Фрилансерлик — онлайн бозордаги мустақил иш, мўмай даромад

    Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда жаҳонда 1 миллиарддан ортиқ фрилансер фаолият олиб боради.

    Замонавий касблар орасида дастурчи, IT мутахассиси, умуман, интернет орқали турли хизматларни кўрсатиш тез оммалашиб боряпти. Айниқса, ахборот технологияларидан кенг фойдалана оладиган кўплаб ёшлар уйида ўтирган ҳолда дастурлаш, таржимонлик, реклама, репетиторлик ва бошқа хизматларни онлайн амалга ошириб, яхшигина даромад топяпти. Ҳозирги вақтда “freelancer” деб аталаётган ушбу фаолият тури вакиллари сони кун сайин ортиб бормоқда. Ҳатто, хориж нашрлари 2030 йилга бориб, биргина фрилансерлар глобал ишчи кучининг 80 фоизини ташкил этишини башорат қиляпти.

    Мамлакатимизда фрилансерлар ўзини ўзи банд қилган инсонлар қаторига киритилади. Интернет орқали мижозларга ўз маҳсулоти ёки хизматларини таклиф этиш эвазига даромад топиш уларнинг асосий йўналиши. Яъни, фрилансер деганда, мустақил ходим, эркин ишчи, асосан бир марталик ёки мавсумий ишларни бажариш учун ёлланувчи, буюртма асосида қайсидир иш ёки хизматни муайян ҳақ эвазига келишилган вақт давомида амалга ошириб берувчи инсон тушунилади.

    Қизиғи, ўрта асрларда “ёлланма жангчи”ларни фрилансер, деб аташган. Бу кўпроқ уларнинг маълум ҳақ эвазига, маълум вақт оралиғида берилган вазифаларни бажаргани билан боғлиқ. Ҳозир ҳам фрилансерлар мусақил ишловчи соҳа вакиллари саналади. Улар норасмий равишда фаолият юритишади ва ўз хизматларига харидорларни ўзлари излаб топишади ёки буюртмачилар таклифига кўра иш қилишади. Уларнинг асосий “қуроли” эса билим ва IT технологияларидир.

    Юртимиз шароитида IT соҳаси ва фрилансерлик фаолияти яқин йилларда кириб келганига қарамай, тез ривожланяпти. Ёшлар орасида бу соҳани яхшигина уддалаб, даромад топаётганлар талайгина. Уларнинг фаолияти учун шароитлар ҳам яратиб бериляпти. Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шу турдаги фаолият учун қатор имтиёз ва ҳуқуқлар мавжуд. Қолаверса, Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиёт ҳажмини 2,5 баробар кўпайтириб, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 500 миллион долларга етказиш белгиланган. Замонавий соҳалар ривожи эса рақамли иқтисодиётнинг асосий қисми саналади.

    Буюртмачи кўп, аммо...

    Фрилансерлик фаолияти қатор қулайликларга эга. Аввало, фрилансерлар иш берувчиларнинг доимий ишчи ходимлари саналмайди, улар бир марталик вазифаларни бажаради, эвазига келишилган маблағни олади. Буюртмачи билан масофадан туриб, кўп ҳолларда ижтимоий тармоқлар орқали боғланилади. Ушбу фаолият туридаги мустақиллик, эркин иш шакли, уйда ишлаш имконияти, фақат ўзи учун ажратилган ишни бажариш, қизиқ бўлмаган, ноқулай лойиҳалардан бош тортиш ҳамда яхши даромад кўпчиликни ўзига жалб қилади. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда жаҳонда 1 миллиарддан ортиқ фрилансер фаолият олиб боради. Уларнинг 86 фоизи ўз уйидан туриб ишлайди. 60 фоиздан ортиғи икки ёки учта соҳага ихтисослашган.

    “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” давлат муассасаси томонидан Ўзбекистондаги фрилансерлик бозори таҳлил қилинганида, 5000 нафардан ортиқ юртимиз фуқаролари “upwork” платформасида фрилансерлик фаолиятини олиб бориш учун рўйхатдан ўтгани аниқланди. Аммо буни юқори кўрсаткич дейиш қийин. Боиси, рўйхатдан ўтганларнинг атиги 13 фоизи фаол фуқаролар экани қайд этилган. Бу мамлакатимиздаги фрилансерларнинг ҳали хориж майдонига чиқишга тажрибаси етарли эмаслигини кўрсатади. Чунки фрилансердан аввало, билим, ўз ишига пухталик ва масъулият талаб этилади. Жараёнда тил билиш масаласи ҳам муҳим.

    “Upwork” фрилансерлар сони бўйича катта платформалардан бири бўлиб, унда дунё бўйича 17 миллиондан ортиқ фрилансер фаолият юритади. Калифорния штатида жойлашган мазкур платформанинг асосий вазифаси ишловчи ва иш берувчи ўртасида даллоллик вазифасини ўташдан иборат. Дейлик, сиз фрилансерлик фаолияти билан шуғулланишни истаб қолдингиз ва интернет орқали upwork сайтида ўзингиз учун платформа яратмоқчи бўлдингиз. Бунинг учун, аввало, рўйхатдан ўтишингиз ва ихтисосликни белгилашингиз лозим бўлади. Қатор имтихонлардан ўтгачгина, иш қидириш платформасини ярата оласиз. Бу платформада иш берувчилар кўп бўлгани билан, уларнинг сифатга нисбатан талаблари ҳам юқори бўлади. Бу талабларни бажаришни эса ҳамма фрилансерлар ҳам уддалай олмайди.

    Ўзбекистонлик фрилансерлар “upwork” платформасида асосан фото ва видеомонтаж, таржимонлик, маълумотлар таҳлили, дизайнерлик соҳаларида ўз фаолиятларини олиб бормоқда. Улар орасида асосий даромад келтирувчи соҳа эса дастурлашдир.

    “Fiverr” платформаси ҳам буюртмачи ва фрилансерлари сони бўйича юқори рейтингларда туради. Платформада умумий 7 миллионга яқин фрилансер рўйхатдан ўтган. Улар орасида минг нафарга яқин ўзбекистонлик ҳам бор. Юртдошларимиз ушбу платформада асосан дизайн йўналишида буюртмалар қабул қилади. Таҳлилларга кўра, платформада ўзбекистонлик фрилансерлар энг камида 5 минг доллар даромад топади.

    Миллий платформалар зарур

    Бугун ёшларни ушбу соҳага кўпроқ замонавий технологияларга бўлган қизиқиши етаклаётганига гувоҳ бўламиз. Улар интернет тармоқлари ва дастурий хизматларни яхши билади, етарли билим ва хорижий тилларда гаплашиш кўникмасига эга, мижозларга ўз хизматларини таклиф эта олади, демак, бу йўналишда яхшигина даромад ҳам топа олади.

    — Ўзбекистонда ҳам малакали, катта даромадга эга бўлаётган фрилансерлар кўпайиб бормоқда, — дейди “TechCells”, “IT stars” лойиҳаларининг асосчиси Зафарбек Иброҳимов. — Соҳада иш бошлаганимга 14 йилдан ошди. Аввалги давр билан ҳозирги вақтни солиштирсам, катта фарқ кўзга ташланади. Биз энди иш бошлаган вақтларда кўпчилик IT, дастурлаш, фрилансерликдан даромад топиш у ёқда турсин, ҳатто, бу сўзларнинг моҳиятини тушунмасди. Ҳозир эса, аксинча. Интернет тармоқлари шу даражада ривожландики, замонавий соҳаларда ишлаб, ўзини ўзи банд қилиш ёки бу ишдан қўшимча маблағ топиш одатий ҳолга айланди. Айниқса, ёшлар орасида замонавий соҳалар бўйича билимларни эгаллашга қизиқишнинг юқори экани қувонарли ҳол.

    Зафарбек Иброҳимов “Upwork” платформасида фаолият юритаётган етакчи мутахассислардан бири. Унинг фикрича, мамлакатимизда ҳам “upwork” ёки “work-zilla”га ўхшаш миллий фрилансерлик платформаларининг ишга туширилиши нафақат аҳолининг иш билан биндлигини оширади, балки давлат бюджетига ҳам миллиардлаб фойда келтиради.

    Чиндан, мамлакатимизда фрилансерлик фаолиятини тизимли йўлга қўйиш орқали ишсиз аҳолининг катта қисмининг бандлигини таъминлаш мумкин. Бунинг учун олдимизда амалга оширилиши лозим бўлган қатор ишлар турибди. Бу борада бир қанча таклифларни келтириш ўринли бўлади.

    Аввало, “Upwork” ва “Fiverr” каби халқаро платформалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, юртдошларимизнинг ушбу тизимларда фаолият юритиш имкониятларини оширишга эришишимиз лозим. Боиси, миллий интернет тармоғида фрилансерлар учун талаб қанчалик юқори бўлмасин, хориж платформалари янада кўпроқ буюртмачи ва катта даромад таклиф эта олади.

    Бу бевосита халқаро тажрибани ўрганишга ҳам йўл очади. Фрилансерлик фаолияти ҳисоботи ҳамда статистик маълумотларни шакллантириш, фрилансерларнинг танланма кузатувини ўтказишда мана шу тажриба асқотади. Албатта, бу борадаги ишлар Давлат статистика қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилади.

    Юртимиздаги барча ҳудудларда IT парк, маҳаллаларда фрилансерлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ёшлар учун инглиз тили ҳамда компьютер курсларини ташкил этиш ҳам муҳим вазифалардан бири. Соҳага қизиқувчиларни аниқлашда эса юртимизда жорий этилган янги ва самарали “маҳаллабай” тизими муҳим ўрин тутади.

    Яна бир жиҳат, соҳага нафақат йигитлар ва ёшлар, балки хотин-қизларни ҳам кенгроқ жалб этишни даврнинг ўзи тақазо этмоқда. Одатда IT соҳаси ва фрилансерлик ҳақида гап кетганда, кўпчилик уни ёшлар билан боғлайди. Бинобарин, ҳудудларда аҳоли, хусусан, хотин-қизларга ўз қизиқишлари ҳамда имкониятларидан келиб чиқиб, фрилансерлик фаолиятини ўргатадиган тизимли мономарказлар, ўқув курслари ташкил этишнинг даври келди.

    Ҳудудларда ўзбекистонлик “Fiverr’s choice”, “Top rated” ёки “Top rated plus” рейтингли фрилансерлар билан учрашувлар, семинарлар, улар иштирокида дарс машғулотлари ва видеодарсликлар тайёрлашни ташкиллаштириш ҳам соҳани оммалаштиришнинг замонавий шаклларидан ҳисобланади. Ахир, юртимизда устоз-шогирд анъанаси доим ўзини оқлаган. Ишсиз, кам таъминланган ёшларни тажрибали фрилансерлар шогирдликка олиб, йўл-йўриқ кўрсатса, битта бўлса ҳам инсоннинг бандлиги таъминланиб, оиласига даромад қиради.

    Қолаверса, фрилансерлик фаолияти билан шуғулланувчилар учун мамлакатимизда қатор имконият ва имтиёзлар мавжуд. Бу имкониятларни янада кенгайтириш фрилансерлар сонининг ортиши, юртимизда бу борада ўзига хос мактаб яратилиши, одамларнинг замонавий соҳа ортидан оила тебратишига хизмат қилади.

    Амирбек НИЯЗМУРАДОВ,

    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги

    “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” давлат муассасаси бўлим бошлиғи

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 28.07.22, 152-сонида эълон қилинган)

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates