулланади.

    Келгуси йилда 14 та туман ва шаҳарда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга муқобил тарзда, истеъмолчиларга электр энергиясини сотадиган хусусий чакана электр савдо компаниялари ташкил этилади.

    Шунингдек, тармоқ раҳбарларига трансформация жараёнини жадаллаштириш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қила оладиган компанияларга айлантириш кераклиги таъкидланди. Соҳа корхоналарининг операцион харажатларини оптималлаштириш, электр узатиш тармоқларини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

    Ҳукумат ва соҳа раҳбарларига ушбу ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

    No date selected
    сентябр, 2022
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates