Айниқса, фуқароларнинг ўзига тегишли хусусий мулк ва ер-жойни расмийлаштириб олиши ҳуқуқини берадиган қонуннинг қабул қилиниши миллионлаб юртдошларимиз кутаётган тарихий ҳужжат бўлди. Бу ўтган йиллардаги энг муаммоли соҳалардан бири бўлган кадастр хизматининг 2017 йилдан кейин тубдан янгиланиб, фуқаролар билан бевосита ишлайдиган, уларнинг мурожаатларини тезкор, қисқа вақтда, ортиқча қоғозбозликсиз ҳал этадиган тизимга айлангани билан боғлиқ.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги байрами арафасида “Содиқ хизматлари учун” медали билан мукофотланганимни эшитиб, шулар ҳақида ўйладим. Бу нафақат менинг, балки бутун жамоамиз меҳнатига берилган юксак баҳо эканини ҳис қилдим. Кадастр тизимидаги катта ислоҳотлар орқали мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганим, юртдошларимизнинг ер ва хусусий мулк билан боғлиқ масалаларига ечим топишда иштирок этаётганимдан ғурурландим.
Юртимизда замонавий кадастр тизимини ривожлантириш, халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган аниқ ва ишончли маълумотларни шакллантириш, уларни илғор технологиялар ёрдамида амалиётда фаол қўллашни вазифа қилиб олганмиз. Ислоҳотлар орқали ер ва кадастр соҳасида шаффофликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, одамлар манфаатини ҳимоя қилиш ҳаракатидамиз. Бу йўлда рақамли технологиялар, геоахборот платформалари ва замонавий ахборот тизимларидан кенг фойдаланишга интиляпмиз. Боиси, бу соҳада ҳар бир рақам, ҳар бир координата мамлакатимиз келажаги, иқтисодий режалар ва фуқаролар манфаатига хизмат қилади.
Кадастр соҳаси катта йўналиш бўлиб, баъзилар ўйлаганидек, ерни ўлчаш билангина шуғулланадиган тизим эмас. Айниқса, кейинги йилларда соҳанинг замонавий йўналишлари, хусусан, фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмасини яратиш, аэрокосмик суратга олиш, топографик ва геодинамик тадқиқотларни йўлга қўйиш орқали картографик мониторинг олиб боришда мутлақо янгича ёндашувлар амалга ошириляпти. Чунки ернинг аниқ қиёфаси нафақат геодезия соҳаси ютуғи, балки бутун иқтисодиёт тараққиёти, тўғри қарорлар қабул қилиниши учун асосий манбадир.
Ана шу жараёнларнинг ҳар бирида шаффофлик ва аниқликни таъминлаш ниҳоятда муҳим. Айниқса, давлат чегараларини аниқлаш ва мустаҳкамлаш соҳадаги энг масъулиятли вазифалардан бири. Чегарадош давлатлар билан музокараларда иштирок этиш, аниқ координаталарни белгилаш, картографик ва гидрографик маълумотларни тайёрлаш жараёнининг барчасида ҳар бир ҳужжат, ҳар бир чизиқ Ватан манфаатини акс эттиради.
Бугун Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг умумий узунлиги 7109 километрга яқин. Шундан 99 фоизида делимитация ишлари якунига етказилган, 1 фоизида жараёнлар давом этяпти. Хусусан, ўзбек — қирғиз, ўзбек — тожик ҳамда ўзбек — туркман давлат чегарасида демаркация қилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Масалан, Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегарасини тартибга солиш мақсадида географик объектлар, жойларнинг рельефи ва табиий объектлардан фойдаланиш имкониятларини инобатга олиб, лойиҳавий демаркация чизиғи ўтиши юзасидан Ўзбекистон манфаатидан келиб чиқиб таклифлар тайёрланган. Ўзбек — тожик давлат чегарасида эса чегара белгиларини ўрнатиш юзасидан томонлар билан бирга ишчи лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Улар асосида ўзбек — тожик давлат чегараси чизиғига чегара белгиларини ўрнатиш ишлари ҳам параллел тарзда бажариляпти.
Табиат инъом этган катта бойлик — 44 миллион 900 минг гектар майдонга эга халқмиз. Демак, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни ривожлантириш имкониятимиз ҳам анча юқори. Бундан янада тўғри ва унумли фойдаланиш учун ҳар қарич ернинг аниқ ҳисоби бўлиши керак. Кадастр соҳасидаги катта қадамлардан яна бири ҳам шу билан боғлиқ.
Юртимизда 2022 йил 1 майдан бошлаб илк марта қишлоқ хўжалиги ерларини рўйхатдан ўтказиш тизими йўлга қўйилган эди. Шундан сўнг бошқа майдонларни ҳам хатловдан ўтказиш жараёни бошланди. Ҳисоб-китоби мунтазам янгилаб бориладиган ер майдонлари хатлови натижаси эса “UZKAD” электрон тизимига киритиб борилади. Бугун мамлакатимизнинг жами ер майдонидан 42,5 миллион гектари ёки 95 фоизи ана шу тизимга киритилиб, электрон харитаси яратилди. Қолаверса, 42,1 миллион гектар майдон жами 1,9 миллион ердан фойдаланувчи кесимида кадастр йиғма жилдлари шакллантирилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ер — умуммиллий бойлик. Умуммиллий бойлик тушунчаси эса мамлакат ер фондининг умумий тарзда давлат мулки эканини англатади. Бошқа табиий ресурслар каби ер ҳам давлат муҳофазасида бўлгани сабабли ундан оқилона, тўғри ва илмий асосланган тарзда фойдаланиш лозим. Ноқонуний хатти-ҳаракатлар эса жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу боис, Кадастр агентлиги бу борада ҳам доимий назорат тадбирларини ўтказади. Хусусан, жорий йилнинг етти ойида амалга оширилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижасида 35 минг 449 та ҳолатда 2448,4 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Берилган ёзма кўрсатмалар асосида 24 минг 382 та ҳолатда 1202,6 гектар, яъни 69 фоиз ерда қонун бузилиши ҳолатлари ихтиёрий равишда бартараф этилди.
Шу билан бирга, ўтган ярим йилликда геодезия ва картография фаолиятига оид 132,3 миллиард сўмлик ишлар экспертизадан ўтказилди. Махфий картография ва геодезия материалларини бериш бўйича 1608 та материал фойдаланувчиларга тақдим этилди. Шунингдек, “Лицензия” АТ орқали юборилган 75 та хабарнома таҳлил қилиниб, реестрда ҳисобга олинди.
Умуман, кадастр тизимининг ҳар бир ислоҳоти ортида минглаб мутахассисларнинг меҳнати, фидойилиги ва масъулияти бор. Бу жараёнларда иштирок этиш, билим ва тажрибам билан ҳисса қўшиш — мен учун катта бахт.
Кўксимга тақилган юксак мукофот эса бу йўлда янада кўп куч ва ғайрат бағишлайди. Олдимизда катта вазифалар, янги ислоҳотлар ва юксак мақсадлар турибди. Уларни амалга оширишда ташаббускор, фидойи бўлишимиз лозим. Бундан кейин ҳам мустақил Ўзбекистонимизда кадастр соҳасини янада ривожлантириш, дунё андозаларига мос, юртимиз келажагига муносиб лойиҳалар яратишга ҳисса қўшишни мақсад қилганман.
Тўлқин АБДУЛЛАЕВ,
Кадастр агентлиги директори
ўринбосари, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби








