Украина ва Европа давлатлари расмийлари урушни тугатишга ёрдам берадиган 12 банддан иборат режа тайёрламоқда. Bloomberg агентлигининг 21 октябрь, сешанба куни аноним манбаларга таянган ҳолда хабар беришича, ушбу қоидалардан бири Россияга нисбатан санкцияларни бекор қилишни назарда тутади.
Киев Россияга нисбатан санкцияларни бекор қилишни маъқуллашга тайёр
Журналистларнинг сўзларига кўра, режа ўт очишни тўхтатиш, фронтда ҳар қандай олдинга силжишни тўхтатиш, депортация қилинган барча болаларни Украинага қайтариш ва асирларни алмашишни ўз ичига олади. Шундан сўнг, Украина хавфсизлик кафолатлари ва уруш етказилган зарарни қоплаш учун маблағлар, шунингдек, Европа Иттифоқига имкон қадар тезроқ қўшилиш имкониятига эга бўлиши керак.
Шунингдек, режада Россияга қарши санкциялар босқичма-босқич олиб ташланиши кўзда тутилган. Бироқ, Россия Федерацияси Марказий банкнинг тахминан 300 миллиард доллар музлатилган захиралари, агар у Украинанинг урушдан кейинги тикланишига ҳисса қўшишга рози бўлса, Москвага қайтарилади. Агар Россия яна Украинага ҳужум қилса, санксиялар қайта тикланиши мумкин, дейилади режада.
Босиб олинган ҳудудларни тан олиш истисно қилинади
Режада, шунингдек, Москва ва Киев Украинанинг босиб олинган ҳудудларини бошқариш бўйича музокараларга киришиши кўзда тутилган, ваҳоланки, на Европа, на Киев уларни Россия ҳудуди сифатида қонуний тан олмайди. Режанинг амалга оширилишини АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигидаги тинчлик кенгаши назорат қилиши кутилмоқда.
Bloomberg манбалари ҳозирда режанинг тафсилотлари якунланаётгани ва ўзгариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, деб хабар берди dw.com.








