Эътибор бор жойда юксалиш бўлади

    Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ аждодларимиз тамал тошини қўйган математика фани илм-фан ва техниканинг замонавий тармоқлари жадал ривожланиб бораётган ҳозирги кунда янада катта аҳамият касб этмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Математика институти директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов сўнгги йилларда юртимизда математика фанига қаратилаётган эътибор хусусида мулоҳаза юритади.

    Юртимизда математика фанининг ривожланишида В.И.Романовский номидаги Математика институтининг салмоқли ҳиссаси бор. В.Романовский, Т.Саримсоқов, С.Сирожиддинов, М.Салоҳитдинов, Т.Жўраевнинг саъй­ ҳаракатлари билан барпо этилиб, дунё математика ҳамжамияти томонидан тан олинган функционал анализ ва алгебра, дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика илмий мактаблари алоҳида эътирофга лойиқ.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм, тарбия ва яна бир бор тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар керак”, деб алоҳида таъкидлади.

    Бу эса зиммамизга ислоҳотларга мос равишда хизмат қилиш вазифасини, масъулиятини юклайди. Бундан ташқари, ушбу нутқда “Келгуси беш йил учун устувор йўналишларни белгилаб олар эканмиз, ўтган даврда эришган ютуқларимиз билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликларни ҳам танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилишимиз лозим. Нега деганда, ўз келажагини ўз қўли, ўз кучи билан яратишга бел боғлаган халқ ва миллат кечаги кундан тўғри сабоқ чиқариб, олдинга интилиб яшайди”, дея қайд этилди.

    Афсуски, кўп йиллар давомида соҳадаги ислоҳотларга фақат миқдор жиҳатидан ёндашилиб, сифат кўрсаткичларига эътибор етарлича бўлмади. Жумладан, илмий даражалар олишдаги ҳимоялар сони ўринсиз оширилгани, турли рейтингларда иштирок этиш учун тўлов асосида кўплаб сифатсиз мақолалар чоп этилаётгани ёки баъзи соҳаларда хорижий давлатларда 10­-15 йиллар олдин ҳимоя қилинган ишларни ўзбек тилига таржима қилиш орқали илмий даражалар олишга ҳаракатлар бўлаётгани, ҳали бу соҳада адолат мезонларини аниқ белгилаб олишимиз зарурлигини кўрсатди.

    Бунда, энг аввало, илмий раҳбарлик қилаётган олимларнинг савияси ва масъулиятини ошириш лозим эди. Аксинча, саводсиз фалсафа докторлари талабаларга сифатсиз билим бераверди. Билими етарли бўлмаган битирувчилар эса, мактаб ва олий ўқув юртларида ҳеч қачон ёшларимизда билимга иштиёқ уйғота олмайди. Натижа эса маълум: давлатимиз раҳбари таъкидлаган муаммо — билимли кадрлар етишмаслиги келиб чиқаверди.

    Президентимизнинг “Инсон қадри учун” тамойили асосидаги сайловолди дастурининг муҳим бўғини сифатида мамлакатимиз илм­фанини янги сифат босқичига кўтариш вазифаси белгиланган. Шу кунга қадар, уларнинг математика таълими сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш борасида қабул қилган қарорлари иқтидорли ёшларнинг илмий фаолиятга қизиқишига ҳамда халқаро илмий алоқаларнинг мустаҳкамланишига асос бўлмоқда.

    Сўнгги йиллар давомидаги ижобий ўзгаришлар биз олимларни ҳам ниҳоятда руҳлантириб, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс драйвери бўлган математика фани ва таълимини ривожлантириш, Ўзбекистон илм­фанини янада юқори кўтариш, олимларнинг янги авлодини тарбиялаш, Президентимиз олиб бораётган туб ислоҳотларнинг рўёби йўлида бор билим ва салоҳиятимизни аямасдан меҳнат қилишга ундамоқда.

    Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига кўра, бир гуруҳ фидойи юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Жумладан, менга ҳам “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонининг берилиши, Самарқанд давлат университетининг кафедра мудири академик Саидаҳмад Лақаев ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг табиий­ математика фанлари кафедраси профессори Қудратилло Фаёзовнинг “Дўстлик” ордени билан тақдирланиши биз каби илм аҳлига кўрсатилаётган алоҳида эътибор намунасидир. Бундан ташқари, институтимизнинг олти нафар фидойи ходими “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишонига сазовор бўлди.

    Шунингдек, институтимиз ходимлари жамият фаровонлиги йўлида фаол иштирок этиб келади. Жумладан, ёш фан докторлари Ғолибжон Ботиров ва Аброр Худойбердиев Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари Қўмитаси қошидаги эксперт кенгаши аъзолари ҳисобланади. Албатта, бу ютуқ ва эътирофлар бизнинг елкамизга улкан масъулият юклайди.

    Президентимизнинг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-­тадқиқотларни ривожлантириш чора­ тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб­-қувватлаш жамғармаси ташкил этилгани, Математика институти учун янги, замонавий, инновацион бино қуриб берилгани, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўлинмалар очилиши математикани ривожлантириш билан боғлиқ барча ташкилий муаммоларни ҳал этиб берди. Бу эса, математиклар жамоасига мамлакатимизда Учинчи Ренессансни рўёбга чиқариш учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга янада кенг имкониятлар яратади.

    Илм аҳлига бўлган эътибор ва эътироф уларни рағбатлантиради, ўз соҳасида фидойилик билан ишлашга ундайди. Бу борада қатор янгиликлар, ижобий ўзгаришларни санаб ўтиш мумкин. Жумладан, математикага оид йўналишларда таълим олаётган талабалар ва тадқиқотчилар учун академик Т.А.Саримсоқов номидаги стипендия таъсис этилди.

    Шунингдек, “Академик Қори-­Ниёзий мероси” илмий-­методик маркази томонидан ёшларни рағбатлантириш мақсадида ўқувчилар ва талабалар ўртасида математика фан олимпиадалари, магистрантлар, докторантлар ва ёш олимлар учун турли танловлар ўтказиб келинмоқда. Бакалавриат ва магистратура талабалари учун “Академик Қори­-Ниёзий” стипендияси жорий қилинган.

    Ёшларнинг математика фанига қизиқишини ошириш мақсадида даврий равишда академиклар, профессор­ ўқитувчилар иштирокида “Уч авлод учрашуви”, “Устоз-­шогирд”, “Маҳорат дарслари” каби тадбирлар ҳам фаолиятимизда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

    Институтимизда Математика ўқитиш методикаси йўналишида ташкил этилган илмий Кенгаш илмий ишларнинг янада долзарб, оммабоп бўлиши учун зарур кўрсатмалар, тавсиялар бериб келадики, бу диссертациялар илмий даражаси, янгилигида ҳам намоён бўляпти. Танқидий ёндошувларимиз эса, келажакда саёз диссертациялардан чекланишга, математика таълими ривожига муносиб ҳисса қўшадиган илмий ишлар салмоғи ошишига хизмат қилади, деб ишонамиз.

    Институтимизнинг Наманган, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қорақалпоғистонда ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Хусусан, жорий йил 30-31 октябрь кунлари Урганч шаҳрида Европанинг Назарий ва амалий математика маркази — CIMPA ҳомийлигида ёш математиклар учун “Комплекс анализ, геометрия ва динамика” мавзусида икки ҳафталик мактаб­семинарнинг очилиш маросими ва халқаро конференция бўлиб ўтди. 4­-5 ноябрь кунлари эса, Математика институти Бухоро бўлинмаси томонидан ташкил қилинган “Дифференциал тенгламалар ва анализнинг турдош масалалари” илмий конференцияси ўтказилди. Бу тадбирларда мамлакатимиз ва хорижий давлатлардан соҳанинг етакчи олим ва мутахассислари, ёш тадқиқотчилари фаол иштирок этгани фаолиятимизга берилган ўзига хос баҳо бўлди, дейиш мумкин.

    Айнан юқорида келтириб ўтилган қарор билан Математика таълими бўйича ўқув-услубий материалларни мувофиқлаштириш лабораторияси ташкил этилган. Ходимларимиз Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мактаблар учун математика фани дарсликлари муҳокамадан ўтказилмоқда, зарур ва фойдали кўрсатмалар асосида янги таҳрирдаги дарсликлар ёзилиб чоп этилмоқда. Ушбу лаборатория ходимлари томонидан республиканинг барча халқ таълими соҳасида ҳудудий малака ошириш бўлинмаларидаги тингловчиларига турли маҳорат дарслари ўтказиб келинаётгани ҳам фаолиятимизнинг бир кўринишидир.

    Узлуксиз таълим тизимида математика фанларига оид барча ислоҳотлар, турли танловларни онлайн равишда ўтказувчи, соҳага оид замонавий адабиётлар ҳақида маълумот берувчи “Ўзбекистон математиклари” телеграм канали, Миллий математика онлайн платформалари фаолият юритмоқда.

    Бу каби ишлар, бир томондан, иқтидорли ёшларни қўллаб-­қувватласа, иккинчи томондан, илмий фаолиятга қобилияти бор ёшларни саралаб олиш имкониятини беради.

    Халқаро ҳамкорлик ва ютуқлар

    Республикамиз илм аҳли муаллифлигида хорижий давлатларнинг нуфузли журналларида чоп этилаётган илмий мақолалар салмоғи ортди. Шунингдек, олимларимиз хорижий илмий семинарларда ўз маърузалари билан қатнашиб келади. Фаолиятимиз мисолида айтадиган бўлсак, шогирдларим билан Бразилия давлатининг Сан-Паулу университетида бўлиб ўтадиган халқаро семинарда маъруза билан мунтазам иштирок этамиз. Профессор Ўткир Розиқов эса, 2021 йил 8 июль куни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технология соҳасини рағбатлантириш ва ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси COMSTECH томонидан ўтказилган халқаро семинарда маъруза қилди. Академикларимиз Ш.Алимов, А.Саъдуллаев, А.Аъзамов, профессорлар Р. Ашуров, Б.Омиров, Ф. Эшматов хорижий университетларнинг халқаро семинарларида ўз маърузалари билан иштирок этиб, хорижлик ҳамкасблар эътирофини қозонди.

    2021 йил апрель ойида Янги Жанубий Уэльс университети (Сидней, Австралия) профессори, Австралия Фанлар академияси аъзоси, Австралия математиклар жамияти ва Ханнан медаллар қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон Миллий университети битирувчиси, ватандошимиз Федор Сукочев иқтидорли талабалар, магистрантлар ва ёш олимлар учун онлайн маъруза ўқиди. Айни кунларда ҳам у юртимиз математиклари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.

    Маълумки, замонавий компьютер томографияси қурилмалари нафақат тиббиёт, шунингдек, саноатда ҳам фаол қўлланилмоқда. Табиий равишда бундай қурилмаларнинг дастурий таъминотини оптималлаштириш ҳам муҳим муаммолардан саналади. Бунинг учун шу дастурий таъминот асосида ётган Фурье алмаштиришлари, сингуляр ва регуляр интегралларни тақрибий ҳисоблаш учун оптимал квадратур ва интерполяцион формулалар ишлаб чиқилиши зарур. Бугунги кунда жаҳон миқёсида ушбу йўналишда фаол илмий изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, В.Романовский номидаги Математика институтининг Ҳисоблаш математикаси лабораторияси ходимлари ва Корея илғор фан ва технология институти лаборатория мудири профессор Чан Ок Ли билан ҳамкорликда “Компьютер томографиясининг 2 Д ва 3 Д тасвирларини қайта тиклаш учун оптимал алгоритмларни ишлаб чиқиш” номли фундаментал лойиҳа устида илмий изланишлар олиб бормоқда. Ҳамкорлик натижасида янги оптимал формулалар қурилиб, улар тасвирларни қайта тиклашда қўлланилди.

    Институтимизнинг дифференциал тенгламалар ва уларнинг татбиқлари лабораторияси АҚШдаги Нью Хавен университети профессори Собир Умаров билан бир неча йилдан бери фаол ҳамкорлик қилиб келади. Пандемия даврида С.Умаров Калифорниядаги Мерсед университети олимлари билан бирга “Короновируснинг одамлар орасида тарқалиш модели”ни тузиб, унинг тарқалиш тезлигини аввалдан айтиб берувчи дастур ишлаб чиқди. 2020 йил апрелдан бошлаб бу дастурнинг назарий қисмини ўрганишга лаборатория мудири Равшан Ашуров ҳам киришди. Бу икки олим дастурни ривожлантириш йўлида каср тартибли дифференциал тенгламалар назариясида очиқ турган бир неча муаммоларни ечишга муваффақ бўлишди. Кейинчалик бу йўналишда лабораторияда академик Ш. Алимов ўз шогирдлари билан бир қатор қизиқарли натижаларга эришиб, илмий янгиликларини нуфузли журналларда чоп эттирмоқда.

    Илм авлодлар халқасида ривожланади, мамлакат равнақига хизмат қилади. Шундай фаолиятимиз самараси ўлароқ қатор ёш олимларимиз “Эл-­юрт умиди” жамғармаси стипендиати бўлиб, хорижий давлатларда ўз билимини ошириб келаётир. Хусусан, Рустамжон Муродов АҚШнинг Флорида университетида, Баҳодиржон Тошпўлатов ва Акбар Сафаров Бельгиянинг Гент университетида, Бердах Нуржанов Беларус Республикаси Миллий Фанлар академияси Математика институтида илмий хизмат сафарларида бўлиб турибди.

    Энди баъзи халқаро даражадаги натижаларимиз ҳақида тўхталиб ўтсам.

    2021 йил 12­-17 март кунлари ўтказилган VI Халқаро Кавказ математика олимпиадасида Сардор Бозорбоев раҳбарлигидаги ўзбекистонлик ўқувчилар 4 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритгани ҳам мамлакатимиз илм­фани ютуқлари бизни жуда қувонтирди.

    Жорий йилнинг 14­-24 июль кунлари Россия Федерацияси томонидан ташкиллаштирилган энг нуфузли олимпиадалар сирасига кирувчи 62­Халқаро Математика олимпиадаси (IМО) ўтказилди. Математика институти ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда саралаб олинган ўқувчилар Математика институти етакчи илмий ходими, профессор Носир Ғанихўжаев раҳбарлигида институт олимлари ва хорижий олимлар томонидан тайёрланишди. Натижада олимпиадада Бухоро вилояти 5­ ИДУМ ўқувчиси Диёрбек Толипов кумуш медални, Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби ўқувчиси Олимжон Олимов бронза медални қўлга киритди. Шунингдек, Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби ўқувчиси Дониёр Исмоилов имтиёзли дипломга сазовор бўлди.

    2021 йил 2­8 август кунлари талабаларимиз IMC (International Mathematical Competition) — Халқаро математика олимпиадасида Математика институти кичик илмий ходими Беҳзод Қурбонбоев раҳбарлигида иштирок этиб, юқори натижаларга эришди. Талабаларимиз 5 та олтин, 6 та кумуш, 4 та бронза медаль ва 2 та фахрий ёрлиқни қўлга киритди.

    2021 йил 19 февраль куни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технология соҳасини рағбатлантириш ва ҳамкорлик бўйича доимий қўмитасининг (COMSTECH) тавсиясига кўра, Математика институти директори ўринбосари профессор Ўткир Розиқовнинг мақоласи “2019 йилда Математика соҳасидаги энг яхши мақола” сифатида эътироф этилди ва Покистон давлати Президенти томонидан тақдирланди.

    2021 йил 17 август куни Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) нинг йиғилишида Математика институти Наманган бўлинмаси мудири, физика­математика фанлари доктори Музаффар Раҳматуллаев Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS)нинг Ёш олимлар Кенгаши аъзоси (TWAS Young Affiliate) этиб сайланди.

    2021 йил 1 ноябрь куни Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS)нинг йиғилишида Ўзбекистон Миллий университети кафедра мудири ва В.И.Романовский номидаги Математика институти бош илмий ходими, физика­математика фанлари доктори, профессор Баҳром Омиров ва Математика институти етакчи илмий ходими, Бирлашган Араб Амирликлари университети профессори Фаррух Муҳамедов 2022 йил 1 январдан Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS)нинг аъзоси этиб сайланди. Шу билан Ўзбекистон математикларидан 4 нафари (Ш.Аюпов, У.Розиқов, Б.Омиров, Ф.Муҳамедов) — Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) академиги ва 4 нафари (К.Кудайбергенов, А.Худойбердиев, Э.Каримов, М.Раҳматуллаев) — TWAS’нинг ёш олимлар бўлими аъзолари сафидан ўрин олди.

    Жорий йил 19 октябрь санасида Elsevier нашриёти ва Stenford университети томонидан дунёнинг энг фаол (ТОП, 2 фоиз) олимлари рўйхати тузилди. Ушбу рўйхатда халқаро нуфузли журналларда чоп этилган мақолалари учун профессорлар Ў.Розиқов ва Ф.Муҳамедов борлиги бизни яна бир бор мамнун этди.

    Юқоридаги ютуқлар, математикларимизнинг халқаро даражада тан олинишини Президентимиз томонидан мамлакатимизда илм­-фанга берилаётган юксак эътибор натижаси, деб биламан. Бундай имкониятлар, эътирофлар ва хал қаро натижалар ёшларимизнинг илм­фанга бўлган қизиқишини янада орттириб, уларга катта мотивация бағишлашига ишонаман.

    Албатта, бу каби муваффақиятлар барчамизни мамнун этиш баробарида Ўзбекистон фанини янада юксакларга кўтариш, илм­-фанни ривожлантириш, янги авлодни тарбиялашда янада чуқур масъулият юклайди. Зотан, янги Ўзбекистонни бунёд этишдек юксак мақсад йўлидаги ислоҳотлар Ватанимиз равнақи ва жаҳондаги нуфузини янада оширишга ундайверади.

    Шавкат Аюпов,

    Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

    Математика институти директори,

    Ўзбекистон Қаҳрамони

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates