Оқибатда қарийб 50 йил аввал сув босган уйларнинг харобалари юзага чиқди.
Popular Scienceнинг хабар беришича, сув сатҳининг пасайишда давом этаётгани туфайли Каллио қишлоғи харобалари кўриниб қолган. 1970-йилларнинг охирида Греция пойтахтини сув билан таъминлаш учун Морнос ва Эвинос дарёларидан тўйинадиган сув омборини ҳосил қилиш учун қишлоқдаги 80 га яқин уй сув остида қолдирилди.
“Морнос кўлининг сатҳи 40 метрга тушиб кетди. Сиз қайнотамнинг икки қаватли уйининг биринчи қаватини кўришингиз мумкин. Яқин атрофда амакиваччаларимнинг собиқ уйи жойлашган”, деди 67 ёшли Йоргос Йосифидис ўз интервьюсида. У қарийб ярим аср аввал уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган қишлоқ аҳолисидан бири.
Йосифидиснинг таъкидлашича, қишлоқ харобалари сув тошқинидан кейин, хусусан, 1990-йиллардаги худди шундай қурғоқчилик пайтида сув устида пайдо бўлган.
Греция учун иссиқ об-ҳаво кам учрайдиган ҳодиса эмаслигига қарамай, бу йил ҳарорат кўрсаткичлари янги рекордларни ўрнатди. Миллий обсерватория маълумотларига кўра, 2024 йилнинг ёзи кузатувлар тарихидаги энг иссиғи, қиши эса энг илиғи бўлди, деб хабар беради korrespondent.net.