Фуқаролар йиғинлари раислари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга доир тадбирлар режалари тасдиқланди

    Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълум қилди.

    Айни кунларда мамлакатимизда жорий йилнинг май-июнь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга доир ишлар бошланди. Маълумки, маҳалла институти ўзини ўзи бошқариш органи сифатида маълум бир ҳудуддаги ижтимоий-сиёсий, маданий, диний ва бошқа масалаларда мустақил иш олиб борувчи ижтимоий тузилмадир. Бугунги кун ҳолатига кўра мамлакатимизда 9 минг 349 та фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, уларнинг 41 таси шаҳарча фуқаролар йиғини; 73 таси қишлоқ фуқаролар йиғини; 165 таси овул фуқаролар йиғини; 9 070 таси маҳалла фуқаролар йиғинларидир.

    Жумладан, 4 та маҳалла жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади, 580 та фуқаролар йиғинлари юртимизнинг қўшни мамлакатлар билан чегара ва анклав ҳудудларида жойлашган.

    Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ҳар бир фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳалла, қишлоқ, овул ва шаҳарча фуқаролар йиғинларида фуқаролар йиғини раиси сайланади.

    Мазкур Қонунга мувофиқ, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади.

    Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиши мумкин эмас.

    Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади. Мазкур сайловни ташкил этиш ва ўтказиш очиқлик ҳамда шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади. Фуқаролар йиғини раисини сайлашда фуқаролар йиғинининг ёки фуқаролар вакиллари йиғилишининг ҳар бир иштирокчиси бир овозга эга бўлади. Фуқаролар йиғини раиси сайлови ушбу лавозимга икки ва ундан кўп номзод кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.

    Қонунга мувофиқ, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Давлат органлари фуқаролар йиғинларига кўмаклашиш, зарур ҳолларда уларни бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаши белгиланган.

    Шунингдек, мазкур ҳужжатда фуқаролар йиғини раиси сайлови, сайловга тайёргарлик тадбирларини ўтказиш муддатлари ва тартиби сайлов бошланишидан камида икки ой олдин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши томонидан белгиланиши қайд этилган.

    Жорий йилнинг 16 март куни Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг тегишли буйруғи ижрога қаратилиб, унга кўра сайловга оид маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, оммавий ахборот воситалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Ишчи гуруҳлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар Кенгашларининг қарорлари билан 221 та кўмаклашувчи комиссиялари тузилиб, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга доир тадбирлар режалари тасдиқланди.

    Комиссиялар таркибларига қатор идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари, депутатлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қамраб олинди. Ҳозирги кунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қатор ишларни амалга оширилмоқда. Жумладан,

    🔹 фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир услубий тавсиялар, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига доир намунавий ҳужжатлар тўплами;

    🔹 ҳудудларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бўйича 100 саволга 100 жавоб тўплами;

    🔹 “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби бўйича инфографикалар тайёрланди.

    Шунингдек, маҳалла кесимида сайлов ёшига тўлган фуқароларнинг рўйхати ҳамда сайлов ўтказиладиган манзил ва объектларнинг рўйхати шакллантирилди. Қонунчиликка мувофиқ, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан ишчи гуруҳ тузилади.

    Ишчи гуруҳ таркибига, фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек, тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг депутати киритилади. Мазкур Ишчи гуруҳлар фуқаролар йиғини ёки фуқаролар вакилларининг йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилайди ҳамда уни ўтказишдан камида 5 кун олдин бу ҳақда тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилади. Шунингдек, тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар бўйича таклифларни тайёрлайди.

    Демак, Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ташкил этилаётганда ҳамда ўтказилаётганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар ҳақида, овоз бериш якунлари тўғрисида хабардор қилинади.

    Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар йиғини ёки фуқаролар вакилларининг йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборот Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тегишли расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилади.

    Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси, қоида тариқасида олий маълумотли, бевосита сайловга қадар камида 5 йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

    Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланиш учун номзод сифатида кўрсатилмайди.

    Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қонунчиликда белгиланган тартибда чақирилади ва ўтказилади. Бунда фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши керак.

    Ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини маҳаллалар миқёсида тушунтириш ишлари бошланган. Жорий йил 7 апрель куни якунларига кўра аҳоли ўртасида 7 минг 94 та тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, жами 1 миллион 497 минг 513 нафар аҳоли вакиллари қамраб олинди.