Фойдаланилмаган сайёҳлик салоҳияти

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 12 май сонида Ўзбекистон Миллий университети ректори Иномжон Мажидовнинг “Фойдаланилмаган сайёҳлик салоҳияти” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Шу йил 29 март куни давлатимиз раҳбари раислигида мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида сайёҳларни юртимизда кўпроқ вақт олиб қолиш учун қизиқарли дастурлар ва тарғибот етишмаётгани танқидий таҳлил қилинди. Бу борада кўмаклашиш учун 11 та олий таълим муассасасига 31 та туман ва 143 та туризм маҳалласи тарихи, ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойлари ҳақида маълумотлар мажмуини яратиш вазифаси берилди.

    Топшириқ олингани заҳоти ижросига киришилди. Ўзбекистон Миллий университетига бириктирилган Ховос, Фориш, Зомин, Арнасой туманларининг туризм объектлари тўғрисидаги маълумотни бойитиш мақсадида тўртта ишчи гуруҳ тузилди. Тегишли факультетлар деканлари раҳбарлигида тўртала туманга тарихчи, археолог, этнограф, географ, эколог ва иқтисодчилардан иборат гуруҳлар юборилди. Шунингдек, туманларнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш бўйича Жиззах ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимликлари билан ҳамкорликда “йўл хариталари” тасдиқланди.

    Президентимизнинг шу йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мазкур йўналишдаги вазифаларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб берилди. Зарур тавсия ва таклифлар асосида сайёҳликни ривожлантиришга доир энг қулай ва самарали механизмлар кўрсатилди. Университетимизга бириктирилган ҳудудларга чиқиб ўрганиш асносида Зоминда 11 та, Форишда 7 та, Арнасойда 2 та, Ховосда 5 та туризм объекти мавжудлиги қайд этилди.

    Айни пайтда бошқа янги объектларни ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Келгусида қилинадиган асосий ишлар олдимизда турибди. Жумладан, 4 тумандаги 21 та туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва туристик объектлари контенти яратилади. Табиийки, улар асосида камида 3 тилда маълумотлар электрон базаси шакллантирилади. Кейинчалик яна ўндан ортиқ хорижий тилга таржима қилинади. Туристик объектларнинг электрон харитаси ишлаб чиқилади.

    Энг муҳими, иқтисодиёт, тарих, геология, география, экология, журналистика ва хорижий тиллар йўналишларида ўқиётган талабаларнинг 1-2 ойлик амалиёти шу туманларда ташкил этилади. Бу билан назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга эришилади. Ёшлар олган билим ва кўникмаларини амалиётда қўллаш учун кенг майдон ва имкониятга эга бўлади. Туманлардаги туризм объектлари ва маданий ёдгорликлар ҳақида янги маълумотлар тўплаш осон иш эмас. Шунинг учун йил давомида этнография, археология, тарих, экология йўналишларида тадқиқот экспедициялари ташкил этилади.

    Ҳолва деган билан оғиз чучимаганидек, ҳудудлардаги туризм ва сервис объектлари ходимларининг малака ва тажрибасини оширмай, сифатли сайёҳлик хизмати кўрсатишга эришиб бўлмайди. Шу боис, мазкур йўналишда фаолият юритувчи мутахассислар учун ўқувлар ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Тегишли йўналишдаги талабаларнинг дипломолди амалиётини мазкур туристик объектларда ташкил этиш орқали ҳам муайян натижага эришилади. Қолаверса,

    ҳудудлардаги маҳаллий ёшлардан иқтидорлилари сараланиб, гидларни тайёрлаш бўйича масофавий ва онлайн курсларда ўқитилади. Яна бир муҳим ташаббус шуки, ўлкашунослик ва этнография бўйича ҳар йили талабалар форумини ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу йил Зоминда, келгуси йили Фориш, Арнасой туманларида шундай шукуҳли йиғинларни ўтказиш ниятидамиз. Бунинг самараси ўлароқ, ҳар бир туман бўйича тарихий, географик, экологик, археологик маълумотлар жамланган “Ўлкашунослик” номли тўплам тайёрланиб, нашр қилинади.

    Сайёҳларни жалб этиш бўйича ўзига хосликларига кўра, университетимизга бириктирилган ҳудудларда туризмни ривожлантиришга доир ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиб, босқичма-босқич амалга оширяпмиз. Чунончи Ховос туманида сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун, аввало, туристлар бориши мумкин бўлган барча объектларни бирлаштирувчи чизмали хариталар яратилади ва геолокацияси аниқланади. Албатта, барча туристик объектларнинг 3D форматидаги модели ишлаб чиқилади. Сўнг манзилларнинг биридан бош қасига бориш мумкин бўлган энг яқин маршрутлар белгиланади.

    Сайёҳлар боргандан кейин, табиийки, тураржой ва емакхонага ҳам эҳтиёж сезиши табиий. Шу боис, зиёратгоҳлар ҳудудидаги умумий овқатланиш жойлари ва меҳмонхоналар геолокацияси аниқлаштирилади. Қолаверса, тур операторлар билан биргаликда қулай пакетлар ишлаб чиқилади. Кўҳна Ховос шаҳри ҳудуди, Юсуф бобо ва Биби Хадича зиёратгоҳлари сингари фанга тўла маълум бўлмаган объектларда археологик изланишлар олиб бориш кўзда тутилган.

    Тарихий аҳамиятга эга деб баҳоланган тепалик ва ҳудудларда археология, этнология йўналишидаги мутахассислар изланиш олиб боради. Тадқиқотлар натижасида “Ховособод” МФЙ ҳудудидаги 10 гектар майдонда “Очиқ осмон остидаги музей” ташкил этилади. Зомин қозон патири, тандир гўшти, Жиззах оши, Бахмал олмаси, Гулистон анорини айнан Ховосда сотишни йўлга қўйиш ҳам сайёҳларнинг ҳудудга интилиши ва қизиқишини оширади, деб ўйлаймиз.

    Туристларни жалб этишда мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва консуллик идоралари ҳамда Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпанияси ёрдамидан фойдаланиш ҳам зарар қилмайди. Шу боис, уларга туристик объектларнинг янгиланган рўйхатини тақдим қилиш орқали кўзланган муддаога эришиш муддати тезлашади. Aрнaсойдa ҳам туризмни ривожлaнтириш бўйичa асосли тaклифлaр мавжуд.

    Жумладан, туманнинг Наврўз қишлоғи ҳудудига туташ “Айдар-Арнасой кўллар тизими” соҳилбўйи ҳудудидаги 22 минг гектар ерни Фориш туманидаги соҳил ҳудудидан Арнасой тумани ҳам унумли фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўларди. Соҳилбўйигача бўлган йўл таъмирланади. Электр, ичимлик сув тармоқлари ўтказилади. Тиббий хизмат, интернет, Wi-Fi зоналари, савдо ва бошқа инфраструктура объектлари ташкил этилади. 20-25 ўринли хостеллар, 5-6 кишилик ўтовлар, 10 кишилик контейнер уйлар, 100 ўринли “Кемпинг” дам олиш масканлари қурилади.

    Соҳилбўйида параплан ва делтапланда учиш, пляж футболи ва волейболи, вейкбординг спорт турларини йўлга қўйиш орқали ҳам сайёҳлар эътиборини тортиш имкони мавжуд. Қолаверса, агротуризм, ов туризми, отда сайр ва экотуризм, табобат туризми, гастрономик туризм, этнотуризм, шопинг туризми ва кўпкари каби ўзига хос йўналишларни ривожлантириш мумкин. Зомин туманини ярим муболаға, ярим чин қилиб, “Ўзбекистоннинг Швейцарияси”, дейишади. Бу бежиз эмас. Ҳудуднинг бебаҳо
    табиати, мусаффо иқлими, пурвиқор тоғларию кенг адирлари ҳар қандай сайёҳнинг баҳри дилини очиб, кайфиятини кескин кўтаради.

    Бироқ ҳудудга етиб бориш учун туристларга хизмат кўрсатувчи транспорт хизматини ривожлантириш зарурати мавжуд. Хусусан, Тошкент — Зомин, Самарқанд — Зомин, Жиззах — Зомин йўналишида сифатли қатновни йўлга қўйиш орқали сайёҳлар оқимини ошириш мумкин. Қолаверса, мeҳмонхоналарни “REGIONDO” дас турига киритиш, автомобилни ижарага бериш, қисқа рақамли такси хизмати ташкил этиш каби замонавий чора-тадбирларни қўллаш мақсадга мувофиқ. Ҳудуднинг табиий ландшафти экстремал туризмни жорий этиш имконини беради.

    Мисол учун, ойнали осма кўприк, “тaрзанкa”, мoтоспорт кабиларнинг ҳам ўзига яраша шинавандалари бор. Албатта, бу ягона имконият эмас. Туманда агроэтнографик туризм, жумладан, узумчилик, қулупнайчилик, боғдорчилик, қисқаси, қишлоқ хўжалиги туризми билан ҳам сайёҳларнинг эътиборини тортса бўлади. Шунингдек, Зомин миллий боғи, Бобоёнғоқ, Зомин шаршараси, Минг ёшли арча, Тоғтерак ота, Хўжайи сероб ота, Оқтепа археологик ёдгорлиги, Кўк тўнли ота, Тўрткўлтепа археологик ёдгорлиги, Пешағор қадамжоси, Миқ қалъаси каби кўплаб тарихий қадамжо ва зиёратгоҳлар борки, уларнинг инфраструктурасини ривожлантириб, ҳар қандай таъби нозик туристнинг кўнглига йўл топиш мумкин.

    Форишда туризмни ривожлантириш имкониятлари ўзига хос. Аввало, тиббиёт ва зиёрат туризмини йўлга қўйиш учун етарли шароит яратса бўлади. Жумладан, Айдаркўл-Тузкон кўли бўйидаги турбаза негизида “Тузкон” соғломлаштириш санаторийсининг ташкил этилиши шифоталаб меҳмонлар учун яхшигина имконият. Шунингдек, худди Зоминдаги каби бу ерда ҳам экстремал экотуризмни йўлга қўйиш, хусусан, “Осмонсой” МФЙ ҳудудидаги тоғларда саёҳат ва альпинизм туризмини ривожлантириш мумкин.

    Тумандаги “Дўстлик”, “Ўхум”, “Сайёд”, “Учқулоч” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида бутун бошли туризм маҳаллаларини барпо этиш орқали кўп сонли аҳолини иш билан таъминлаш имконияти мавжуд. Маҳаллий гидлар кўмагида сайёҳлар ҳудуддаги Хўжа боғбон ота, Ҳазрати эшон халифа ва Ҳазрати Зайнулобиддин қадамжоларини зиёрат қилади. Можрум (Македонский) арчаси, тош қўрғонлари, Сайёд тошбитиклари, Учқулоч туз конини кўриб завқланади. Қолаверса, Марказий Осиёдаги энг биринчи Хонбанди сув тўғони, туманнинг хушманзара, бой флора ва фаунаси туристлар эътиборини тортади.

    Айниқса, Сафар ота, Ўхум, Можрум қишлоқларидаги ноёб ландшафт, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини кузатиш постлари, Нурота қўриқхонаси хизмати, пикник ҳудуди, спорт тадбирлари, гастрономик туризм, узумчилик, ёввойи зира терими юртдошларимиз учун ҳам, чет элликлар учун ҳам бир умр эсда қоларли таассурот туҳфа этади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates