Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Германиянинг «Аcоннеcта» компанияси бош директорлари Анастасия Кол ва Алексей Свердлов билан учрашди.
Унда Ўзбекистон фуқароларининг ташкилий тарзда Германияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш соҳасида алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида вазирлик ва мазкур ташкилот ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандуми ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан «Аcоннеcта» компанияси ўртасида Битим имзоланди.
Эндиликда германиялик ҳамкорлар билан Ўзбекистон фуқароларини Германияга жўнаб кетиш олдидан касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда тайёрлаш бўйича лойиҳа ишга туширилади.
Лойиҳа доирасида мамлакатимиздаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида Германия стандартлари асосида ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курслари йўлга қўйилади. Келгуси йилда 400 нафар ҳамшираларни Германия клиникаларида ишлаш учун юбориш режалаштирилмоқда.
Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган фуқароларни Германияда муносиб иш ва яшаш шароити билан таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялаш бўйича икки томонлама чоралар кўрилади.