Илм эркинлигидан мосуво жамият тараққиётдан ортда қолади

    Фикр 2 декабр 2025 282

    Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун нафақат давлатимиз тарихидаги муҳим сиёсий воқеа, балки тараққиётимизнинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланган сана сифатида халқимиз қалбидан ўрин олган.

    Бош қонунимизда белгиланган ҳар бир норма жамият ҳаёти, давлат ривожи, инсон қадр-қиммати, илм-маърифат ва таълим тизими келажагини белгиловчи устувор мезондир. Айниқса, унинг 51-моддаси бугунги ислоҳотлар мазмунида марказий ўрин тутади. Мазкур модда ҳар бир фуқаронинг танлов асосида давлат ҳисобидан олий таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаши билан бирга олий таълим муассасаларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқот ўтказиш ва ўқитиш эркинлигини беради. Бу замонавий таълимнинг янги парадигмасини белгилаб берган, миллий тараққиёт стратегиясининг интеллектуал асосини яратган улкан ютуқдир.

    Сўнгги йиллардаги кенг қамровли ислоҳотлар айнан ушбу конституциявий нормаларнинг ҳаётий кучга эгалигини яққол тасдиқламоқда. Дастлаб таълимнинг адолатли ва очиқ бўлишини таъмин­лаш борасида қўлга киритилган натижаларни қайд этиш лозим. 2016 йилга қадар мамлакатимизда 66 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 200 дан ошди, яъни 3 баравар кўпайди. Давлат грантлари сони ҳам изчил ошиб бормоқда. 2016 йилда 66 минг тала­ба давлат буюртмаси асосида ўқиган бўлса, бугун бу кўрсаткич 100 мингдан ўтди. Абитуриентларга 5 та, кейинчалик 6 та таълим йўналишини тан­лаш ҳуқуқи берилиши ёшларнинг олий таълимга ишончини мустаҳкамлаб, имкониятлар тенглиги­ни янада таъминлади. Ушбу жараёнлар ҳудудлар­даги олий таълим муассасаларида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Жумладан, Анди­жон давлат чет тиллар институтига 2024/2025 ўқув йили учун 192 абитуриент давлат гранти асо­сида талабаликка қабул қилинган бўлса, 2025/2026 ўқув йилида бу кўрсаткич тўлиқ ва қисман давлат грантлари ҳисобидан 245 нафарга етди. Бу ўтган йилга нисбатан сезиларли ўсиш бўлиб, давлат­нинг чет тиллар таълимига, тил компетенциялари­ни ривожлантиришга қаратаётган эътиборининг ҳудудий даражадаги ёрқин намунасидир. Бундан ташқари, институтга алоҳида имтиёз асосида қа­бул қилинган талабалар сони ҳам кўрсаткичлар ўсишида муҳим ўрин тутади. Ўтган ўқув йилига нисбатан ушбу йўналиш бўйича қабул қилинаёт­ган талабалар улуши 10 фоиз ошгани, таълимнинг инклюзив ва ижтимоий адолатга асосланган ён­дашувларини амалий жиҳатдан кучайтираётга­нининг далилидир. Бу натижалар нафақат инсти­тутнинг ўқув-тарбиявий ишларидаги юксалишни, балки Конституциямизда белгиланган тенг таълим ҳуқуқи тамойилларининг ҳудудларда ҳам изчил амалга ошаётганини кўрсатади.

    Конституцияда мустаҳкамланган академик эр­кинлик тамойили олий таълим тизимида сифат жиҳатдан янги босқични юзага келтирди. Бугун профессор-ўқитувчилар ўқув дастурларини хал­қаро талабларга мос равишда мустақил янгилаш, таълим жараёнига интерактив ёндашувлар, медиа­саводхонлик технологиялари, фанлараро таълим платформаларини татбиқ этиш имкониятига эга. CEFR, EQF, Болоня талаблари асосида ўқув ре­жалари ва дастурларининг қайта кўриб чиқилиши натижасида таълим сифати сезиларли даражада ошди. Республикамиздаги 80 дан ортиқ олий таъ­лим муассасаси халқаро аккредитациядан ўтиш жараёнини бошлаган ёки якунлаган. Бу жараён замирида айнан академик эркинликнинг консти­туциявий кафолати мужассам.

    Конституциямизнинг 51-моддасидаги энг дол­зарб ва стратегик аҳамиятга эга тамойиллардан бири тадқиқотлар ўтказиш эркинлигининг консти­туциявий даражада мустаҳкамланганидир. Бугун мамлакатимиз илмий муҳитида содир бўлаётган туб ўзгаришлар — айнан шу эркинликнинг ама­лий кучи ва давлат томонидан илмга берилаётган юксак эътиборнинг ёрқин ифодаси. Бугунги та­раққиёт тажрибаси АҚШ, Буюк Британия, Жану­бий Корея, Япония, Германия, Сингапур, Канада каби мамлакатлар иқтисодий юксалиши асосида айнан тадқиқотлар эркинлиги, илм-фан ва инно­вацияга очиқ муҳит, университетларнинг муста­қиллиги ётишини кўрсатди. Ўзбекистон ҳам бугун ана шу стратегик йўлдан дадил бормоқда. Илмий даража бериш тизимининг халқаро стандартларга мослашуви, докторантура институти такомилла­шуви, илмий лойиҳалар сони кескин ошгани — буларнинг барчаси илм-фанга устувор йўналиш сифатида қаралаётганини тасдиқлайди.

    Статистик маълумотларнинг ўзи ҳам илм- фаннинг кучайиб бораётганини яққол тасдиқлай­ди. Сўнгги уч йилда халқаро илмий лойиҳалар сони икки баробардан ортди. Биргина Эрасмус+ дастури доирасида 2020-2023 йилларда Ўзбе­кистон ОТМлари 130 дан ортиқ халқаро ҳам­корлик лойиҳаларида иштирок этгани халқаро интеграция суръати нақадар шиддатли эканини кўрсатади. 2023 йилда республикамиз олимлари томонидан Scopus va Web of Science базаларида 9000 дан зиёд мақола чоп этилди. Бу 2016 йилга нисбатан 4 баравар кўп дегани. Рақамлар ортида Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини оширишга қаратилган қатъий сиёсат, университетларнинг глобал илмий ҳамжамиятга чиқиш йўлидаги уй­ғун саъй-ҳаракатлар, энг муҳими, Конституция­мизда белгиланган тадқиқотлар эркинлигининг амалий натижаси турибди. Бугун ёш докторант­лар учун яратиб берилаётган шароитлар, илмий мактаблар шаклланаётгани, юртимиз олимла­рининг халқаро конференциялардаги фаоллиги, хорижий университетлар билан қўшма илмий дастурларнинг кўпайиб бориши — билим иқти­содиёти сари дадил қадам ташлаётган мамлакат­нинг ажралмас белгиларидир.

    Ривожланган давлатларнинг тараққиёт тарихи­га назар солсак, умумий битта қонуниятни кўра­миз: илм эркинлиги бўлган жамият доим олдинда бўлади. Бугунги ўзгаришлар фақат статистика ёки эълон қилинган стратегиялар эмас, балки юрти­мизнинг келажаги учун мустаҳкам пойдевор қў­йилаётганининг ишончли далили. Чунки билимга таянмаган тараққиёт барқарор эмас; илм-фан би­лан уйғунлашмаган ислоҳотлар узоққа бормайди. 51-модданинг чуқур моҳияти ҳам айнан шу ҳақи­қатни англатади: тараққиётнинг ҳақиқий калити илм-фанда, илм-фаннинг ҳақиқий кучи эса эркин­ликдадир. Ўқитиш эркинлигининг кенгайиши эса таълим жараёнини тубдан янгиламоқда. Масофа­вий таълим, модуль тизими, мустақил таълимнинг улуши ошиб бормоқда. Чет эллик ўқитувчилар­нинг дарс жараёнига жалб қилиниши, янги авлод ўқув қўлланмаларининг яратилиши, интерактив курсларнинг пайдо бўлиши — буларнинг барча­си таълим тизимининг очиқлиги ва замонавий­лашувининг яққол кўринишидир. Масалан, йил давомида хорижлик 30 профессор-ўқитувчининг институтимизда фаолият юритгани, уларнинг Ка­нада, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Германия, Қозоғистон ва бошқа етакчи давлатларнинг нуфузли университетларидан кел­гани ўқув жараёнининг мазмунини янада бойитди, илмий ва методик мактаблар сифатини оширди. Хорижлик мутахассисларнинг иштироки таълим сифатига янги нафас бағишлаш билан бирга ма­ҳаллий педагогларнинг малака ошириши, ўқув режалари ва методикаларини халқаро талабларга мослаштиришга ҳам кучли туртки бермоқда.

    Бугунги Ўзбекистон — билимга таянадиган, илм-фанга асосланган, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятига ишонадиган давлат. Конституция­нинг 51-моддаси эса бу йўлдаги стратегик, фунда­ментал ҳуқуқий кафолатдир. Бу норма сиёсий ти­зимнинг таълимга бераётган юксак эътиборидан, таълимнинг жамият тараққиётидаги устувор ўрни тан олинганидан далолат.

    Ўзбекистон янги интеллектуал босқич сари дадил қадам қўймоқда. Бу йўлда таълим тизими­нинг ҳар бир иштирокчиси — устоз, олим, тала­ба, тадқиқотчи — конституциявий тамойилларни амалда рўёбга чиқаришга масъул. Зеро, тарақ­қиёт пойдевори — таълимдир. Таълим пойдевори эса Конституция.

    Дилшод РУСТАМОВ,

    филология фанлари доктори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates