Энергетика вазирлиги БМТТД вакили билан музокаралар ўтказди

    Энергетика 2 ноябр 2021 613

    Жорий йил 29 октябрда Энергетика вазирлигида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска билан музокаралар ўтказилди.

    Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев таъкидлаганидек, БМТ Тараққиёт дастури энергия самарадорлиги ва кам углеродли ишлаб чиқариш соҳасида илғор халқаро тажрибани тақдим этишда ҳамкорлик қилиш учун салмоқли салоҳиятга эга.

    Шу муносабат билан томонлар турар-жой биноларининг энергия аудитини ўтказиш, тегишли таҳлилий ва қонунчилик ишлари бўйича техник ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар. Уй-жой фондини илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда экологик жиҳатдан янгилаш унинг энергия самарадорлигини сезиларли даражада ошириши мумкин. Бу эса замонавий энергетикани ривожлантиришнинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

    Томонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида тармоқ ичидаги қуёш тизимларини синовдан ўтказиш ва кейинчалик жорий этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий жиҳатлар ва техник имкониятларни баҳолаш бўйича ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

    Хусусий инвесторлар, яъни мустақил энергия ишлаб чиқарувчилар томонидан қурилган қуёш ва шамол электр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини умумий тармоққа етказиб бериш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мамлакатимиз энергетика хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масаласидир. Бундай меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда илғор халқаро тажрибани жалб этиш, хусусан, қайта тикланувчи энергия бўйича халқаро агентлик (IRENA) билан ҳамкорликда ушбу ишларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

    Томонлар, шунингдек, жамоат транспортида электроавтобуслардан фойдаланиш истиқболларини, бу борадаги ижтимоий-иқтисодий ва атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш учун моделлаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятларини ҳамда электр энергетика тармоғида яшил ривожланишнинг афзалликларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

    Музокаралар чоғида томонлар 2022 йилда Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган «яшил» энергия бўйича юқори даражадаги халқаро форумга тайёргарлик кўриш бўйича ўзаро ҳамкорлик истиқболларини тақдим этдилар. Мазкур форумни БМТ билан ҳамкорликда ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида билдирилган эди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates