баннер
2 мар 2025
19:36

    Гуллар шаҳри — Наманганга хуш келибсиз!

    Мамлакатимизда 18 феврал 2021 4384

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев аввалги - 2020 йил 26-27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида Наманган шаҳридаги темир йўл вокзалида амалга оширилган қурилиш-реконструкция ишлари билан танишган эди.

    фотоархив

    Маълумот ўрнида, бу ерда 24 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди. Вокзалдаги кутиш ва комфорт заллари, буфет, тиббиёт пункти, она ва бола хонаси, электрон маълумотлар маркази, кутубхона, миллий совғалар, газета-журналлар шохобчаси, юкларни вақтинчалик сақлаш хизмати каби барча бўлимлар замонавий андозаларда ташкил этилди. Бундан ташқари, мажмуага қўшимча равишда 33 ўринли меҳмонхона қуриб битказилди.

    Натижада Наманган темир йўл вокзали замонавий қиёфа касб этиб, бир вақтнинг ўзида 250 нафар, суткасига 2,5 минг нафар йўловчига замонавий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди. Вокзал Фарғона водийси ҳалқа темир йўли бўйлаб тезкор электропоездлар қатновида водий шаҳарлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан транспорт боғланишида муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади.

    Куни кеча, 16 февралдан бошлаб Тошкент—Наманган—Андижон йўналишидаги йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди. Чипта нархи эконом класс учун 75 минг сўм, бизнес класс учун эса 105 минг сўм этиб белгиланган. Тошкент—Наманган—Андижон йўналишидаги йўловчи поезди ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари, Андижон—Наманган—Тошкент йўналишидаги поезд эса чоршанба ва шанба кунлари ҳаракатланади.

    Пойтахтга йўл оладиган поезд Наманган шаҳридаги вокзалга тўхтаб ўтиши узоқ йиллардан бери кутилаётган воқеадир. Шу пайтгача бунинг учун вилоятнинг Поп туманидаги бекатга бориш учун салкам 70 километр йўл босишга тўғри келарди.

    15 февралдан бошлаб Андижон—Нукус ва Нукус—Андижон йўналишларида ҳам поездлар қатнови йўлга қўйилди. Бу билан водийдан олис Қорақалпоғистонга йўлга чиқиш истагидаги кишиларнинг мушкули анча осонлашади.

    - Бугунгача Қўқон-Наманган-Қўқон ва Қўқон-Марғилон-Андижон йўналишларида шаҳарлараро поездлар йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Дарвоқе, энди ҳафтанинг ҳар сешанбасида Фарғона водийси бўйлаб ҳалқа электропоезди юради. Намангандан йўлга тушган поезд Андижон, Марғилон ва Қўқон бекатларида тўхтаб ўтиб, яна Наманганга қайтиб келади. Чипта нархи ҳам қиммат эмас — 16 минг сўм», — дейди Наманган темир йўл вокзали бошлиғи Баҳодир Набижонов.

    16 февраль, соат 22:08. Тошкент марказий вокзалидан ҳаракатини бошлаган «Тошкент-Наманган-Андижон» ва «Андижон-Наманган-Тошкент» йўналишидаги 64/63-сонли йўловчи поезд Наманган шаҳар вокзалига илк йўловчилари билан етиб келди. Фуқаролардан бири манзилида ўз вақтида ҳозир бўлганини таъкидлади.

    Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур йўналишдаги поезд тунда Ҳаққулобод вокзалида ҳам 1-2 дақиқа тўхтаб, Андижонга йўл олди.

    - Эндиликда Нориндан Тошкентга тўғридан-тўғри поездда бориш имкони бор. 2008 йилдан, яъни 13 йилдан бери пойтахтимизга Наманганнинг ўзидан рейс йўқ эди. Бугун «пассажир» поездини қабул қилдик, тажриба-синови муваффақиятли ўтди. Бу, албатта, қувонарли ҳол. Худо хоҳласа, ҳамюртларимиз учун янада яхши бўлади. Бехатар сафарлари таъминланади, - дейди 61-Ҳаққулобод бекати раҳбари Нурилло Аҳмаджонов.

    17 февраль, эрталабки соат 8:55. Андижон вокзалидан ҳаракатини бошлаган «Андижон-Наманган-Тошкент» йўналишидаги 64/63-сонли йўловчи поезди Наманган шаҳар вокзалидан ўзининг биринчи йўловчиларини Тошкент шаҳрига олиб кетди ва қарийб 5 соат давомида эсон-омон манзилга элтиб қўйди.

    - Очиғи, хурсандчилигимиз чексиз. Сабаби 15 йилдан буён кутилган янгилик. «Қамчиқ» довонидан Тошкентга кўп қатнайман. Йўл ҳақи қониқтиради, чипта нархи ўртача, хуллас, ҳаммаси маъқул. Автомобилга чиқадиган бўлсак, 150 минг сўмгача кўтарилиб кетарди. Айниқса, кексалар ва болалар эркин ва қийналмай манзилга боришлари учун айни муддао бўлди, поезд бошқачада. Шу қулайлик учун Юртбошимизга, темир йўл тизими мутасаддиларига ва ходимларига, поезд хизматчиларига самимий миннатдорлигимизни билдирамиз, - дейди йўловчилардан бири Муродали Асқаров мамнун ҳолда.

    «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамиятининг тезюрар поездлар ҳаракати бўйича масъул Баҳром Каримов биз билан суҳбатда қуйидагиларни сўзлаб берди. «Ҳозирга қадар Андижон, Марғилон, Қўқон ва Поп вокзаллари орқали Тошкент, Бухоро, Хива ҳамда Термиз шаҳарларига йўловчи поездлар қатнови амалга ошириб келинаётган эди. Энди эса водийга Наманган шаҳри орқали поезд қатнови маҳаллий аҳоли талаб ва истакларидан келиб чиқиб йўлга қўйилди.

    Қолаверса, Президентимизнинг бу борадаги фармони ва топшириқлари ижросини бажариш, ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш мақсади ҳам кўзланган. Мазкур поезд йўналиши давомида Поп вокзали, Чуст, Тўрақўрғон, Ровустон станциялари ҳамда Наманган вокзали, шунингдек, Чортоқ, Уйчи, Ҳаққулобод, Пойтуғ станцияларидан ўтиб, Андижон вокзалига кириб боради. Вагон ва купеларимизда барча шароит ва қулайликлар мавжуд. Аввало, Наманган аҳлини табриклаймиз ва барчани поездда юришга таклиф қиламиз!..»

    Ҳа, гуллар шаҳри Наманганга узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна поезд қатнай бошлади. У ўзи билан наманганликларга шодлик ва қувонч олиб келди.

    Орифжон ЖЎРАЕВ,
    «Янги Ўзбекистон» газетасининг Намангандаги мухбири.

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech