Евробондларни Лондон биржасига жойлаштириш имкониятига эгамиз

    Баландлиги 100 метр бўлган тўғонни қуриш, одатда, 50 метрлик шундай иншоотни бунёд этишдан тўрт марта қимматга тушгани қайд этилади.

    Мамлакатимизда 430 та каттаю кичик дарёлар мавжуд. Уларнинг умумий узунлиги 12,7 минг километрни ташкил этади. Ана шу сув артеррияларига гидроэлектр станциялари қуриш орқали электр энергия қувватлари ҳосил қилиш муҳим масалалар сирасига киради.

    Германиянинг “Tractabel Engineering GmbH” компанияси томонидан мамлакатимизнинг гидроэнергетик салоҳияти ўрганилиб, умумий қуввати 676 МВтга тенг бўлган 80 та истиқболли лойиҳалар мавжудлиги аниқланган.

    Демак, соҳанинг келажак имкониятлари катта. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдуғани САНГИНОВ билан суҳбатда, энг аввало, бугунги кунда аҳоли хонадонларини чароғон этиш, ишлаб чиқарувчиларни узлуксиз электр энергия билан кафолатли таъминлашга қаратилган дастурларнинг моҳиятига қаратилди.

    — Авваллари сув дунёдаги энг арзон табиий ресурс ҳисобланган бўлса, эндиликда энг эҳтиёжманд ва қимматбаҳо неъматга айланиб боряпти, — деди Абдуғани Сангинов. — Кейинги йилларда сув товар сифатида халқаро хомашё биржаларида сотувга қўйилаётганлиги ҳам шундан далолат беради. Қолаверса, минтақамизда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йилдан-йилга тобора мураккаблашмоқда. Айни чоғда ундан ҳосил бўладиган электр энергиясига бўлган талаб ҳам ортяпти.

    2017 йилнинг май ойида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил этилган пайтда унинг таркибига 36 та гидроэлектр станциясидан иборат 15 та унитар корхона кирган. Ушбу ГЭСларнинг жами қуввати 1856 МВтга тенг бўлган.

    Давлатимиз раҳбари қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш дастурига асосан, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали 2026 йилга бориб гидроэлектр станцияларнинг умумий қувватини 1,7 баробарга ошириш лозим. Бунинг учун мамлакатимиз ҳудудларида 65 та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш, жумладан, 31 та мавжуд кичик гидроэлэктр станцияни модернизация қилиш ва табиий сув оқимлари ҳамда сув хўжалиги объектларида 34 та янги қувватни қуриш белгилаб берилди. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 3,4 миллиард АҚШ доллари миқдорида бўлиб, уларнинг 48 фоизи хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига ишга туширилади.

    Дунёдаги энг нуфузли тадқиқот марказларидан бири — Оксфорд университети (Буюк Британия)нинг бир гуруҳ етакчи олимлари сўнгги 70 йилда беш қитъа ва 65 мамлакатда қурилган 245 та йирик тўғонни таҳлил қилиб, ҳар тўрт лойиҳанинг учтасини барпо этиш жараёнида уларнинг қиймати қарийб икки баробар ортганини аниқлаган. Масалан, баландлиги 100 метр бўлган тўғонни қуриш, одатда, 50 метрлик шундай иншоотни бунёд этишдан тўрт марта қимматга тушгани қайд этилади.

    Шу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимизда кичик гидроэлектр станцияларни куришга асосий эътибор қаратилаётгани хорижий тажрибада ҳам ўзини оқлаётганини, биз тўғри йўлни танлаб олганимизни кўрсатади.

    Зеро, кичик гидроиншоотлар муқобил энергияни ривожлантиришнинг энг самарали йўналишларидан бири. Айниқса, олис масофадаги ва етиб бориши қийин, узатиш линияларини етказиш имконияти чекланган жойларда бундай электр станциялар жуда асқотади.

    Сув таъминотида йирик обиҳаёт манбалари билан бир қаторда кичик дарёларнинг ҳам ўрни муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда ишлатадиган жами дарё сув ресурсларининг 30 фоиздан ортиғи улар ҳиссасига тўғри келади. Мазкур “яшил энергия” манбаидан электр қуввати ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар қандай самара беряпти?

    — 2018 йилда Жиззах вилоятида Зомин сув омборида 200 кВт соат қувватга эга микроГЭС, 2019 йилда Туябўғиз сув омбори қошида ишга туширилган кичик ГЭС бу борада амалга оширилган дастлабки лойиҳалардан бўлди. Туябўғиз ГЭСи жуда қисқа фурсатда – ўн тўрт ой давомида қуриб битказилди. Илгарилари бундай станцияни барпо этиш учун камида уч йил вақт сарфланар эди. ГЭСнинг умумий қуввати 11,4 МВтга тенг бўлиб, ҳар бир жараён “ақлли” электрон қурилмалар томонидан бошқарилади.

    Шундан кейин кўп ўтмай Катта Фарғона каналида кичик ГЭСлар каскади ишга тушди. Бу лойиҳанинг умумий қиймати 31 миллион доллар, шундан 22,3 миллион доллари жамиятимиз маблағлари ҳисобидан, қолган қисми эса ХХРнинг “Эксимбанк”и томонидан молиялаштирилди. Ҳар бир агрегат 6 МВт қувватга эга бўлган бу каскад йилига 72,89 миллион кВт соат электр энергияси етказиб бериш имкониятига эга. Уларнинг турбиналари Хитойнинг “Dongfang Electric” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Таъкидлаш жоизки, ушбу компания маҳсулотлари дунёнинг ўнлаб мамлакатларида қўлланилади. Турбиналари ресурси 40 йилга мўлжалланган

    Яна бир лойиҳа — Поп тумани Оҳангарон дарёсидаги “Қамчиқ” кичик ГЭСи. 2017 йилда барпо этиш ишлари бошланган ушбу иншоотнинг ўртача қуввати 26,5 мВт бўлиб, йилига қарийб 80 миллион кВт электр энергияси ҳосл қилади. У мураккаблиги жиҳатидан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Бунинг учун тоғ бағридан узунлиги 3,7 километрлик босимли туннел қазилди. Кичик сув омбори ва ундан оқиб тушадиган обиҳаётни электрга айлантирадиган иншоот денгиз сатҳидан анча баландда барпо этишга тўғри келди. Туннелдан ҳар сонияда оқиб келадиган 33 куб метр сув тўртта агрегатни катта босим билан ҳаракатга келтиради ва электр энергияси аҳоли хонадонлари ва ижтимоий-иқтисодий объектлари сари йўлланади.

    Жорий йил мустақиллик байрами арафасида мазкур ҳудудда “Чортоқ микро ГЭС” лар каскади ҳам фойдаланишга топширилди. Унга ҳар бирининг қуввати 275 кВт бўлган 3 та агрегат ўрнатилди ва улар томонидан қарийб 3,11 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Умуман олганда, Наманган вилоятида қурилган учта кичик ГЭС 51 минг аҳолини узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

    Янгидан барпо этилган Сурхондарё вилоятининг Тўполон дарёсидаги Зарчоп ГЭСлар каскади, Тошкент вилоятидаги “Камолот” кичик ГЭСлари ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади.

    “Камолот” ГЭСининг ўзига хос томони, унга “капсула” усулидаги гидроагрегатлар ўрнатилган. Бу одатий усулдан фарқли равишда босимсиз сувдан ҳам қувват олиш имконини беради. Чунки, иншоотда гидроагрегатлар сувнинг оқими бўйлаб горизонтал жойлашган, бу эса, ўз навбатида, 50 йил давомида таъмирлашга ҳожат қолдирмайди. Бу усулдаги гидроагрегат нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда илк бора қўлланилмоқда.

    Маълумки, модернизация, деган французча сўз ўзбекчага ўгирилганда, энг янги, замонавий, деган маънони беради, модернизациялаш эса, бирор нарсани янгилаш, уни замонавий талабларга мувофиқ ўзгартириш, деган тушунчани англатади. Бу атаманинг иқтисодиётимиз луғатидан жой олганига анча бўлганига қарамай, гидротехника соҳасига кириб келганига эндигина тўрт йил бўляпти. Ўтган қисқа вақтда бу борада қандай ишлар амалга оширилди?

    — “ Ўзбекгидроэнерго" АЖ ташкил этилган пайтда унинг таркибидаги гидроэлектр станциясининг аксарияти ўз умрини ўтаб бўлган, эскини ямаб, эсинг кетади, деган қабилда ишлаб турган эди. Мисол учун Тошкент шаҳри яқинидаги “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги учинчи иншоотни олайлик. Қарийб 85 йилдан буён фаолият кўрсатаётган станциянинг 4 та агрегати ўз ишлаш қуввати самарадорлигини йўқотиб, тубдан таъмирга муҳтож бўлиб қолган эди.

    Ушбу объектни модернизация қилиш бўйича қабул қилинган тегишли қарорга кўра, 2017 йилнинг декабрь ойида қурилиш-монтаж ишлари бошланди. Икки ярим йил мобайнида бу ерда техник қурилмаларни йиғиш ва ўрнатиш, эҳтиёт қисмларни бутлаш юмушлари олиб борилди. Лойиҳалаш ишлари “Гидропроект” АЖнинг малакали мутахассислари томонидан амалга оширилди.

    2020 йилнинг июль ойи охирида модернизация ишлари якунланганидан сўнг, у замонавий талаблар асосида тубдан янгиланди. ГЭСнинг умумий қуввати 15,34 МВтга етказилди. Унинг йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичи 124 миллион кВт соатни ташкил этди.

    2017—2021 йиллар давомида “Шаҳрихон ГЭСлар каскади” унитар корхонасига қарашли 2 та қувват, “Қодирия ГЭСлар каскади” таркибидаги ГЭС-3, “Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади”нинг ГЭС-14 ва “Тошкент ГЭСлар каскади”даги ГЭС-9 сингари иншоотларда ҳам модернизациялаш ишлари муваффақиятли амалга оширилди. Пировардида уларнинг ишлаб чиқариш қуввати ошди, электротехник, гидромеханик ва гидротехник қурилмаларининг ишончли ишлаши таъминланди.

    — Кичик қувватли гидроиншоотлар билан бир қаторда йирик ГЭСларни модернизация қилиш ва янгиларини қуриш борасида қандай лойиҳалар устида иш кетяпти?

    — Фарҳод ГЭСининг қурилиши Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир даврида — 1943 йил 10 февралида оммавий ҳашар йўли билан қурилиши бошланган ва 1951 йилда тўлиқ ишга туширилган. Мазкур станция нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги энг йирик гидроиншоотлардан бири сифатида ўн минглаб аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондириб келди. Лекин ўтган 70 йил мобайнида технологик жиҳатдан эскириб, бугунги кун талабларига жавоб беролмай қолди.

    “Ўзбекгидроэнерго” АЖ 2017 йилнинг 12 декабрида Россиянинг “Силовие машини” компанияси билан “Фарҳод ГЭС модернизацияси” бўйича 69,7 миллион доллар қийматидаги шартномани имзолади ва бугунги кунда мазкур объектда сўнгги синов-созлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Лойиҳага мувофиқ, тўртта агрегат янгиланганидан кейин уларнинг қуввати аввалгига қараганда 13 МВт ортиб умумий 127 МВтга етказилади.

    Яна бир йирик, қиймати 798 миллион доллар бўлган стратегик аҳамиятга молик лойиҳа Пском ГЭСини қурилиш ишлари қизғин кетяпти. Унинг электр энергия ишлаб чиқариш салоҳияти 404 МВтни ташкил этади.
    Бу эса, соҳадаги йирик объектлардан бири бўлишини англатади. Ушбу ГЭС йилига 900 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. ГЭС қурилиши 2024 йилда якунланиши кўзда тутилган. Ҳисоб-китобларга кўра, унда ҳосил қилинадиган электр энергияси йилига 330 миллион куб метр табиий газ ёқилғиси иқтисод қилинишини таъминлайди, шу билан бирга, атмосферага катта ҳажмдаги зарарли моддаларнинг чиқишининг олди олинади.

    Пском ГЭС қурилиши натижасида, ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли турмуш шароитининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалишига замин яратилади.

    Хусусан, олтмишга яқин замонавий коттеж, 100 ўринли ётоқхона, мактаб, боғча, тижорат ва ижтимоий объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилади.

    Бунёдкорлик ишлари “Қуйи-Чотқол” ГЭСда ҳам қизғин тус олган. Унинг қуввати 76 МВтга тенг бўлиб, йиллик ўртача электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 282 миллион кВт соатни ташкил этади.

    “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан йирик ГЭСлар қуриш инвестиция лойиҳасига биноан, Тошкент вилоятида яна бир йирик Муллалак ГЭСи қурилиши режалаштирилмоқда. Мазкур йирик иншоотни лойиҳалаш ва қурилиш ишлари хорижий ҳамкорлар билан узвий ҳамкорликда йўлга қўйилмоқда.

    Амалга оширилган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, мамлакатимизда 2017 йилгача ГЭСлар 36 та бўлган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсатгич 49 тага етди.

    — Гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига биноан, яқин истиқболда яна қандай лойиҳаларни жорий этиш кўзда тутилган?

    Жамиятимиз ва “Гидролойиҳа” институти мутахассислари яқинда мамлакатимиз ҳудудларида микроГЭСлар қурилиши учун истиқболли ҳудудларда ўрганиш ишларини олиб борди. Унинг натижалари янги микроГЭСлар қурилиши учун Андижон, Қашқадарёда, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 14 та истиқболли сув оқими участкалари борлигини ва 19 та микроГЭС қуриш мумкинлигини кўрсатди.

    Осиё тараққиёт банкининг грант маблағлари ҳисобига жалб қилинган “Tractabel engineering gmbh” (Германия) компанияси томонидан республиканинг гидроэнергетик салоҳияти бўйича таклифларини ҳам инобатга олиб, асосий режага қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мўлжалланмоқда.

    Умуман олганда, 2022 йилда қуввати 931,2 МВтга тенг бўлган 15 та, 2023 йилда қуввати 1 002,2 МВтдан иборат 18 та янги инвестициявий лойиҳа устида иш олиб борилиши режалаштирилган.

    — Соҳанинг истиқбол салоҳияти трансформация жараёни билан узвий боғлиқ. Шундай экан, бу борада олиб борилаётган ишлар жамият келажак тараққиёти учун қандай имкониятлар эшигини очади?

    Жамиятимизни трансформация қилиш бўйича амалга оширилган ишларга келганда, кейинги уч йилда ҳисоб-китобни такомиллаштириш бўйича марказлашган 1С дастури, молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлари (IFRS) жорий этилганлиги бу борада янги йўллар очилишига замин ҳозирлади. 2020 йилда “PricewaterhouseCoopers” халқаро аудит ташкилотидан “ижобий” хулосаси олинди, Шунингдек, “Fitch Ratings” томонидан “В+” кредит рейтинги берилди.

    Мазкур рейтинг даражаси “Ўзбекгидроэнерго” АЖни жаҳон инвестиция бозорларига жозибадорлиги аниқ ва равшан бизнес стратегиясига, шаффоф молиявий ҳисоботларига ва корпоратив бошқарув тизимига эга биринчи ўзбек ишлаб чиқарувчи корхонаси сифатида танитди. Бу, ўз навбатида, ўз евробондларимизни Лондон фонд биржасига жойлаштириш имкониятини беради.

    Жамият ўз олдига “S&P Ratings” томонидан иккинчи халқаро кредит рейтинги олишни қўйган. Шу билан бирга, халқаро молия йўналишда “Green Certification” сертификатига эга бўлиш, “IRENA” билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, “Green Energy Program” дастурини жорий этиш, Марказий Осиёда биринчи бор “Green sukuk” исломий облигацияларни чиқариш имкониятларини ўрганишни вазифа қилиб олганмиз. “Икс-Холдинг” халқаро кўптармоқли IT-гуруҳи билан ҳамкорликда рақамли трансформация дастурини ишлаб чиқилди. “McKensey” халқаро консалтинг компаниясини жалб қилиш орқали соҳани трансформация қилиш ишлари давом эттирилади.

    Трансформация жараёнларининг амалга оширилиши ҳам пировардида истиқболли лойиҳаларнинг юртимиздаги юз минглаб хонадонларни чароғон этишига,, кенг аҳоли қатламларининг маиший эҳтиёжларини қондиришига, кўплаб бизнес ва тадбиркорлик субъектлари учун узлуксиз кафолотлти энергия қуввати билан таъминлашга, янги иш ўринларини кўпайишига хизмат қилади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири Абдурауф ҚОРЖОВОВ суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates