2024 йил Вашингтон университети профессори Майкл Франчетти ва Миллий археология маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Фарҳод Мақсудов раҳбарлигида Жиззахнинг Бахмал туманида Ўзбек – Америка қўшма экспедицияси натижасида Туғунбулоқ ёдгорлиги аниқланди. Улар биринчилардан бўлиб, Марказий Осиёда дрон LIDAR тадқиқотларини амалга оширган тадқиқотчилар ҳисобланади.
Бу тадқиқот натижасида улар Ўзбекистоннинг жануби-шарқида иккита янги археологик ёдгорликни аниқлади: Тошбулоқ ва Туғунбулоқ. Бу шаҳарлар 2000-3000 метр баландликда жойлашган бўлиб, милодий VIII-XI асрларга оид.
Туғунбулоқ ёдгорлиги "National Geographic" лойиҳаси томонидан қўллаб қувватланган бўлиб, ёдгорликни аниқлашда юқори аниқликдаги сунъий йўлдош тасвирлари, 3D моделлаштириш ва бошқа кўплаб замонавий технологиялардан фойдаланилди.
Топилмалар ва олинган ўрнакларга кўра, бу ёдгорликнинг юқори қатлами – Қорахонийлар даври, энг пастки қатлами эса Турк хоқонлиги даври дея тахмин қилинмоқда. Бу қўшма экспедицияда ўсимлик макроқолдиқлар (уруғлар), фитолитлар ва ёғоч кўмирлар билан ҳам тадқиқотлар олиб борилиб, қадимги қишлоқ хўжалиги, ўсимликларнинг маданийлашуви ва унинг ижтимоий ҳамда экологик ўзгаришларга таъсири ўрганилди.