Глобал ташаббусларнинг ижросига киришилди

    БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини БМТга аъзо кўплаб давлатлар қатори ­Ўзбекистон ҳам маъқуллаган.

    Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган ташаббусларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “йўл харитаси”нинг 1 ва 5-бандлари ижросини таъминлаш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

    Унда ишчи гуруҳ аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, БМТ ихтисослашган тузилмаларининг ­Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

    Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари С.Сафоев ва бошқалар таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим тарихий қадам бўлди. Айни кунларда ушбу маърузада илгари сурилган ташаббуслар кўплаб таниқли жамоат арбоблари, экспертлар томонидан қизғин муҳокама этилмоқда. Бу, аввало, илгари сурилган ташаббусларнинг ҳар бири ниҳоятда чуқур таҳлилларга асослангани ва дунё жамоатчилигини ўйлантирган муаммолар хусусида аниқ ечимларни қамраб олганидан далолатдир.

    Йиғилишда нутқда баён этилган барча ташаббуслар ва илгари сурилган ғоялар ўз вақтида, тўлиқ ижро этилишини таъминлаш мақсадида тасдиқланган йўл харитасида белгиланган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу йўналишда илгари сурилган ташаббуслардан бири пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни қабул қилиш ғоясидир.

    — Ҳамон давом этаётган глобал пандемия шароитида кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга дуч келдик, — деди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов. — Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир давлат ўз фуқаролари ва ҳамкор давлатлар олдида минимал ихтиёрий мажбуриятларни қабул қилиши керак. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг бу ғояси ўз вақтида ва узоқни кўзлаб амалга оширилган эзгу ташаббусдир. Ушбу хайрли ишни тўла рўёбга чиқариш ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди. Айни пайтда ушбу халқаро кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишда муҳим йўналишлар белгилаб олинди.

    Энг аввало, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, ишсизликнинг олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатини муҳофазалаш, озиқ-овқат хавфсизлигини ва ишлаб чиқаришда узлуксизликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш масалаларига устувор аҳамият қаратилади. Ҳозирги кунда ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш мақсадида ишчи гуруҳ шакллантирилди. Унга тегишли давлат ташкилотлари, нодавлат идоралар, илмий тадқиқот муассасалари олимлари ва малакали мутахассислар, халқаро экспертлар жалб этилган. Шу билан бирга, бу йўналишда халқаро тажриба ўрганиляпти.

    Президентимиз ташаббусларидан яна бири БМТ Бош Ассам­блеясининг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентнинг ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилишдир. Айтиш керакки, БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини БМТга аъзо кўплаб давлатлар қатори ­Ўзбекистон ҳам маъқуллаган. Ушбу йўналишда мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

    Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва соғлиғини муҳофазалаш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, экологик муҳитни барқарорлаштириш, гендер тенгликни таъминлаш юзасидан муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир. Бу ишларнинг натижалари халқаро рейтингларда алоҳида эътироф этилаётгани қувонарли. Хусусан, БМТ томонидан ўтказилган тадқиқотларнинг 2020 йилги натижаларига кўра, Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) глобал рейтингида Ўзбекистон 71,02 фоиз натижа билан 66-ўринни эгаллади.

    Айни пайтда бу йўналишдаги чора-тадбирларни янада такомиллаштириш, аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида 2030 йилга қадар камбағалликни қисқартириш стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

    Давлатимиз БРМга эришиш бўйича биринчи Ихтиёрий миллий шарҳни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий кенгашига тақдим этди.

    БРМга эришишни таъминлашда парламент институтидан фойдаланиш асосий инструментлардан бири ҳисобланади. Зеро, парламент халқнинг манфаатини, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайдиган олий органдир.

    — Ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентнинг ролини ошириш бўйича махсус резолюция концепциясининг асосий мақсади мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг ролини оширишдир, — деди иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқов. — Мазкур концепция лойиҳаси бир қатор муҳим йўналишларни қамраб олади. Жумладан, унда парламент роли ва ваколатларини ошириш, бюджет ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, мониторинг ва назорат қилиш йўналиши, фуқаролар ва жамоатчиликни жалб қилиш каби муҳим масалалар бор.

    Бу чора-тадбирлар жамиятда ислоҳотларни янада жадаллаштиришда парламент ролини кучайтириш ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг фаоллигини таъминлашнинг самарали механизмларини амалиётга жорий этишга замин яратади.

    Йиғилишда идоралараро ишчи гуруҳлар иш режаси лойиҳаси кўриб чиқилди ва муҳокамалардан сўнг тасдиқланди. Кодекс ва резолюция, уларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи концепция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Шунингдек, йўл харитасининг 1 ва 5-банди бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

    Баҳор ХИДИРОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates