Европа Иттифоқи Кенгаши Россиядан газ импортини тўхтатиш режасини маъқуллади

    Европа Иттифоқи Кенгаши 2028 йил январигача Россиядан газ импортини босқичма-босқич тўхтатиш режасини маъқуллади, дейилади ташкилот баёнотида.

    “Бу [Россия газини етказиб беришни босқичма-босқич тўхтатиш] Европа Иттифоқининг таъминот хавфсизлигини таъминлаган ҳолда барқарор ва мустақил Европа энергия бозорини яратиш бўйича асосий мақсадга эришишга ёрдам беради”, дейилади баёнотда.

    ЕИ Кенгаши баёнотида таъкидланишича, Россия газининг импортига тўлиқ тақиқ 2028 йил 1 январдан кучга киради. Ўша вақтга келиб Европа Иттифоқи қувурлар ва суюлтирилган газ етказиб беришни босқичма-босқич тақиқлайди.

    Таклиф этилаётган режага кўра, Россия газини импорт қилиш тақиқи 2026 йил 1 январдан кучга киради, амалдаги шартномалар учун ўтиш даври амал қилади. Хусусан, 2025 йилнинг 17 июнига қадар тузилган қисқа муддатли шартномалар 2026 йил 17 июнгача, узоқ муддатли шартномалар эса 2028 йилнинг 1 январигача амал қилиши мумкин, дейилади ЕИ Кенгаши хабарида.

    Мавжуд шартномаларга ўзгартиришлар киритиш мумкин, аммо улар етказиб бериш ҳажмининг ошишига олиб келиши мумкин эмас, дея огоҳлантирди Европа Иттифоқи Кенгаши. Унда “таъминот йўлларидаги сўнгги ўзгаришлардан зарар кўрган денгизга чиқиш имкони бўлмаган аъзо давлатлар” учун истиснолар қилиниши мумкинлигига аниқлик киритилди. Буларга, хусусан, Венгрия ва Словакия киради, деб хабар беради Reuters. Низомга кўра, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар нефть ва газ етказиб беришни диверсификация қилиш бўйича миллий режалар, улар билан боғлиқ чора-тадбирлар ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни кўрсатиб беришлари керак.

    2025 йилнинг май ойида Еврокомиссия Россиядан нефть ва газдан воз кечиш режасини тақдим этди. “Йўл харитаси” “Россия энергия ташувчиларидан келишилган ва босқичма-босқич воз кечишни” кўзда тутади, бу “Европа Иттифоқининг энергетик ўтиш жараёнини тезлаштириш ва таъминотни диверсификация қилиш” билан бирга амалга оширилади. Режага кўра, ЕИ давлатлари 2027 йил охиригача Россия газини импорт қилишни бутунлай тўхтатмоқчи.

    15 октябрь куни бош вазир ўринбосари Александр Новак Россия гази Европа Иттифоқининг энергия таркибининг 19 фоизини ташкил этишини айтди. “Яъни, аввалроқ Россия гази Европа энергия комплексининг тахминан 44 фоизини ташкил қилган бўлса, бугунги кунда умумий импорт таркибида у тахминан 19 фоиз даражасида қолмоқда. Яъни икки баробарга қисқарди. Шунга қарамай, Россия газини етказиб бериш давом этмоқда”, деди Александр Новак. Унинг қўшимча қилишича, Россия мулоқотга очиқлигича қолмоқда ва агар сўралса, Европага газ етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёр, деб хабар берди expert.ru.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates