“ENVIRON PG” МЧЖга тегишли “Estelle” гўзаллик салонида “сариқ пилинг” оқибатида мижозининг юз терисини (80 фоизи) кўйдириб қўйди.
Бу ҳолат оғир даволаш жараёни ҳамда молиявий юкламаларга сабаб бўлганидан шикоят қилиб, фуқаро Рақобат қўмитасига мурожаат қилди.
Қўмита томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил ишлари натижасида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан:
- “Estelle” гўзаллик салони томонидан тиббий лицензия талаб қилинадиган косметологик хизматлар ҳеч қандай тегишли рухсатномаларсиз амалга оширилгани;
- Пилинг хизмати кўрсатган ходимнинг олий тиббий маълумотга эгалиги тасдиқланмагани;
- Кўрсатилган процедуралар белгиланган сифат ва хавфсизлик стандартларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Жабрланувчи кўрган оғир оқибатлар ва “Estelle” гўзаллик салони фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 190-моддаси — лицензия ёки бошқа рухсатнома талаб қилинадиган фаолиятни тегишли ҳужжатларсиз амалга ошириш аломатлари мавжудлиги инобатга олинган ҳолда, Қўмита томонидан тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.
"Рақобат қўмитаси эслатиб ўтадики, тиббий лицензиясиз тиббий хизматларни, хусусан кимёвий пилинг каби мураккаб косметологик процедураларни амалга ошириш нафақат қонунбузарлик, балки истеъмолчилар соғлиғи ва хавфсизлигига нисбатан масъулиятсиз муносабат сифатида баҳоланади.
Фуқаролардан косметологик ва тиббий хизматлардан фойдаланишда эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик, ҳамда фаолият юритувчи субъектларнинг лицензияси ва мутахассисларнинг малакасига албатта эътибор қаратишларини сўраймиз", дейилади хабарда.