Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мазкур воқеада ўзбекистонликлар иштирок этганини рад этди.
Хабарларда Аксарай вилоятида Ўзбекистон фуқароси бўлган 13 ёшли бола С.Т. опасининг 25 ёшли севгилиси Муҳаммед О.ни пичоқ билан жароҳатлаб, воқеа жойидан қочгани айтилган. Ярадор касалхонага ётқизилган, гумонланувчи бола кўп ўтмай қўлга олинган.
Бош консулхона дипломатлари томонидан ўрганишлар натижасида аниқланишича, мазкур ҳолат 22 август куни Истанбулдан 521 км олисдаги Аксарай вилоятида содир бўлган. Воқеа иштирокчилари бошқа давлат фуқаролари бўлиб чиқди. Айбланувчи – 2012 й.т. С.Т., жабрланувчи – 2000 й.т. М.О.
«Баъзан бошқа давлат фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар айрим ОАВда Ўзбекистон фуқаролари билан боғланган ҳолда ёритилиши халқимиз имижига салбий таъсир этмоқда. Ватандошларимиздан маҳаллий қонунларга қатъий риоя этишлари, фавқулодда ҳолатларда эса Бош консулхонага мурожаат қилишлари тавсия этилади«, дейилади консулхона хабарида.








