Фарғона шаҳрида янги кўп қаватли уйлар қуриш учун нега рухсат берилмаслиги маълум қилинди

    Урбанизация 20 феврал 2021 2489

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4-5 февраль кунлари вилоятга қилган ташрифлари вилоятнинг ривожланиши, импорт-экспорт ҳажмини ошириш, шу билан бирга, фуқаролар учун барча шароитларни муҳайё этиш, ишсизларни иш билан банд этиш борасидаги кўрсатмалари вилоятни янада тараққий этишида юксак аҳамият касб этмоқда.

    Барчамизга маълумки, ташриф доираси Юртбошимиз кутилмаганда шаҳардаги «Шодиёна» маҳалласига кириб бордилар. Фуқаролар билан суҳбатлашиб, «маҳаллабай» ишлаш тизими жорий этилаётганини таъкидлаб, бу борада ўзлари шахсий намуна кўрсатдилар. Маҳалладаги ачинарли ва абгор ҳолатдаги манзараларни бартараф этилиши бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилган эди.

    Мазкур объектдаги ҳолатдан кейин Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров бошчилигида Фарғона шаҳрининг замонавий қиёфасини яратиш, кўчаларни таъмирлаш, ҳар бир маҳалладаги аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, ҳудудларни ободонлаштириш борасида тизимли ишлар ташкил этилиб, «маҳаллабай» ишлаш, юртдошларимиз турмуш шароитини ўрганиш ва шу асосда уларга муносиб турмуш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

    Вилоят ҳокими ҳамда шаҳардаги 4 та сектор раҳбарлари иштирокида ўтаётган сайёр қабулларда кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролардан кўп қаватли уйлар орасида янги қурилаётган бинолар аҳоли учун ноқулайликлар келтириб чиқараётганлиги, болалар очиқ ҳавода ўйнашлари, катталар ва кексалар учун сайр қилишга имконият қолмаётганлиги тўғрисида кўплаб мурожаатлар келиб тушди.

    Мазкур эътирозлардан келиб чиқиб, кўп қаватли уйлар орасида олиб борилаётган қурилиш ишлари қонуний ўрганиб чиқилиб, хулоса тақдим этилгунга қадар вақтинча тўхтатилади.

    Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозалар ва тортишувларга сабаб бўлганлиги барчамизга маълум.

    Бугун вилоят ҳокимлигида Фарғона вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Дилшоджон Ходжиахмедов, Фарғона шаҳар ҳокими Мирзоҳир Убайдуллаев ва Фарғона шаҳар прокурори Дилмурод Қобуловлар иштирокида журналист ва блогерлар учун брифинг ташкил этилиб, мазкур ҳолат юзасидан маълумот берилди.

    Фарғона шаҳар ҳокими Мирзоҳир Убайдуллаев таъкидлашича, шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ кўп қаватли уйлар орасида болаларни ўйнаши ва ўсмирларни спорт билан шуғулланишлари учун майдонлар, аҳолини дам олиши ва сайр қилиши учун кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар ташкил этилган бўлиб, янги қурилишлар натижасида айнан шу иншоотлар бузиб юборилган. Шунингдек, янги қурилишлар натижасида кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи муҳандислик коммуникация тармоқларига жиддий зарар етказилиши билан биргаликда, тармоқларни кучланиш билан ишлашига олиб келмоқда. Бу эса ичимлик суви қувурлари ёрилиб кетиши, канализация тармоқлари тиқилиб қолиши, электр энергиясидаги кучланишни пастлаб кетишига сабаб бўлмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 63-моддасида кўп квартирали уйлар атрофидаги ер участкалари, ушбу уйларнинг турар жойлари ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар уй-жой мулкдорларига доимий фойдаланиш учун берилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, Ер кодексининг 64-моддасида аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига майдонлар, кўчалар, йўлаклар, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар – дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, шунингдек, ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар кириши кўрсатиб ўтилган бўлиб, мазкур умумий фойдаланишдаги ерлар муайян юридик ва жисмоний шахсларга бириктириб қўйилмаслиги белгиланган.

    Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда бундан буён Фарғона шаҳридаги кўп қаватли турар-жойлар ўртасида янги кўп қаватли уйлар қуриш учун рухсат берилмаслиги, энди бошланган қурилишлар (пойдевор учун қазилган котлованлар) тўхтатилиши, қурилиши бошлаб юборилган объектларни қонунга мувофиқлигини кўриб чиққан ҳолда уларга бузиб ташланган болалар ҳамда спорт майдончаларини қайта тиклаш, кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 тупдан манзарали дарахтлар экилиши қайд этилди.

    Албатта, бу ишларни амалга оширишда тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказмасликка алоҳида эътибор қатилади. Шунинг учун қарорлар қабул қилинган, лекин қурилиши бошланмаган ҳамда эндигина қурилиш ишларини бошлаган (пойдевор учун котлован қазилган) тадбиркорларга Фарғона шаҳрининг Бош режаси ва Урбанизация дастурига кўра Нурафшон кўчасидаги «Мустақиллик» шаҳарчаси ва Аэропорт кўчасида жойлашган собиқ «Мотодром» ҳудудида бунёд этилаётган уй-жойлар комплекси ҳудудида қурилиш ишларини олиб боришлари мумкин.

    Фарғона шаҳар ҳудудига Фарғона туманидан қўшилаётган Фарғона халқаро аэропорти орқа томонида жойлашган 300 гектар ер майдонига Туркия ва Жанубий Корея давлатларининг лойиҳа институтлари томонидан янги шаҳар ичидаги шаҳарчанинг Бош режаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур ҳудуддан ҳам тадбиркорлар учун ер майдонлари ажратиб берилиши чоралари кўрилаётганлиги брифингда айтиб ўтилди.

    Шоҳсултон Тўхтаматов,

    журналист.

    Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates