Фарзанд ҳаққидан бўйин товламанг!

    Орамизда шундай оталар ҳам борки, улар фарзандини йиллаб қаровсиз қолдириб, табиий яшаш ҳуқуқига тўсқинлик қилиб келади.

    Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур экани белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлаши мақсад қилинган.

    Бу ижтимоий адолат принципларини таъминлайдиган норма, айниқса, фарзандларини ёлғиз боқишга қийналиб келаётган оналар учун айни муддао бўлди. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек орамизда шундай оталар ҳам борки, улар фарзандини йиллаб қаровсиз қолдириб, табиий яшаш ҳуқуқига тўсқинлик қилиб келади.

    Уларни қандай аташни ҳам билмай қоласан. Яқинда, яъни 9 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди шундай оталардан бирига ҳукм чиқарди.

    Маълум бўлишича, Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро С.Э. хотини билан ажрашгандан кейин бир нафар вояга етмаган фарзанди тақдирига умуман эътибор қаратмаган. Ҳатто ўз фарзанди таъминоти учун 3 йилдан ортиқ муддат мобайнида алимент пули ҳам тўламаган.

    Бу даврда вояга етмаган фарзанд ва унинг онаси моддий ёрдамга муҳтож бўлиб яшашга мажбур бўлган. Тўланиши керак бўлган алимент пули суммаси эса 14,5 миллион сўмга етган.

    Суд мажлисида ҳуқуқбузар С.Э. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келганини, оилавий шароити оғирлиги сабабли алимент қарзларини тўлашга имкони бўлмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўради.

    Маълумки, вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун алиментларни ўз вақтида тўламаган шахсларга 15 сутка қамоқ ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазолари бор эди. Эндиликда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ҳамда бу жазолар қаторига 120 соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш жазоси ҳам қўшилди.

    Шуларни инобатга олган ҳолда С.Э.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

    Эслатиб ўтамиз, Мажбурий ижро бюросига келиб тушаётган мурожаатларнинг ярмидан кўпи айнан алимент пули ундириш масаласида бўлмоқда. Бу нимадан дарак беради? С.Э. каби масъулиятсиз ва ўз фарзанди тақдирига бефарқ оталар борлигидан. Улар суд олдида бўйин эгиб туришади, камига “ишсизман, қийналиб қолдим, моддий аҳволим яхши эмас”, деб ёлғон нолишади ҳам.

    Бу билан ўзингизнинг келажагингизни ўзингиз йўққа чиқараётганингизни, бутун бошли авлодларингиз тақдирини ёмонлик сари ўзгартириб юбораётганингизни тушунинг, алимент пулини тўламай юрган оталар!

    Шерзод Юлдашев,

    Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates