Геология – иқтисодиётимизнинг асосий пойдевори

    Геология-қидирув ишлари натижасида минерал хомашёга бой мамлакатларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш кўрсаткичлари юқори бўлгани тарихдан маълум.

    Ўзбекистон ҳам ер ости табиий қазилмаларига бой давлат. Унинг заминида саноат ва инвестициялар ўсиши учун асос яратувчи олтин, уран, мис, камёб металлар ва бошқа стратегик захиралар мавжуд. Соҳанинг алоҳида аҳамиятини инобатга олган ҳолда 2021 йилда “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти ташкил этилиб, унинг зиммасига геология- қидирув ишларини модернизация қилиш ва ривожлантириш вазифаси юклатилди.

    Бугун барқарор тараққиёт, “яшил” энер­гетика ва стратегик хомашё турларига жаҳон ҳамжамиятининг қизиқиши ортиб бораётган бир пайтда геология-қидирув ишларининг аҳамияти миллий иқтисодиёт доирасидан чи­қиб, халқаро драйвер соҳага айланмоқда.

    Сўнгги йилларда юртимиз ҳар томонлама ўсиб, ривожланмоқда. Албатта, бу ўзгариш­лар мамлакатимиздаги одилона сиёсат нати­жасидир. Бугун геология соҳаси ривожининг ҳам ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Гео­логия корхоналарини илғор халқаро тажриба асосида трансформация қилиш орқали уларда самарали бошқарув тизимини жорий этиш, фойдали қазилмаларнинг янги конларини очишга йўналтирилган ишлар таннархини пасайтириш, конларни ўзлаштириш учун тўғ­ридан тўғри хорижий инвестиция оқимини кўпайтириш мақсадида 2021 йилда “Марка­зий лаборатория” ва “Геобуртехника” ДУКла­ри, “Самарқандгеология”, “Сурхонгеология”, “Тошкентгеология”, “Қизилқумгеология” ва “Ҳисоргеология” АЖларни қўшиб юбориш орқали улар негизида “Ўзбек геология қиди­рув” АЖ ташкил этилган эди. Натижада Ўзбе­кистон ҳудудида геология-қидирув ишларига хизмат кўрсатувчи замонавий корпоратив бошқарув тизимига эга ягона ташкилот пайдо бўлди. Бу трансформация жараёни нафақат бошқарувда, балки геология-қидирув ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш­да ҳам туб бурилиш ясади. Ўтган давр мо­байнида корхона соҳага замонавий ва юқори самарали ускуналарни, илғор техника ва ин­новацион технологияларни жорий этиш ҳамда соҳани модернизациялаш ҳисобига геология- қидирув ишларини уч баробар оширди. Бу­гунги кунда АЖда 4,5 мингдан зиёд малакали мутахассис фаолият юритади. АЖ таркибида 4 та марказий геология-қидирув экспедиция­си ва Регионал марказий геология тасвирлаш экспедицияси, Марказий геология-геофизика экспедицияси, шунингдек, 5 та таҳлил лабора­торияси, 13 та дала экспедицияси мавжуд бў­либ, улар геология-қидирув ишларини жадал амалга оширмоқда.

    Мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчи, саноатнинг қон томири бўлган геология со­ҳасида янги давр бошланди. Соҳага энг ил­ғор технологиялар олиб кирилди. Натижада ер ости бойликлари захираси ва прогнозлари каррасига ўсди. Соҳага 3Д сейсморазвед­ка, аэрогеофизика, рақамли геология жорий этилди.

    Геология-қидирув кўзга кўринмас, аммо машаққатли меҳнат. Геологларнинг ҳар бир топилмаси янги завод, янги иш ўрнидир. Ўзбекистонда, айниқса, саноат учун муҳим бўлган вольфрам, молибден, магний, литий, германий, графит ва титан каби 30 дан ортиқ технологик минерал мавжуд. Бу каби фойда­ли қазилмаларни излаб топиш ва ўзлаштириш кончилик, металлургия, энергетика, кимё ва қурилиш саноатининг барқарор ишлаши учун пойдевор бўлади. Афсуски, илгари бу сало­ҳият тўлиқ рўёбга чиқарилмаган, фойдали қазилмаларни излаш, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ва маҳсулотга айлантириш бо­расида етарлича инвестиция жалб этилмаган эди. Геология соҳаси янги босқичга олиб чи­қилиши натижасида бугун янги конлар очи­либ, саноат тармоқлари кенгаймоқда.

    “Ўзбек геология қидирув” АЖ ўтган тўрт йил мобайнида 13 минг квадрат километрдан зиёд ҳудудда геология-қидирув ишларини олиб борди. Бунинг натижасида 20 га яқин кон захиралари ҳисоблаб чиқилди ва давлат захиралари комиссиясида тасдиқланди. Ху­сусан, Авлиё, Кўрмитин, Ақба, Ҳаётбоши, Зимбилтов, Водий (олтин), Мискон (мис), Ўрикли, Нилю (кўмир), Сарикўл, Хўжадиқ (вольфрам), Хондиза, Майдонсой, Лашке­рек (полиметалл), Қўрғонтош, Тубегатан (калий), Шўроп (гипс), Вандон (қум-шағал) каби конлар шулар жумласидандир. Бу каби фойдали қазилмалар “яшил” энергетика, электромобиль ва юқори технологияли маҳ­сулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилади.

    Сўнгги йилларда юқори қўшилган қий­матга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган йирик лойиҳалар бўйича ишлар кўпаймоқда. Энг муҳим вазифалардан бири замонавий технологиялар асосида қиммат­баҳо хомашёни рудадан ажратиб олиш, уни тозалаш ва юқори сифатли маҳсулотга ай­лантиришдир. Бу борада “Ўзбек геология қидирув” АЖ муҳим роль ўйнамоқда. Жа­мият фойдали қазилмаларни аниқлаш, улар­ни саноатга йўналтириш бўйича салмоқли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Геологик изланишлар ўрта ва узоқ муддатли дастур­лар асосида юритилади ҳамда ҳар йили ян­гиланиб борилади. Бугунги кунда энг фаол геология-қидирув ишлари Навоий, Самар­қанд, Тошкент ва бошқа вилоятларнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида кенг кўламда давом этмоқда. Фойдали қазилмалар захираларини ошириш акциядорлик жамият олдида турган асосий вазифалардан.

    Соҳага илғор ускуналар, инновацион тех­нологиялар жорий этилди. Бу эса, ўз навбати­да, иш сифати ва суръатини сезиларли дара­жада оширди. Бугунги кунда “Ўзбек геология қидирув” АЖ чуқурлиги 2 километргача бўл­ган, фойдали қазилмалар учун мўлжалланган кўп йўналишли бурғилаш ускуналарининг энг йирик паркига эга. АЖ “DBC Makina” компаниясининг жаҳон стандартларига мос замонавий гидравликлаштирилган “ESD-9”, “S-15 21” вa “SONMAK” компаниясининг “RX-4” маркали элликдан ортиқ бурғилаш ускунасини сотиб олди ва иш жараёнига татбиқ қилди. Бунинг натижасида бурғилаш парки 56 фоиз янгиланиб, бурғилаш ускуна­лари 151 тага етди, ёрдамчи махсус техника воситалари сони 400 дан ошди.

    Ҳозир илгари ўрганилмаган майдонлар тўлиқ қамраб олинмоқда. Йил сайин фой­дали қазилмалар рўйхати кенгаймоқда, за­монавий, жумладан, аэрогеофизика усули қўлланилмоқда. Бу усул ҳаводан туриб, ер қатламининг геофизик хусусиятларини тез ва аниқ ўрганиш имконини беради. Илгари конларни аниқлаш учун ўн йиллар керак эди, ҳозир эса бу иш бир неча йил ичида ба­жарилмоқда.

    2025 йилда “Ўзбек геология қидирув” АЖ томонидан 100 дан ортиқ лойиҳа доирасида геология-қидирув ишлари режалаштирилган. Ҳозир минерал хомашё базасини ривожлан­тириш ва қайта тиклаш давлат дастури дои­расида олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, вольфрам каби рудали фойдали қазилмалар ҳамда қурилиш материаллари ва кимё са­ноатида қўлланадиган ресурслар бўйича ҳам ишлар бажарилмоқда. Акциядорлик жамияти геологик бурғилаш қудуқларида қўллани­ладиган ювувчи суюқликларни тайёрлашда замонавий кимёвий реагентлардан фойдалан­моқда. Бу эса, ўз навбатида, бурғилаш қувур­лари, насос механизмлари, олмосли асбоблар узоқ муддат хизмат қилишига ва керн наму­наларини сифатли олишга хизмат қилмоқда. Замонавий кимёвий реагентлар иш унумдор­лигини ошириш билан бирга атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтиради.

    Модернизациялаш доирасида рақамли тех­нологиялар асосида иш жараёнларини опти­маллаштириш, маълумотлар базасини марказ­лаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқ геологик ахборотларни тайёрлашга йўналти­рилган ишлар кўлами кенгайди. 2023 йилдан бошлаб геологик, геофизик ва геокимёвий маълумотларни ягона электрон кўринишга ўтказиш, уларни марказлашган базада сақлаш ва тезкор фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида Geobank вa Geobank Mobile тизи­ми жорий этилди. Geobankда сақланаётган маълумотлар JORC вa CRIRSCO халқаро ко­декслари талабларига жавоб беради. Бу эса халқаро инвесторлар учун ҳисоботлар тайёр­лаш, геологик изланишларда сифат кафола­тини ошириш ҳамда қидирув ва қазиб олиш жараёнларини халқаро амалиётга мувофиқ ташкил этиш имкониятини беради.

    Бугун акциядорлик жамияти томонидан замонавий бурғилаш ускуналари орқали оли­наётган керн намуналари 100 фоизга етиб, таҳлиллар аниқлигини оширмоқда. Шунинг­дек, жамият таркибидаги лабораторияларда намуналарни сифатли таҳлил қилиш ва унинг таркибидаги элементларни аниқ кўрсатиб бериш учун 150 дан зиёд замонавий жиҳоз асосида таҳлиллар амалга оширилмоқда. Қолаверса, кимёвий элементлар сони ҳам ошиб, 70 га яқин элементга таҳлил жараён­лари ўтказилмоқда. Бу эса ер қаъридаги ноёб элементлар ва камёб металлар бўйича аниқ, сифатли маълумотлар олишга хизмат қилади.

    Замонавий геология-қидирув ишларини рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ишлаб чиқариш жараёнларининг ҳар бир босқичига рақамлаштириш ва ав­томатлаштириш жорий этилмоқда. Жамият ҳам ушбу йўналишда илғор тажрибаларни ўз фаолиятига татбиқ этмоқда. Аввало, рақамли технологиялар иш жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш имконини беряпти. Яъни экспедицияларнинг бурғилаш ишлари, ишчи кучидан фойдаланиш, техник ресурс­лар сарфи, ҳатто йўқотишлар ёки ортиқча харажатлар онлайн тарзда кўрилмоқда. Бу жараёнлар фото ва видеолавҳалар билан ҳуж­жатлаштирилиб, тезкор қарор қабул қилиш имконини яратмоқда.

    Бундан ташқари, рақамли технологиялар халқаро майдонда ҳам рақобатбардошликни таъминлайди. Чунки бугунги кунда тендер ва йирик халқаро шартномаларда иш жараёнла­рини рақамли кузатиш, ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этиш, аниқ ва онлайн маълумотлар бериш энг муҳим талаблардан бирига айланди. Шу тариқа “Ўзбек геология қидирув” АЖ нафақат техник модернизация, балки рақамлаштириш жараёнлари орқали ҳам фаолиятини янги босқичга олиб чиқмоқ­да. Бу эса соҳа самарадорлигини ошириш би­лан бирга инсон меҳнатини енгиллаштириш, хавфсизликни таъминлаш ва геология-қиди­рув ишларини халқаро стандартларга мос ра­вишда амалга оширишга йўл очмоқда.

    Ўзбекистон геология соҳасини ривожлан­тириш концепциясида 2030 йилгача қатор устувор вазифалар белгиланган бўлиб, унда республика ҳудудини комплекс геологик ўр­ганиш ва минерал ресурслар потенциалини баҳолаш, янги минерал хомашё базаларини шакллантириш ва мавжуд конлар захирала­рини ошириш, камёб ва стратегик аҳамиятга эга элементлар (литий, ниобий, тантал, ко­бальт, скандий, рений ва бошқалар) бўйича изланишларни кенгайтириш, аниқ ва ишонч­ли прогноз карталарини тайёрлаш орқали истиқболли майдонларни белгилаб олиш, хорижий университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўзда тутилган.

    2030 йилга қадар кам ўрганилган ҳудуд­ларда янги истиқболли майдонларни аниқ­лаш ва геология-қидирув ишларини олиб бориш натижасида республикадаги фойдали қазилмалар захиралари сезиларли даражада кўпайиши кутилмоқда.

    Хусусан, 3000 погонометрдан ортиқ бур­ғилаш ишлари, 3200 погонометр ер ости тоғ-кон ишлари, 1670 куб метр тоғ-кон усти ишлари бажарилиши режалаштирилган. На­тижада олтин захираси 969 тонна, мис 676 тонна, кумуш 510 тонна, қўрғошин ва рух захиралари эса икки бараварга яқин ошиши прогноз қилинмоқда.

    Бугун “Ўзбек геология қидирув” АЖ хо­рижий давлатларда ҳам халқаро тендерларда иштирок этиб, рақобатбардош хизмат кўрса­тиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса мил­лий геология соҳасини ташқи бозорга олиб чиқиш ва мамлакат иқтисодиётини юксалти­ришда муҳим омил бўлади.

    Акциядорлик жамияти ёш бўлишига қа­рамай, бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бир неча хорижий ҳамкорлик лойи­ҳаларини бошлаб юборди. Жумладан, Афғо­нистон ҳамда Мўғулистон билан музокаралар олиб бориб, ҳар иккала томонга ҳам манфаат­ли бўлган йўналишлар бўйича фаолият бош­ланди. Кейинги режалар хорижий ҳамкорлик лойиҳалари сонини янада кўпайтириш ва фао­лият турини кенгайтиришдан иборат.

    Ўтган даврда АЖ иқтисодий фаолияти­нинг барқарорлиги ва самарадорлигини оши­риш борасида қатор трансформация жараён­лари амалга оширилди. Хусусан, 2023 йилда жамият таркибидаги дала экспедициялари бирлаштирилиб, негизида марказий экспе­дициялар ташкил этилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳу­зуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳа­сини назорат қилиш инспекцияси фаолияти­ни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбек геология қидирув” АЖ унга “Регионалгеология” ДМни қўшиб олиш орқали қайта ташкил этилди. Бу борадаги ислоҳотлар ўз натижасини бериб, 2024 йил якунлари бўйича ўртача ишлаб чиқариш са­марадорлиги 2021 йилдагига нисбатан 75 фоиз, ходимлар сони 26 фоиз, ўртача ойлик иш ҳақи 85 фоиз ўсди.

    Акциядорлик жамияти молиявий имко­ниятларини янада кенгайтириш ҳамда ҳам­корлар ишончини мустаҳкамлаш, ташки­лотда ислоҳотларни янада жадаллаштириш учун халқаро кўрсаткичларни ҳам яхшилаб бормоқда. Хусусан, 2024 йил якунлари бў­йича халқаро “S&P Global Ratings” агентлиги томонидан “В” — “Барқарор” рейтинг дара­жаси берилди. Шунингдек, ISO 9001:2015 — Сифат менежменти сертификати ва Корруп­цияга қарши курашиш менежменти тизими бўйича — ISO 37001:2016 халқаро стандарт­лари олинди.

    Геология-қидирув ишлари самарадор­лигида соҳада фаолият юритаётган ходим­ларнинг ўрни жуда муҳим. Бу борада қатор университетлар билан ҳамкорликда тизим­ли ишлар қилинмоқда. Хусусан, геология факультетида таҳсил олаётган талабалар амалиётни ташкилот таркибидаги экспеди­цияларда ўтамоқда. Бу ўқув жараёнларида олинган билимларни амалиётда қўллаш ва ўз устида ишлашга имконият яратади. Шунингдек, жамиятда университетлардан саралаб олинган фаол ёшлар гуруҳи таш­кил этилган. Улар ўқишдан кейин меҳнат фаолиятига жалб этилмоқда. Талабалар иш ўрганиш билан бирга йирик лойиҳаларга би­риктирилган. Бу, албатта, ёшлар иқтидорини ошириш ва келажакда етук кадр сифатида жамият ривожига муносиб ҳисса қўшишига замин яратади.

    Бир сўз билан айтганда, “Ўзбек геология қидирув” АЖ юртимиз заминида мавжуд та­биий бойликларни ўзлаштиришни янги бос­қичга олиб чиқиш ва соҳадаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш, минерал хомашё базасини ривожлантиришга қаратилган исло­ҳотларни амалга оширишда бор имкониятини ишга солмоқда.

    Шамсиддин АЛИМОВ,

    “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти бошқарув раиси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates