Жаҳон банки коронавирус пандемиясининг (COVID-19) Ўзбекистон фуқароларининг саломатлиги ва фаровонлигига таъсирини юмшатиш бўйича фавқулодда чораларни қўллаб-қувватлаш учун 95 миллион доллар молиялаштириш дастурини тасдиқлади. Лойиҳа маблағлари миллий соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга, шунингдек, пандемия келтириб чиқарган иқтисодий инқироздан азият чеккан кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга сарфланади, деб хабар беради Молия вазирлиги матбуот хизмати.
— Жаҳон банкининг молиялаштириши халқаро ривожланиш бўйича ҳамкорлар коалицияси томонидан ташкил этилган аҳолини пандемия хавфидан ҳимоя қилишда ҳукуматга кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисми сифатида тақдим этилади, — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори. — Ҳукумат, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТнинг бошқа агентликлари, халқаро молиявий институтлар, шу қаторда Жаҳон банки гуруҳи, икки томонлама ёрдам агентликлари ва нодавлат ташкилотлар, шу жумладан Чегара билмас шифокорлар (МСФ) ушбу оғир вазиятда мамлакатни қўллаб-қувватлашда хайрихоҳлик билдиришмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида Жаҳон банки кўмаги билан коронавирус инфекциясининг олдини олиш, унинг профилактикаси ва тарқалишини назорат қилиш учун миллий соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга 38 миллион доллар сарфланади. Ушбу маблағлар шахсий ҳимоя воситаларини, дори-дармонларни ва ҳаётий зарур тиббий асбоб-ускуналарни, шу жумладан ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмаларини сотиб олишда, коронавирус билан касалланган беморларни даволайдиган шифохоналарни жиҳозлаш учун ҳам ишлатилади.
Лойиҳа бўйича 57 миллион доллар атрофидаги маблағлар кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ишсиз фуқароларга бир марталик тўловларни амалга ошириш бўйича давлат дастурларини кенгайтириш учун сарфланади.









