Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, яқинда фаолият бошлаши кутилаётган Ҳамширалар академиясида Туркия соғлиқ билимлари университетининг “Ҳамширалик иши” факультети очилади. Бу бўйича Туркия Президенти томонидан тегишли қарор қабул қилинди.
Таъкидланишича, мазкур ўқув юрти Туркиядаги ягона ихтисослашган тиббиёт университети бўлиб, олий таълим муассасасига 1903 йили асос солинган. Шунингдек, мазкур ўқув юрти Европанинг етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университет қатор халқаро рейтингларда юқори поғоналарда қайд этилади.
Юртимизда очиладиган янги факультетда эса олий малакали ҳамширалар 4 йиллик таълим дастури бўйича тайёрланиб, қабул учун тест синовлари туркиялик мутахассислар томонидан олинади.
Эътиборлиси, ушбу нуфузли факультетда таҳсил оладиган талабалар "Ҳамширалик иши" йўналишида бакалавриатдан кейин магистратура, аспирантура ва докторантура босқичларида ўқишлари мумкин.
Бу ерда ўқув машғулотлари туркиялик юқори малакали ўқитувчи ва профессорлар томонидан олиб борилади. Қолаверса, талабаларни тиббиёт соҳасидаги илғор тажрибалар билан яқиндан таништириш мақсадида уларнинг Туркия клиникаларига стажировкалари ҳам ташкил этилади.
Маълумот ўрнида: 2019 йили Ўзбекистон ва Туркия соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида тузилган англашув меморандумига асосан Бухоро давлат тиббиёт институти негизида Соғлиқ билимлари университетининг тиббиёт факультети ва Малакали тиббий хизматлар олий мактаби фаолият кўрсатмоқда.