Энг янги ва тез ўсаётган тармоқ

    Ўзбекистонда илк бор электромотороллер, электроскутер ва унинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    Турмушимизни маиший техника воситаларисиз тасаввур қилиш қийин. Оддий музлаткичдан тортиб, телевизор, электрон қурилмаларгача бари хонадон учун зарур бўлган электротехника воситалари ҳисобланади. Юртимиз саноатида энг ёш бўлган бу тармоқ тез суръатларда ривожланиб, одамларнинг электрон техникаларга бўлган талаби ортиб боряпти. Биргина мисол, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилда Ўзбекистонда 100 та уй хўжалигига 108 та музлаткич, 165 та телевизор, 290 та мобил телефон тўғри келмоқда.

    Иқтисодий сакраш иборасини шу тармоққа нисбатан қўллаш айни муддао — кейинги 5 йилда электротехника саноатида 11,1 баробар ўсишга эришилди. Замон шиддати ва эркин бозор механизмларининг тез ривожланиши мазкур соҳанинг барқарор одимлашига сабаб бўляпти. Натижада тармоқнинг республика саноатидаги улуши ҳам ортиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2016 йилда 1,4 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил якунига қадар 5 фоиз, 2023 йилда эса 8 фоизга етиши кўзда тутилган.

    “Электротехника” атамаси илк бор 1879 йилда германиялик муҳандис, тадқиқотчи Werner von Siemens томонидан қўлланилганда, бу каби қурилмалардан инсонлар эндигина фойдалана бошлаганди. Аммо қисқа вақтда электр ва электротехника воситалари замонавий цивилизация ҳаётига жадал кириб борди. Бугун эса жамият ҳаётининг барча жабҳалари, қолаверса, инсонларнинг турмуш тарзи электротехника воситалари билан чамбарчас боғланган. Улардан ўқишда, ишда, уйда доимий тарзда фойдаланмиз. Ҳеч бўлмаганда, мобил телефон ҳамма вақт ёнимизда.

    — Мамлакатимизда электротехника саноатини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани боиси ҳам шундан, — дейди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов. — Бундан 5 йил олдин юртимизда 1,5 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилнинг 9 ойи давомида бу рақамлар 12 триллион сўмни ташкил этди, йил якунига бориб кўрсаткични қарийб 17 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Истиқболли тармоқда электротехника саноати корхоналари сони ҳам йилдан-йилга ортиб боряпти. 2016 йилда улар сони 97 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб республикада 900 дан зиёд ана шундай корхоналар фаолият юритмоқда.

    Йирик брендлар билан ҳамкорлик

    Муҳими, соҳадаги юқори ўсиш кўрсаткичларини одамлар ўз ҳаётида сезяпти. Сўнгги йилларда электротехника моллари бозорида ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўпайиб бораётгани кўзга ташланади. Қувонарлиси, ўтган давр мобайнида миллий бренд остидаги арзон ва сифатли электрон қурилмалар, маиший техника воситаларига халқимизнинг талаб ва ишончи ҳам ошиб бормоқда.

    Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги йирик ва замонавий технопаркда шундай маҳсулотларнинг кўплаб турлари ишлаб чиқарилади. Ҳозирги вақтда бу ерда умумий қиймати 365 миллион доллардан зиёд 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ўтган йили бу ерда электрон газ ҳисоблагичлар, маиший совиткичлар, саноат кондиционерлари ва совитиш тизимлари, сув насослари, лифт ва эскалаторлар, форма ва қолиплар ишлаб чиқаришга оид олтита лойиҳа ишга туширилган.

    Мажмуа фаолияти йўлга қўйилган илк даврларданоқ хорижнинг машҳур бренд компанияларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Биргина мисол, 2019 йили “Samsung” компанияси билан биргаликда 62 миллион долларга тенг, йиллик қуввати 1 миллион дона бўлган маиший совиткичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилган эди. Мана шу битта корхонанинг ўзи 2020 йилда 5 миллион долларлик маҳсулотни Россия ва Қозоғистонга экспорт қилди.

    Шунингдек, технопаркда Хитойнинг “Shanghai Mitsubishi” компанияси билан ҳамкорликда лифт ва эскалаторлар, “Whirlpool China” компанияси билан кир ювиш машиналари, Япониянинг “Shivaki” бренди остида республикада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун 500 килограммдан 3 000 тоннагача маҳсулот сақлаш сиғимига эга махсус музлаткич омборхоналари, Италиянинг “Petro Fiorentini” компанияси билан ҳамкорликда йиллик қуввати 3,5 миллион дона бўлган электрон газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилмоқда.

    Юртимизда электротехника саноатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва берилаётган имтиёзлар, бу борада қабул қилинган бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар натижасида ҳудудларда йирик лойиҳалар йўлга қўйилиб, янги маҳсулот турлари ишлаб чиқариляпти. Тошкент шаҳридаги “Moderna keramic” МЧЖ корхонасида ҳам Ўзбекистонда илк бор электромотороллер, электроскутер ва унинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳа қиймати 44,1 миллиард сўм бўлган ушбу объект учун 2,7 миллион АҚШ доллари миқдорида хориж инвестицияси жалб қилинган. Ҳозирда корхона томонидан йилига 1 минг 200 дона электромотороллер ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари чиқариляпти. Электромотороллернинг асосан 2 та модели — 500 килограмм ва 1 тонналик юкларни кўтаришга мўлжалланган турлари тайёрланади. Улар электр қуввати билан соатига 50-60 километр тезликда ҳаракатланади. Заводда ишлаб чиқаришнинг 70 фоизи маҳаллийлаштиришга эришилган. Ҳозир бу ерда 20 дан ортиқ киши доимий иш билан таъминланган. Тадбиркор Баҳром Каримовнинг айтишича, лойиҳанинг учинчи босқичида электр мини тракторлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ҳозирда хитойлик ҳамкорлар билан мазкур лойиҳа устида иш олиб бориляпти.

    Ўзбекистон бренди янги бозорларда

    Ҳар бир соҳа ва тармоқдаги ўзгариш, аввало, бозорда намоён бўлади. Электротехника саноати ҳақида гап борганида, соҳада экспорт билан шуғулланадиган корхоналар сони ортиб, маҳаллий маҳсулотларимиз нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топаётганини таъкидлаш жоиз. Оддий мисол, 2016 йилда 11 та электротехника корхонаси маҳсулотларни хорижга экспорт қилган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 46 тага етди. 2017 йилда хорижга маҳсулот экспорт қилиш ҳажми 189,7 миллион долларни ташкил этиб, 2021 йилда бу 500 миллион доллардан ошиши кутилмоқда. Жорий йилда умумий экспорт режасининг 226 миллион долларлик қисми МДҲ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Бу борада 7 баробар ўсишга эришилган.

    Экспорт географияси сезиларли равишда кенгайиб, анъанавий бозорларга қўшимча равишда Яман, Бирлашган Араб Амирликлари, Сурия, Танзания ва бошқа шу каби давлатларнинг бозорлари ўзлаштирилди, 37 та мамлакат бозори миллий бренд остидаги маҳсулотларимиз учун очилди. GSP+ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда, Европанинг Венгрия, Буюк Британия, Германия ва бошқа янги бозорларига чиқиш имкониятлари яратилди.

    Соҳадаги муҳим масалаларнинг ҳуқуқий асослар билан ҳал этилиши, экспортёр корхоналар учун транспорт харажатларини қисман қоплаш механизми, логистика харажатларининг пасайтирилиши маҳаллий тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб, хорижлик ишбилармонларни жалб этишга хизмат қилмоқда. Айниқса, оғир пандемия шароитида ҳам Юртбошимиз томонидан қабул қилинган қарорлар, давлатнинг молиявий кафилликлари, субсидиялар, транспорт харажатларини қоплаш билан боғлиқ имтиёзлар, солиқ ва божхона тизимидаги қатор енгилликлар туфайли тармоқда юқори натижалар қайд этилмоқда. 2021 йил 2 мартдаги “Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорининг соҳага доир муҳим ҳужжатлардан бири дейиш мумкин. Ушбу ҳужжат билан барча корхоналарга фаолият юритишлари, ишлаб чиқаришни кенгайтиришлари ва экспорт ҳажмларини оширишлари учун шарт-шароит ва қатор имтиёзлар берилди.

    Яна шундай имкониятлар туфайли юртимизда иш бошлаётган халқаро брендлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, чет эллик бир қатор тадбиркорлар вилоятларимизда ишлаб чиқариш корхоналарини ривожлантиряпти. Хорижлик экспертлар, мутахассис ва ишбилармонлар тармоқнинг турли йўналишларидаги ҳамкорликлар борасида ижобий фикрда.

    — Ҳозир улкан трансформация, олға одимлаш ва ислоҳотлар жараёнларида давом этаётган Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни амалга ошириш биз учун ҳам манфаатли, — дейди Буюк Британиядаги глобал алоқа бўйича мутахассис Элеанор Крамерс. — Айни пайтда электротехника саноатидаги тадқиқот ва ишланмаларга фаол равишда сармоя киритяпмиз. Инновациялар, янги маҳсулот ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаяпмиз. Бунинг учун мамлакатдаги муҳит аъло даражада. Ўзбекистонда сервис марказлари ва хизматларимиз сони ортди. Бизда ёш кадрларни хорижга ўқишга юбориш имкониятларимиз ҳам бор. Ёшлар у ерда тажриба ўрганиб қайтади. Бу эса ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш, янги босқичга олиб чиқишга йўл очади.

    Индустриал технопарклар ташкил этилади

    Чиндан, электротехника соҳасидаги потенциалимиз ҳали юқори. Биргина яшил энергетика йўналишида амалга оширилаётган гигант лойиҳалар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга йилига камида 1 миллиард долларлик янги бозорларни очиб беради. Электротехника кластерини ташкил этиш учун пухта замин яратиб, минглаб янги иш ўринларига йўл очади. Бундан 5 йил илгари соҳада банд бўлганлар 6 785 нафарни ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони 27 минг нафарга етиши кутилмоқда. Шундан 87 фоизини ёшлар ташкил этади.

    Хоразм вилоятидаги Хазорасп эркин иқтисодий зонасидаги маиший техника воситалари учун электр двигаталлари ишлаб чиқариш заводида меҳнат қилаётган Жасур Каримов мутахассислардан иш ўрганиб, ҳозир техникаларни бошқаришга анча қўли келишиб қолган. Завод уйига яқин бўлгани боис, аввалги иш жойидаги каби бу ерга қатнашга қийналмайди. Олаётган даромади билан оила рўзғорига ҳисса қўшаётган ёш йигит келгусида электротехника йўналишида таҳсил олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган.

    Электр двигаталлари ишлаб чиқариш тўлиқ маҳаллийлаштирилган ушбу заводнинг ишга тушиши натижасида ҳудуддаги Жасур сингари 200 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. “Future industry systems” МЧЖ корхонаси томонидан эса 2021 йилда маиший техникалар учун электродвигателлар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида йилига қиймати 13,2 миллион долларлик импорт оптималлаштирилишига эришилади. Бир сўз билан айтганда, эркин иқтисодий зонада шундай лойиҳаларнинг ишга туширилиши орқали янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилиб, соҳада маҳаллийлаштириш даражаси ошмоқда. Республика ҳудудига импорт асосида олиб келинган кўпгина маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйиляпти. Хусусан, газ ҳисоблагичлар, 360 литр ҳажмли “No Frost” музлаткичлари, электродвигателлар, сув насослари ва гидрантлар, ID карталар, ақлли уй тизими кабилар миллий брендларимиз остида бозорларга чиқмоқда.

    — Авваллари, электротехника саноатига оид лойиҳалар асосан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келган, — дейди Мирзиёд Юнусов. — Жорий йилдан бошлаб, лойиҳаларнинг 70 фоизи энг чекка ҳудудларга кириб бормоқда. Биргина Самарқанд вилоятида 7 та лойиҳа амалга ошириляпти. Олдин бу ерларда маиший техника ишлаб чиқарадиган корхоналар бўлмаган. Андижон вилоятининг ўзи бугунги кунда катта ютуқларга эришяпти. 5 йил олдин биз Тошкент вилоятидан бошқа ҳудудларда “Premier”, “Ferre”, “Ideal”, “S-Smart”, “Rosso” каби янги миллий брендлар остида ўзимизнинг маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади, деб ўйламаганмиз.

    “Ургут эркин иқтисодий зонаси”да “Sam-Ferre” корхонаси томонидан “Ferre” бренди остида кондиционер, газ плита ва электр печлар, “Sam Elektro Servis” корхонасида газ плита ва электр печлар учун ишлатиладиган бутловчи қисмлардан махсус ойна ва решеткалар ишлаб чиқариш тўлиқ ўзлаштирилди.

    Фарғона, Андижон ва Наманганда электротехника саноати корхоналари сони олдинги йилларга қараганда 4-5 баробар ортиб, янги йўналишларга асос солинмоқда. Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида аккумулятор ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, Шаҳрихон туманида кабел маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона иш бошлади. Ишлаб чиқаришда кабель-сим маҳсулотлари тайёрлаш мураккаб ҳисоблансада, бундай корхоналарнинг бир нечтаси Фарғона вилоятининг Фарғона ва Қўқон шаҳарларида, Бувайда ва Данғара туманларида ҳам ишга туширилгани мазкур йўналишда тажриба ва имкониятлар кенгайиб бораётганидан далолат беради. Йил якунига бориб, Фарғонада илк маротаба электроскутерлар ишлаб чиқариш бошланади.

    Қашқадарё вилоятида 2018 йилдан электротехника саноати йўналишида янги давр бошланди, дейиш мумкин. Бу ерда илк маротаба “Biss electroniks” МЧЖ томонидан йиллик қуввати 25 минг дона бўлган маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳозирда корхона кенгайиб, бошқа турдаги майда маиший техника воситаларини ишлаб чиқариш устида ишлаяпти. Эътиборлиси, завод кичик бўлишига қарамасдан, 50 нафарга яқин ҳудуд ёшларини иш билан таъминлаган.

    Мазкур корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш, сертификатлаш ва халқаро стандартларни қабул қилиш тадбирлари, хорижий кўргазмаларда қатнашиш, савдо уйлари ташкил этиш мақсадида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳузурида фаолият олиб бораётган махсус жамғарма маблағларидан фойдаланилмоқда. Ҳозирга қадар “Электротехника соҳасини ривожлантириш жамғармаси” томонидан 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ соҳа тараққиёти йўлида йўналтирилди. Жараёнда 20 та тармоқ корхоналари Европа Иттифоқи мамлакатларида талаб этиладиган “СЕ” маркировкасини тасдиқловчи сертификатларга эга бўлди.

    Тармоқда амалга оширилаётган ана шундай йирик лойиҳаларда мис хомашёсидан кенг фойдаланилаётгани бежиз эмас. Мис – иссиқлик ва электр қувватини энг яхши ўтказувчи ҳисоблангани боис, жаҳонда охирги 5 йилда ундан фойдаланган ҳолда, электромобиллар ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошди. Агар оддий автотранспорт воситасини тайёрлаш учун 8 килограммдан 20 килограммгача мис ишлатилса, электромобилда бу кўрсаткич 83 килограммгача етади. Бу ўзгаришлар юртимизда ҳам кейинги йилларда мисга бўлган эҳтиёжнинг бир неча баробар кўпайишига олиб келади.

    Жорий йилнинг ўтган даврида электротехника саноати корхоналари томонидан 24,8 минг тонна мис хомашёси қайта ишланди. Йил якунида бу кўрсаткични 55 минг тоннага етказиш имконияти мавжудлиги таъкидланмоқда. Эндиликда, кооперация алоқаларини кенгайтириш мақсадида ҳудудларда электротехника саноатига ихтисослаштирилган индустриал технопаркларни ташкил этиш кўзда тутилган. Бу парклар барпо этилганидан сўнг, бир корхона атрофида бошқа етказиб бериш занжирини шакллантириш бўйича режалар қилинган. Илк босқичда бундай технопаркларни Тошкент, Самарқанд, Фарғона вилоятларида қуришга эътибор қаратиляпти.

    Ҳозирда Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ихтисослаштирилган индустриал технопаркни қуриш режалаштирилган. Хорижий тажрибадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, мазкур индустриал технопаркнинг ташкил этилиши, нафақат Тошкент вилояти учун, балки республика иқтисодиёти, умуман электротехника саноати корхоналари фаолиятида катта бурилиш ясайди.

    “Инвестиция — иқтисодиётнинг юраги”

    Яна бир жиҳат, барча соҳалар қатори электротехника саноатида ҳам инвестициялар улуши ошиб боряпти. Мазкур йўналишда 2016 йилда ўзлаштирилган инвестиция ҳажми бор-йўғи 80,7 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2021 йил якуни билан қарийб 143 миллион долларга яқин маблағ ўзлаштирилиши белгиланган. Йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган 45 та инвестицион лойиҳанинг 31 таси тўлиқ фаолият бошлади. Бу эса янги экспорт имкониятлари ва иш ўринлари яратилишига асос бўлади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз йирик шартномалар тузиш имкониятини қўлга киритади.

    Жорий йил Навоий вилоятида ишга туширилган йирик лойиҳа – Қуёш фотоэлектр станцияси ҳам электротехника саноати корхоналари учун муҳим аҳамиятга эга. Лойиҳа доирасида 110 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилган. Бу йилига 252 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна буғланувчи газлар чиқишининг олди олинади. 2030 йилга бориб, қуёш электр станциялари қувватини камида 5 минг, шамол электр станциялариникини эса 3 минг мегаваттга етказиш режа қилинмоқда.

    Бундай йирик лойиҳалар нафақат иқтисодиётимиз, балки электротехника саноати корхоналари учун ҳам маҳаллийлаштириш йўналишида катта имкониятлар эшигини очиб беради. Шу каби объектларнинг қурилиш жараёнида маҳаллий корхоналаримиз кооперация асосида бир қатор электротехника жиҳозлари, зарур эҳтиёт қисмларини етказиб бермоқда.

    Инвестиция — бу иқтисодиётнинг “юраги”. Хусусан, электротехника саноатига ҳам киритилаётган ҳар бир сармоя ва уларнинг салмоғи юқори натижаларни кафолатлайди, — дейди Мирзиёд Юнусов. — Келинг, фикримизни янги амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан давом эттирсак. Биргина жорий йил якунига қадар қарийб 143 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиши эвазига тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 17 триллион сўмга етказишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ҳозирги пайтда соҳада янги инвестиция лойиҳалари ва истиқболли йўналишлар устида иш олиб бориляпти. Бу “Электроника ва автоматика”, “Яшил энергетика” ҳамда шунга ўхшаш бир қатор йўналишларни ўз ичига олади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 3010 та янги иш ўрни яратилади.

    Сифатли ва талабгир маҳсулот доим ўз харидорини топади. Тадбиркорлар орасида электротехника саноатига қизиқиш ортиб бораётгани боиси ҳам шундан. Айни вақтга келиб, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари ва бошқа тармоқ корхоналари ўртасида “Cooperation.uz” электрон портали орқали 880,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар харид қилиниши ва сотилиши амалга оширилган. Улар мунтазам ўтказиб келинаётган “Саноат ярмаркаси” ва кооперация биржаларида ҳам фаол қатнашиб, бошқа тармоқ корхоналари билан қиймати 25 миллиард сўмдан ортиқ шартномалар имзоланишига эришилган.

    Бир сўз билан айтганда, мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйвери ҳисобланган электротехника саноати тез ва жадаллик билан ривожланиш босқичидан боряпти. Бу, ўз навбатида, соҳага янги инвестиция лойиҳаларини жорий этиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, янги иш жойлари яратиш ва миллий маҳсулотларимизнинг халқаро бозорларда рақобатбардош бўлишида кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

    Ирода Тошматова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates