12 ёшли қизча ҳаётини сақлаб қолган ноёб ва мураккаб нейрохирургик амалиёт муваффақиятли якунланди — беморнинг гипоталамус соҳасидаги хавфли ўсмаси тўлиқ олиб ташланди.
Ушбу операция нафақат тиббиётимизнинг янги босқичга кўтарилаётганини, балки доктор Сардор раҳбарлигида олиб борилаётган илмий-амалий изланишларнинг амалда ўз самарасини бераётганини тасдиқлади. Операцияда АҚШ ва Ўзбекистон нейрохирурглари ҳамкорликда иштирок этиб, юқори аниқлик ва теран билим талаб қилувчи нейроқурув вазифаларини бажаришди.
Мураккаб амалиётни муваффақият билан бажарган олим биз билан суҳбати чоғида қуйидагиларни гчпириб берди:
"-Гипоталамус – инсон миясининг марказий қисми бўлиб, у организмдаги гормонал, вегетатив ва эмоциявий жараёнларни бошқаради.
Ушбу соҳада пайдо бўлган ўсмалар (туғма ёки сўнгида ривожланган) одатда жуда кичик бўлса-да, оғир функционал бузилишларга олиб келади. Беморларда иштаҳа ва уйқу бузилиши, гормонал дисбаланс, тана ҳароратини назорат қилишда муаммолар, ҳатто кўришда ёмонлашув кузатилиши мумкин.
Шу сабабли ҳам, гипоталамусдаги ўсмаларни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш нейрохирургиядаги энг мураккаб ва хавфли амалиётлардан ҳисобланади. У нафақат жойлашувининг чуқурлиги, балки унга яқин жойлашган муҳим марказларнинг (гипофиз, визуал хиазма, таламус) шикастланиш хавфи билан ҳам боғлиқ.
Тан олишим керак амалиёт осон кечмади. Илмий ёндашув ва халқаро тажриба — муваффақият калити эканига яна бир бор гувоҳ бўлдим.
Шуни таъкидлашим доизки, мазкур амалиёт юқори технологик МРТ текшируви, гормонал таҳлиллар ва нейронавигация тизими ёрдамида пухта режалаштирилди.
Жарроҳлик амалиётида микроног хирургиқ қуроллар, стереотаксик тизимлар ва микроскоплардан фойдаланилди.
Ҳамкорликдаги нейрохирурглар жамоаси, жумладан доктор Сардор бошчилигидаги маҳаллий мутахассислар, операцияни муваффақиятли амалга ошириб, ўсмани тўлиқ олиб ташлашга эришди. Бу жараён бир неча соат давом этди ва бемор қон йўқотишисиз, барқарор ҳолатда операциядан чиқарилди.
Муҳими у ҳаётга қайтди".
Доктор Сардор — илмий амалиётни ҳаётга татбиқ этаётган бугунги кун шифокори:
Ушбу натижа Тошкент давлат тиббиёт университети олими Сардорнинг охирги йиллардаги илмий изланишлари ва клиник амалиётидаги тизимли ёндашувларининг мантиқий давомидир. Унинг гипоталамус ўсмалари, асаб тўқималарида регенерация жараёнлари ҳамда микрохирургия усулларини татбиқ этиш соҳасидаги ишланмалари бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро доирада ҳам эътироф этилмоқда.
Операциядан кейинги 3 кунлик кузатувдан сўнг қизалоқ палатага ўтказилди. Ҳозирда у нормал иштаҳа ва уйқу ритми билан ҳаётга қайта бошлади. Гормонал фон ҳам кузатувда, мутахассислар беморнинг тўлиқ соғайиб кетишини айтмоқдалар.
Хулоса
Бу операция — юртимиз тиббиётидаги муҳим босқичида ёш олимларнинг ўз касбига креатив ёндашуви ва эгалланган илмига садоқати мисоли ҳамдир. Гипоталамус ўсмалари — ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин, лекин билим, маҳорат ва ҳамкорлик билан у енгилади.
Гулчеҳра Мирзаева,
Тошкент давлат тиббиёт университети матбуот котиби