Ерни ноқонуний олиб қўйган мансабдорлар 55 млн сўмгача жарима тўлаши мумкин

    Фикр 19 январ 2021 9695

    Ер иқтисодиётнинг барча тармоқлари, қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришнинг асосий манбаи ҳисобланади. Eр ресурсларига нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, ундан самарали фойдаланиш, албатта, мамлакатимиз ободлиги ва фаровонлигига хизмат қилади.

    Шу боисдан сўнгги йилларда юртимизда ер ресурсларини асраш, ундан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Сабаби мамлакатимиз аҳолиси асосий қисмининг даромади ва фаровонлиги мана шу ердан самарали фойдалана олишимизга, унинг ҳосилдорлигини қай даражада сақлаб туришимизга боғлиқ.

    Лекин кейинги йилларда ер участкаларини олиб қўйишда қонунчиликда белгиланган тартибга риоя этмаслик ҳолатлари афсуски, кўп учрамоқда. Маълумотларга кўра, фуқаролар томонидан келиб тушаётган аксарият мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида кўп ҳолларда мулкдорлар ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган.

    Шу билан бирга, сўнгги пайтларда жойларда ҳокимлик ва идоралар томонидан ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш борасида қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани сир эмас. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида, фуқароларнинг ерга бўлган ҳуқуқлари поймол этилиб, шу ерларда жойлашган кўчмас мулкларининг дахлсизлигига путур етмоқда.

    Жорий йилнинг 14 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун соҳада юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан катта аҳамиятга эгадир.

    Унга биноан, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2002-модда билан тўлдирилиб, унда ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

    Соддароқ қилиб айтганда, мазкур кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, ерни ноқонуний олиб қўйиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача (22 миллион 300 минг сўмдан 33 миллион 450 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Агар мазкур ҳуқуқбузарлик мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (33 миллион 450 минг сўмдан 44 миллион 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.

    Яна бир муҳим жиҳат, Жиноят кодекси «Ер участкаларини олиб қўйиш» учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи тўртта қисмдан иборат янги 2295-модда билан тўлдирилди. Бундан буён агар айбдор ер участкасини ноқонуний олиб қўйганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин, ушбу ҳаракатни яна такроран содир этса, у мулкдорга зарар етказмаган тақдирда ҳам жиноий жавобгарликка тортилади.

    Жиноят кодексига мувофиқ, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран ерларни ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахсларга БҲМнинг 200 бараваридан 250 бараваригача (44 миллион 600 минг сўмдан 55 миллион 750 минг сўмгача) миқдорда жарима, 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жазолар қўлланилади.

    Мазкур жиноят мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса, мансабдор шахс 3 йилгача, кўп миқдорда зарар келтирса, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

    Булардан ташқари, мазкур қонунга асосан ерни ноқонуний олиб қўйиш мулкдорга жуда кўп миқдорда зарар етказса ёки кўпчилик учун хавфли бўлган усулда содир этилса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Жиноят-процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра эса ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш билан боғлиқ жиноят бўйича дастлабки тергов прокуратура органлари томонидан олиб борилиши белгиланди.

    Хулоса ўрнида айтганда, ер – давлат мулки, умуммиллий бойлигимиз саналади. Демак, ер участкасини ноқонуний олиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мазкур қонун эса ер участкасини олиб қўйиш тартибига риоя этмаганлик ва бунинг оқибатида мулкдорларга зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш орқали фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

    Абдулла РЎЗМEТОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates