Ҳафта охирига келиб, ҳарорат яна 2-3 даражага пасаяди

    Яшил сайёра 7 август 2023 1604

    Республика гидрометеорология хизмати маркази ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

    Кеча Ўзбекистон ҳудудига Урал ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво тарқала бошлади. Республиканинг қатор ҳудудларида бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиб ўтди, баъзи жойларда момақалдироқ кузатилди. Ҳаво ҳарорати ҳудуднинг катта қисмида 30-35 даражагача пасайди.

    Бугун ва эртага республика бўйича ҳарорат асосан 30-35 даража, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 37-39 даражагача бўлган нисбатан салқин об-ҳаво сақланиб туради. Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, бугун куннинг иккинчи ярмида Тошкент вилояти бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Айрим жойларда шамол тезлиги чанг-тўзон билан 13-18 м/с гача кучайиши мумкин.

    Ҳафта ўртасида Ўзбекистон бўйича ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кўтарилади ва 35-37 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда 38-39 даражагача бўлади.

    Ҳафта охирига келиб, ҳарорат фони яна 2-3 даражага пасаяди.

    Пойтахтимизда: бугун 7 август куни ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши, шамол тезлиги 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат 30-32 даража бўлади.

    8-11 август кунлари ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий йўналишдаги шамол тезлиги бироздан ўртачагача эсади. Ҳарорат 8 августда 32-34о, 9-11 августда 34-37о бўлади.