Беҳзод Мусаев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида икки давлат ўртасида темирйўл ва автобус ҳайдовчиларини, ҳамшираларни тайёрлаш бўйича амалий келишувларга эришилганини маълум қилди.
— Президентимизнинг Германияга бўлган аввалги ташрифларида миграция бўйича икки мамлакат ўртасида битим тузиш ва имзолаш бўйича топшириқ олган эдик. Ўтган бир йил давомида ҳар икки давлат вакиллари ўзаро учрашдик. Самарқандда ўтган Ўзбекистон—Германия олий даражадаги музокаралар натижасида бир қатор ҳужжатлар қатори ушбу битим ҳам имзоланди. Бу Германия бозоридаги ишчиларга бўлган талаб юқори бўлган бир даврда биз икки мамлакат орасидаги қилинган битимни шаффоф, ташкиллаштирилган миграцион жараёнларни йўлга қўйишни биринчи қадами бўлиб турибди.
Битим ёрдамида ҳайдовчилар тайёрлаш бўйича Германиянинг Deutsche Bahn ташкилоти билан, ҳамшираларни тайёрлаш бўйича эса Globogate ташкилоти билан ҳамкорлик қилинади. Масалан, шу йилнинг ўзида 800 нафардан ортиқ ҳамшира ташкилий равишда Германияга юборилмоқда. 400 нафари кетиб бўлди. Қолганлари тил имтиҳонларини топширмоқда. Ҳамшираларимиз камида 2200 евро маоши олади. Ундан ташқари, юртдошларимиз учун немисларнинг юқори технологиясини ўрганишга имконият яратилади.