Ярмарка учун «САМО» спорт мажмуасининг 2,8 минг квадрат/метр ёпиқ ва 1,7 минг квадрат/метр очиқ майдонларидан фойдаланилди. Тадбирда тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебель, нефть-газ, электротехника, қурилиш материаллари, фармацевтика каби соҳаларга ихтисослашган 1 800 дан зиёд Ўзбекистон корхоналари, ҳунармандлар, шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистондан тадбиркорлар қатнашди.
Иштирокчилар томонидан умумий овқатланиш корхоналари учун қурилмалар, лабораториялар ва тиббиёт учун мебель, сув насослари ва улар учун эҳтиёт қисмлар, сунъий (синтетик) тола, рентген тиббиёт ускуналари, бинолар фасад қисми учун қопламалар, табиий пардозбоп тошлар (агломерат), 3D форматдаги гиламлар, турли саноат фильтрлари, электроскутер, ақлли автоном мобил светофор, йирик ҳажмдаги камерали музлаткич, кўчма дўконлар, инкубаторлар каби 14 турдаги янги маҳсулотлар намойиш этилди.
Ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида B2B тарзида ташкил қилинган учрашув ва музокаралар Қирғизистон ва Тожикистондан ташриф буюрган 40 дан ортиқ ишбилармонлар билан ўзаро манфаатлар кесишадиган нуқталарни топишга имкон берди.
Ярмаркада кичик ва ўрта бизнесни давлат харидларига жалб этиш мақсадида мактабгача таълим, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва бошқа бюджет ташкилотларидан бюджет буюртмачиларининг вакиллари таклиф этилди.
Кўргазмага ташриф буюрувчилар учун Фарғона вилоят ҳокимлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, «Ўзелтехсаноат», «Ўзчармсаноат», «Ўзқурилишматериаллари» уюшмалари, «Ўзкимёсаноат» АЖ, «Навоиязот» АЖ, «Имкон пласт» МЧЖ, Технопарк МЧЖ (Пролайн), Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ҳамда ишлаб чиқаришда асосий тенденцияларни шакллантирувчи қатор компаниялар томонидан тегишли тармоқларнинг инвестициявий ва саноат салоҳияти, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, тадбиркорлар ва экспортчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.
Инвесторлар билан аниқ мавзуларда музокаралар олиб бориш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Фарғона вилоятининг табиий, инфратузилмавий ва бошқа устувор жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда 3,1 миллиард долларлик 240 истиқболли инвестициявий лойиҳа ишлаб чиқилди ва тақдим этилди.
Ярмарка якунлари бўйича Электрон кооперация портали орқали 272,4 миллиард сўмлик 779 та шартномалар тузилди, шундан ҳудудий корхоналар томонидан маҳсулот сотиб олиш бўйича 109,2 миллиард сўмлик 140 та, ҳамда маҳсулот етказиб беришга доир 257,2 миллиард сўмлик 648 та шартнома тузилди. Бундан ташқари, ярмарка давомида умумий қиймати 10916,67 миллион сўмга тенг бўлган 14 та ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.