Кенгаш аъзолари 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини муҳокама қилдилар.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мазкур Дастур ижроси бўйича тегишли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, аёллар малакасини ошириш мақсадида олима хотин-қизлар иштирокида “PhD сари қадам” мавзусида ўқув курси, “Келажак: илмли қизлар ҳамжамияти” таълим-алмашинув дастури йўлга қўйилган.
Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалалари бўйича раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакавий салоҳиятини кучайтириш бўйича ўқув курслари жорий этилган.
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари томонидан меҳнат жамоаларида зўравонлик турлари ва уларнинг олдини олиш бўйича
қисқа муддатли семинар-тренинг ташкил этилиб, 2 мингдан зиёд иштирокчи қамраб олинган.
Мажлисда сенаторлар томонидан Гендер тенгликка эришиш стратегияси доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашдаги камчиликлар танқидий муҳокама этилди.
Хусусан, зўравонлик содир этган шахсларнинг хулқ-атворини ўзгартириш бўйича реабилитация тадбирларини ўз ичига олган махсус дастур ишлаб чиқиш вазифаси ўз якунига етказилмаганлиги қайд этилди.
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашига номзодлар юзасидан эълон қилинган танловларга Миллий кадрлар захирасидаги хотин-қизларнинг номзодларини жалб қилишга етарлича эътибор қаратилмаганлиги танқид қилинди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларида, ҳудудлардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича маслаҳат кенгаши органлари фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Кенгаш мутасадди идора ва ташкилотларни 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини
2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури доирасидаги вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилиши масалаларига масъулият билан ёндашишга чақирди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Муҳокамалардан сўнг мазкур масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.