Генетика ва селекция ютуқлари

    Мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида қишлоқ хўжалиги ва унинг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланган пахтачиликнинг ўрни беқиёс. Ушбу соҳада ривожланишнинг истиқболи кўп жиҳатдан ғўза генетикаси, селекцияси ва уруғчилигида эришилган фан ютуқларига боғлиқ.

    Ҳозирги кундаги долзарб масала селекцион тармоқнинг уруғчиликка бўлган муносабати ва унинг энг замонавий услубларини қўллаш йўли билан интенсив хусусиятли навлар яратишнинг вужудга келган яхлит тизимини изчил такомиллаштириб боришдир.

    Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти Клейстогам генетикаси лабораториясида давом эттирилаётган хазмогам (очиқ) ва клейстогам (ёпиқ) гул белгилари генетикаси, селекцияси ва уруғчилик ишлари ноанъанавий усулларга асосланган, мутлақ янги йўналишга қаратилган бўлиб, муайян генетик қонуниятлар механизми яратилишида катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу ижодий механизм бу борадаги йўналишнинг фанда маълум бўлмаган жиҳатларини аниқлаб, генетик қонуниятлар механизмини амалий селекцияда қўллаш йўли билан интенсив хусусиятли навлар яратишнинг мукаммал ҳолатдаги оддий, аммо барқарор генетик усуллари ишлаб чиқилишига олиб келди. Шу тариқа генетик тараққиётнинг маҳсули сифатида гул белгиларига асосланган янги селекцион йўналишнинг пойдевори сифатида фанда генетик йўналишнинг барқарор ҳолати билан боғлиқ бўлган, ёпиқ гул белгисига эга ингичка ва ўрта толали навлар турига мансуб тизмалар — генколлекцияларга асос солинди.

    Улардан чатиштириш йўли билан очиқ ва ёпиқ гулли, интенсив хусусиятли оилаларни ажратиб олиш имконияти юзага келди. Ажратиб олинган ушбу оилалар ва тизмалардан қисқа вақт ичида ғўзанинг ёпиқ гул хусусиятига эга бўлган, тезпишар, серҳосил, барги табиий тўкиладиган ингичка толалиларга мансуб, жаҳонда ўхшаши йўқ “Ижод”, “Наво” ва “Клейстогам-1” навлари яратилди.

    Тур доирасидаги асосий биологик жараёнларни амалга оширувчи очиқ гул белгиси ўрта толали пахтачилик билан шуғулланувчи мамлакатлар тадқиқотларида муҳим ўрин тутади. Демак, бу белги очиқ гулли генетик ҳолатлар учун барқарор хусусиятга эга бўлиб, жаҳон пахтачилигининг асосини ташкил этади.

    Бироқ очиқ гуллилар ўз моҳияти жиҳатидан четдан чангланиш хусусиятига эга. Бу ҳолат ирсий ўзгарувчанлик қаторида содир бўлгани туфайли уларнинг навдорлик даражасига четдан чангланиш ҳисобида путур етказувчи генлар фаолиятига боғлиқ бўлади. Бу эса, танлаш жараёнида ирсий ўзгарувчанлик туфайли содир бўладиган биологик ифлосланишга олиб келади. Биологик ифлосланиш жараёни содир бўлмаслигига, ўсимликларни соф ҳолда сақлашга мутлақ янги услубларни қўллаш асосида уларни чегаралаш (ўз-ўзини чанглаш) йўли билан эришиш мумкин.

    Эслатиб ўтиш жоизки, чатиштиришлар асосидаги очиқ гул белгиси генетик нишонли бўлиб, ёпиқ гул белгисини биринчи авлодда юзага чиқармайди, яъни барқарор хусусиятга эга бўлади.

    Очиқ гул белгиси ирсият ва ўзгарувчанлик туфайли четдан чангланиш ҳисобига ўсимликни янги белги ва хусусиятлар билан тўлдирса (навнинг софлик даражасига путур етказади ва ифлосланишига олиб келади), ёпиқ (клейстогам) гул белгиси ирсиятнинг мавжуд асосини бир хил генетик ҳолатда сақлаш имкониятини беради. Демак, генетик ва селекцион муаммоларни ўрганишда очиқ ва ёпиқ гул белгиларини, аввало, уларнинг генетикасини ўрганиш йўли билан амалий селекцияга қўллаш орқали бир қатор муаммоларни ижобий ҳал қилишнинг моддий асоси яратилиб, нусхалар, тизмалар, генколлекциялар ва интенсив хусусиятли навлар ҳосил қилишга асос бўлади. Тадқиқотлар натижасида яратилган ғўзанинг “Юксалиш” навининг қимматли хўжалик белгилари шуки, унинг тола чиқими 44,5-45,5 фоиз, тола узунлиги 35-36 мм, солиштирма ҳосилдорлиги гектаридан 42-45 центнерни ташкил этади.

    Хулоса ўрнида айтиш жоизки, олимларимиз зиммасида, аввало, халқимиз манфаати ҳамда дунё бозори талабларига жавоб берадиган ғўза навларини яратиш ва уларни амалиётга тўлиқ жорий этишдек улкан вазифа турибди. Бунда “Уруғчилик қонуниятлари тўғрисида”ги ва “Селекция жараёнининг ютуқлари тўғрисида”ги қонунлар дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

    Тилов МУҲИДДИНОВ,

    генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти

    лаборатория мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates