Ҳақиқий бахт — оилада. Болалар бу масканда меҳр тафтини яққол сезади

    Термиз шаҳрида яшовчи хусусий тадбиркор Умид Ғаиров ва Барно Омонова хонадонида ҳам 10 бола тарбияланмоқда. Улардан икки нафари — Ислом Каримов ва Жаҳонгир Холиёров Тошкент давлат юридик университетининг 1-курс талабаси. Йигитлар ўқишга давлат гранти асосида қабул қилинган.

    Халқимизнинг болажонлиги ортиқча таърифу тавсифга муҳтож эмас. Юртимиз ўтмишининг қайси даврини ўрганманг, ўзбекнинг болапарварлигига гувоҳ бўласиз. Бу меҳр-мурувват уйлар оша бошқа хонадонларга ҳам кириб бораётгани фикримиз тасдиғидир. “Боланинг бегонаси бўлмайди”, “Бир болага етти маҳалла — ота-она” каби ҳикматлар неча ўн йилларки, тилдан тилга кўчиб юрган халқнинг ёш авлодга ғамхўрлиги ҳақида, яхшиси, ҳаётий мисоллар сўзлагани маъқул.

    Зотан, ҳатто бегонанинг боласига ҳам ўз боласидек эътибор ва ғамхўрлик билан қарайдиган миллатлар дунёда жуда кам. Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг оилаларга берилгани халқимиздаги болапарварлик фазилатини намоён этувчи калит вазифасини ўтади.

    Бу чора-тадбирнинг замиридаги ҳақиқат нечоғли теран эканини ёши улуғларимиз яхши англади. Меҳрибонлик уйларида ейиш-ичиш, кийим-кечак, ўйинчоғу кўнгилочар воситалардан ками бўлмаган болалар учун оила, ота-она тарбияси ғоят муҳим эди. Улар табиий муҳитдагина шаклланиб, инсоний хислатларини такомиллаштира бориши учун росмана оила зарур эди.

    Давлатимиз раҳбари мана шу ҳақиқатни илғаб, болаларни ўз бағрига олишга тайёр оилаларнинг кенгайишига розилик билдирди. Халқимиз бу чақириққа дарҳол ижобий жавоб бергач, юртимиздаги кўплаб меҳрибонлик уйлари ёпилди. Болалар тўкис оилаларда тарбиялана бошлади.

    Айни пайтда Сурхондарё вилоятидаги бешта болалар уйида 38 ўғил-қиз тарбияланмоқда. Жумладан, Термиз шаҳрининг Гулистон маҳалласидаги Муҳаббат Холиқова хонадонида 4 бола тарбияланаётир. Уйдаги тартиб-интизом, озодалик, илиқ муҳит инсоннинг руҳиятини равшан торттиради. Шинам хонадон атрофидаги гулзор, китоб жавонидаги ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари ўғил-қизларнинг билимга чанқоқлиги ва изланишидан, стол тенниси анжомлари спорт билан ошнолигидан дарак беради.

    Aйниқса, “Менинг мақсадим” доскасидаги битиклар болаларнинг беғубор олами ва юксак орзуларини ифода этади. Уларни ўқиб, бу жажжи кўнгилларда Ватанга, онага, оилага, катталарга, меҳнатга, билимга ҳурмат ва меҳрни илғаш қийин эмас. “Мен катта бўлсам, журналист бўламан ва “Онамни кўргани бораман…” деган кўрсатув тайёрлайман”; “Мақсадим — олий маълумот олиб, Ватанимиз равнақи учун хизмат қилиш”; “Мен ҳарбий бўламан, юртимизни, оиламизни қўриқлайман”… Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

    Асосийси, ота-оналар фарзандларининг қалбига фақат оғзаки мулоқот билан эмас, балки ёзма суҳбатлар орқали кириб бораётир. Яна бир муҳим жиҳат: болалар оилада қариндошлик ришталари, оғайни-биродарлик муносабатлари ва бу туйғулар ўта қадрли эканини аллақачон англаган. Уларнинг сўз бойлигида бобо, момо, амма, хола, тоға, жиян каби сўзлар тез-тез янграйди. Тўғри, бу сўзларни улар аввал ҳам қўллаган, аммо ўшанда пинҳоний дийдор туйғуси сифатида ишлатган. Ҳозир эса меҳр, муҳаббат ва ишонч билан катта оила даврасида бу сўзларни айтмоқда.

    Бу хонадонда камолга етган Умида Убайдуллаева айни пайтда Тошкент давлат тиббиёт академияси Термиз филиалида давлат гранти асосида таълим олмоқда. Болаликдан унинг орзуси тиббиёт ходими бўлиш, дардмандларга шифо улашиш эди. Мана, энди орзулари ушалишига бир қадам қолди. Яқинда унга Термиз тумани Янгиер маҳалласида барча шарт-шароитга эга, икки хонали шинам уй қуриб берилди. Умиданинг бундан севинчи чексиз, албатта. Мустақил ҳаётга қадам қўйиш учун бундан ажойиб имконият бўлмайди.

    Термиз шаҳрида яшовчи хусусий тадбиркор Умид Ғаиров ва Барно Омонова хонадонида ҳам 10 бола тарбияланмоқда. Улардан икки нафари — Ислом Каримов ва Жаҳонгир Холиёров Тошкент давлат юридик университетининг 1-курс талабаси. Йигитлар ўқишга давлат гранти асосида қабул қилинган. Ҳар сафар уйга келишганида уларнинг “Aяжон, дадам билан сизнинг юзингизни асло ерга қаратмаймиз. Ҳали сиз фахрланиб юрадиган фарзандлар бўламиз. Билдирилган ишончни оқлаб яшаймиз”, деган гапларини эшитиш ота-онага олам-олам қувонч бағишлайди.

    Барно опа тикувчиликка қизиққани сабаб ҳар бир бола учун махсус кўрпачалар тиккан. Чойшабларнинг бежиримлиги ва озодалиги болалар учун ниҳоятда муҳим. Қизлар онасига қараб, уй-рўзғор тутишни, бекалик сир-асрорларини ўрганади. Шу тарзда мустақил ҳаётга тадорик кўради. Оиланинг қизи Лида Конвалидо қўғирчоғини меҳр билан ўйнар экан, саволларимизга соф ўзбекчада бурро-бурро жавоб берди.

    Дарвоқе, оилавий саёҳат хонадонда одат тусига кирган. Ҳафтанинг муайян кунлари болалар вақтини ошна-оғайнилари даврасида ёки бобо-момоси суҳбатидан баҳраманд бўлиб ўтказади. Шунингдек, ҳарбийлар билан учрашув, тоғ ёнбағри, спорт майдончалари, қорабайирлар сақланадиган отхона, ҳайвонот олами, полиз экинлари майдони каби жойларга тез-тез саёҳат уюштириб турилади. Бу болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланиши, ҳаётни англашида катта аҳамиятга эга.

    Болалар оилаларга топширилган билан уларнинг аҳволидан тегишли масъуллар мунтазам хабардор бўлиб боради. Тарбияланувчиларнинг бекаму кўст улғайиши ва орзу-ниятларини амалга ошириш учун кўмаклашади. Жумладан, “Меҳр дафтари” электрон платформасига киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум ўғил-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган йўл харитаси ишлаб чиқилади.

    Ўтган йили васийлик ҳамда ҳомийлик асосида “Меҳр дафтари” электрон платформасига киритилган 66 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум боладан 39 нафарига ёрдам берилган. Хусусан, IT ва замонавий касбларга иштиёқи баланд 26 болага ноутбук, чеварликка қизиққан 8 қизга тикувчилик машинаси, шунингдек, оилавий болалар уйида тарбияланаётган 10 болага велосипед ҳамда 7 қизга чангюткич олиб берилган.

    Термиз туманидаги болалар уйи Шароф Рашидов маҳалласидаги 31-хонадонда жойлашган. Бу ерда яшовчи Комилжон Тошпўлатов ва Дилоромхон Суюндиқованинг болажонлиги, ширинсўзлиги ва, албатта, катта қалб эгаси экани юз-кўзидан билиниб туради. Болаларнинг ота-онасига “дадажон”, “аяжон” дея мурожаат қилиши хонадондаги қайноқ меҳрли муҳитдан далолат беради.

    Ўғил-қизларнинг яшаш шароити билан яқиндан танишиш учун кенг ҳовли бўйлаб кезишимизга тўғри келди. Сабаби, болалар дам олиш хоналари, ошхонадаги жойи, дарсхонаси, ётоқжойи билан таништиришга ошиқарди. Бири қўйиб, иккинчиси хонадондаги шарт-шароитлар ҳақида тўлқинланиб гапирарди.

    Кичкинтой Достон Раҳимбоев ва Сарваржон Бегматовнинг орзуси, қизиқиши, Ватан ҳақида ёд олган шеърлари, қатнашаётган тўгараклари ҳақида батафсил билиб, бир ҳақиқатга амин бўлдик: ўксик қалбга фақат эътибор ва меҳр керак. Достонжон билан суҳбатда болакайнинг беғуборлиги ва самимиятидан ниҳоятда завқландик. У қайсидир фильмдаги каби катталарнинг “Достонууууу” деб чақиришини ёқтиришини айтди. Ҳовлининг бурчагида турган велосипедини кўрсатиш учун қўлимиздан тутиб борар экан, ҳаяжон билан: “Бу менга берилган энг зўр совға. Уни дадам билан аям олиб берган”, деди болаларча мақтаниб.

    Aнгор тумани Янги турмуш маҳалласида яшовчи фуқаро Замира Нормуродованинг хонадонида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 8 нафар вояга етмаган тарбияланмоқда. Уларнинг яшаш шароити, қизиқишлари, орзу-истакларини амалга ошириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган. Хонадонда болалар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан, уларнинг ётоқжойи, овқатланиш рациони, дарсхонаси ва китоб жавонлари, кийиниш ва ювиниш хоналари, дарсликларининг аҳволи бошқаларникидан қолишмайди. Ҳар бир хонада телевизор, компьютер, совиткич, спорт анжомлари қўйилган.

    — Ўзим тандирда нон ёпаман. Соғин сигиримиз бор, ҳовлида мева-сабзавотлар ғарқ пишиб ётибди, — дейди Замира Нормуродова. — Болаларимнинг кўнгли нима тусаса, шуни муҳайё қилиш учун ҳаракатдамиз. Уларнинг саломатлиги доимий эътиборда. Мунтазам тиббий назорат ўрнатилган. Поликлиникадан бириктирилган шифокор ва ҳамширалар келиб, тез-тез хабар олади.

    Уй бекаси айтганидек, иссиқхонадаги бодринг, помидор, булғор қалампири кабилар ҳосилини кўтаролмай эгилиб турибди. Секингина дилдан суҳбат учун болаларга юзландим. Уларнинг ҳар бири қизиқиши ва келажакдаги орзу-мақсади ҳақида гапирар экан, нигоҳи ишончдан порлаганини кўрдик. 17 ёшли Aмалиянинг беш тилда равон сўзлай олиши, Отабекнинг замонавий мусиқа санъати билан шуғулланишини намуна сифатида эътироф этиш мумкин.

    Турли танловларнинг ғолиби сифатида ўртоқларига ўрнак бўлаётган Отабек Aбдалимов “Беш ташаббус” олимпиадасининг туман босқичида 1-ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Бу натижага эришишида болакайнинг ноёб истеъдодини қўллаб-қувватлаётган хонадон соҳибларининг ҳам ҳиссаси катта.

    Хонадоннинг яна бир аъзоси — Aзаматжоннинг сўзларини тинглаб, болаларнинг самимий истакларини билиш учун улар қалбига яқиндан қулоқ солиш кераклигини сезиш қийин бўлмади. Болакай ҳақиқий бахт оилада эканини секингина, аммо катта ишонч ва қатъият билан айтди. Дарвоқе, улар таҳсил олаётган 23-мактабга бориб, суҳбатлашиш чоғида ҳам муассаса раҳбарияти, психологи, синф раҳбарлари ва фан ўқитувчилари болаларнинг дарсларда ҳам, тўгаракларда ҳам фаоллигини эътироф этишди.

    Рисоладагидек хонадонда улғайган, оилавий муҳитни кўрган йигит-қизларнинг мустақил ҳаётга тайёргарлиги бошқача бўлади. Айниқса, улар турмуш қурганида ота-онасининг рўзғор тутумидаги ўрнаги катта аҳамият касб этади. Шу маънода мамлакатимизда ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни вояга етказишнинг янгича усули самара бериши шубҳасиз.

    Дилбар НОРМУРОДОВА,

    Сурхондарё вилояти оила ва хотин-қизлар

    бошқармаси бошлиғи ўринбосари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates