Қайд этилишича, ер участкаларини бериш (реализация қилиш) талаблари Ер кодекси ) билан белгиланган ҳамда унинг 17-моддасига мувофиқ чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкин.
24-моддасига мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эл жисмоний ва юридик шахсларига ер участкалари ижарага берилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги Қонунга мувофиқ чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек давлат органлари, муассасалари, корхоналари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди, яъни чет элликларга ер хусусийлаштириб берилмайди.
Кадастр агентлигининг қўшимча қилишича, қишлоқ хўжалиги ерларини ҳатто Ўзбекистон фуқаролари ҳам хусусийлаштириб ололмайди.
“Шундай экан, ерларимиз чет эл фуқароларига бериб юбориляпти мазмунидаги хабарлар асоссиз ва охиригача ўрганилмасдан чиқарилган хабарлар”, — дейилади хабарда.