Финляндияда мактабгача таълим муассасалари 6 ойдан 6 ёшга бўлган болаларни қабул қилади. Ота-оналар хоҳишига кўра болалар 3 ёшгача оила даврасида қолиши мумкин, аммо аксарият ҳолларда ота-оналар меҳнат фаолияти билан банд бўлганлиги сабабли эрта ёшдан МТТларга фарзандларини беришади.
Боғчалар эрталаб 06:00дан 17:00гача фаолият кўрсатади, бундан ташқари Ювяскюля шаҳрида 7 кун давомида (1 ҳафта) ишлайдиган 1 та боғча фаолият кўрсатади. Болаларга рақамлар ва ҳарфлар ўргатилади, лекин ўқиш ва ёзиш МТТларда ўргатилмайди.
МТТларда ота-она ҳамда тарбиячи ўртасида узвий ҳамкорлик мавжуд. Ота-оналарга 1 ҳафта олдин болалар қандай машғулотлар билан шуғулланиши ҳамда қандай овқатлар истеъмол қилиши тўғрисида маълумот берилади. Ҳар бир боланинг токчасида ушбу ахборотлар ёзилган маълумотнома 1 ҳафта олдин илиб қўйилади.
Фин қонунчилигига кўра гуруҳда болалар сони 8 тадан 14 тагача бўлади. 3 ёшгача бўлган ҳар 4 нафар болага ҳамда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган ҳар 7 нафар болага 1 та тарбиячи ёки боғча ўқитувчиси жалб қилинади.
Боғча учун ойлик тўлов белгиланган бўлиб, у ота-онанинг ойлик даромадидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Бундан ташқари ҳар бир синф бурчагида эълон доскаси мавжуд. У ерда болалар томонидан кун давомида қилинган машғулотлар туширилган фото суратлар илиб қўйилади ва ота-оналар фарзандлари кун давомида нималар билан шуғулланганлигини билиб олишлари мумкин.
Мазкур боғчаларда ҳамшира ва шифокорлар йўқ, агар болаларнинг соғлиғида ўзгариш бўлса, ота-оналарга хабар берилади. Фарзандларини соғлиғи ёмонлашган ҳолларда ота-оналарининг бирига фарзандига ғамхўрлик қилиши учун ишдан рухсат берилади.
Болада ёшлигиданоқ навбатда туриш, атроф-муҳитга ғамхўрлик, уй хўжалиги, жамоа билан ишлаш кўникмалари шакллантириб борилади.