Ўзбекистон сўнгги йилларда ташқи сиёсатдаги очиқлик, ўзаро манфаат ва ишонч тамойилларига таянган янги дипломатия модели орқали халқаро нуфузини сезиларли даражада оширяпти. Оқилона сиёсат янги Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятида фаол, тенг ҳуқуқли, ишончли ҳамкор сифатида танитмоқда.
Айниқса, етакчи давлатлар, хусусан, АҚШ билан муносабатларнинг янги босқичга кўтарилиши мамлакатимиз ташқи сиёсатининг изчил ва прагматик йўналишини яққол намоён этади. Илгари амалга оширилган расмий ташрифлар ва ўтказилган мулоқотлар Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлиги учун мустаҳкам асос яратиб берди. Бу жараён туфайли икки давлат ўртасида иқтисодиёт, инновация ва таълим соҳаларида қатор йирик лойиҳалар йўлга қўйилди, стратегик шерикликнинг мазмуни янада бойиди.
Президентимизнинг яқинда АҚШга амалий ташрифи ана шу изчил сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида икки мамлакат муносабатларини янги босқичга олиб чиққани билан диққатга сазовор бўлди. Яъни мазкур ташриф нафақат иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, балки рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва таълим соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этди. Шу тариқа давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи Ўзбекистоннинг халқаро сиёсий жараёнлардаги фаол иштирокини, очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини яна бир бор амалда намоён этди.
Ўзбекистон учун стратегик бурилиш нуқтаси
Давлатимиз раҳбарининг “C5+1” форматидаги саммитда иштирок этиши бугунги янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегик йўналишларини яққол намоён этган муҳим воқеадир. Мазкур формат 2015 йилда йўлга қўйилган бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ушбу давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни кўзда тутади. Бугун эса у минтақавий интеграция ва глобал шерикликнинг энг самарали дипломатик майдонларидан бирига айланди.
Шунингдек, саммит Ўзбекистоннинг минтақада фақат иштирокчи эмас, балки янги ғоя ва ташаббусларни илгари сураётган давлат сифатида танилишига хизмат қилди. Давлатимиз раҳбарининг келгуси йилда Самарқанд шаҳрида “C5+1”нинг навбатдаги саммитини ўтказиш, доимий котибиятлар ташкил этиш, инвестиция ва савдо соҳасида мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш ҳамда “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” жамғармасини ташкил этиш каби долзарб таклифлари бу платформанинг мазмунан янги босқичга кўтарилишини англатади.
Музокаралар асосан минтақавий иқтисодий барқарорлик, энергетика хавфсизлиги, транспорт ва савдо йўналишларини диверсификация қилиш, шунингдек, экология ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилди. Бу йўналишларда АҚШ билан ҳамкорлик нафақат инвестиция жалб қилиш, балки янги технологиялар ва инновацияларнинг минтақамизга кириб келишига замин ҳозирлайди.
Ўзбекистон бу жараёнда барқарор иқтисодий ривожланиш, транспорт инфратузилмасини янгилаш ва “яшил” энергия соҳасидаги ҳамкорликни устувор вазифа қилиб олган. Масалан, қайта тикланувчи манбалар улушини ошириш бўйича АҚШ технологияларини жалб этиш режаси минтақавий барқарорликка катта ҳисса қўшади. Шу жиҳатдан “C5+1” формати нафақат сиёсий мулоқот майдони, балки амалиётга қаратилган иқтисодий лойиҳаларни мувофиқлаштирувчи платформа сифатида ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундан ташқари, саммитда инсон капиталини ривожлантириш ва таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтириш масаласига ҳам катта эътибор қаратилди. Бу ташаббуслар, айниқса, ёш авлодни инновация ва рақамли технологияларга йўналтириш, таълим тизимини глобал стандартларга яқинлаштириш нуқтаи назаридан муҳим. Президентимизнинг бу борадаги фикрлари Марказий Осиёдаги барқарор тараққиётнинг асосий омили инсон салоҳияти эканига оид стратегик қарашни ифода этади.
“C5+1” саммитининг яна бир муҳим жиҳати минтақавий хавфсизлик ва геосиёсий барқарорлик масалаларидаги бирдамликдир. Бугун Марказий Осиё Афғонистондаги вазият, сув-энергетика ресурслари ва транспорт йўлакларининг геосиёсий аҳамияти нуқтаи назаридан стратегик ҳудуддир. Бу шароитда Ўзбекистоннинг конструктив ва очиқ ташқи сиёсати минтақа давлатларини яқинлаштириш, ҳамкорлик орқали муаммоларни ҳал қилиш ғоясини илгари сурмоқда.
Ташриф натижалари мамлакатимиз минтақада умумий барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган ёндашувни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди. Бу сиёсат нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда ҳам юқори баҳоланмоқда. Шунинг учун ҳам Президентимизнинг 2026 йилда Самарқандда “C5+1” саммитини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистоннинг дипломатик нуфузи ва етакчилик салоҳиятининг амалдаги тасдиғидир. АҚШ етакчисининг Ўзбекистонга таклиф этилиши эса очиқлик ва ишонч муҳитининг амалий ифодаси бўлди.
Бундай саммитлар нафақат давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқотни, балки халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч, дўстлик ва маданий яқинликни мустаҳкамлайди. Иқтисодий ҳамкорлик янги иш ўринлари, технологиялар кириб келишига замин яратса, таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлик ёш авлоднинг дунёқарашини кенгайтиради, замонавий билим ва инновацияларга етаклайди.
Иқтисодий ўсиш ва стратегик имкониятлар
Иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик Ўзбекистоннинг глобал майдондаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда. Бунинг яққол намунаси сифатида “Uzbekistan Airways”нинг “Boeing” компанияси билан тузган 8 миллиард долларлик шартномаси мамлакат авиация соҳасини замонавийлаштириш йўлидаги катта қадам бўлди. Янги “Boeing 787 Dreamliner” самолётлари йўловчилар учун қулай ва хавфсиз парвоз имконини бериш билан бирга Ўзбекистоннинг халқаро туризм ва транспорт логистикаси марказига айланишига хизмат қилади. Бу келишув шунчаки иқтисодий шартнома эмас, балки жаҳон авиация бозорида мамлакат нуфузи ва рақобатбардошлигининг ошганини кўрсатади.
АҚШ билан музокаралар натижасида рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳам муҳим янгиликлар кутилмоқда. Яқин вақтларда “Apple Pay” ва “Google Pay” тўлов тизимлари ишга туширилиши юртдошларимиз учун катта қулайлик яратади, замонавий молиявий хизматлар ривожига туртки беради. Бу жараён рақамли иқтисодиётни кенгайтириш, онлайн савдони ривожлантириш ва бизнес муҳитини янада шаффофлаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, рақамли академия ва стартап хабларини ташкил этиш орқали ёшлар учун янги имконият эшиклари очилади. Ушбу лойиҳалар ёшларнинг инновацион тафаккури, замонавий технологияларни ўзлаштириши ва рақобатбардош стартапларни яратиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам муҳим келишувлар амалга оширилди. “John Deere” компаниясидан 300 миллион долларлик замонавий техника харид қилиниши деҳқонлар меҳнатини енгиллаштириб, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, “Valmont Industries” билан сувни тежайдиган ирригация тизимларини жорий этиш бўйича келишув табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур лойиҳалар қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш маданиятини янгилаб, агротехнология соҳасида янги босқични бошлаб беради.
Икки мамлакат ўртасида уран, мис, вольфрам, молибден ва графит каби стратегик хомашёларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича келишувларга эришилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Булар келгусида мамлакатимизда янги ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйиш, юқори технологияли маҳсулотни экспорт қилиш салоҳиятини ошириш ва иқтисодиётни диверсификациялашга замин ҳозирлайди.
Ташриф доирасида тузилган бу келишувлар нафақат иқтисодий манфаат, балки халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган амалий чоралардир. Янги иш ўринлари очилиши, рақамли хизматларнинг кенгайиши, замонавий техника ва технологиялар кириб келиши, экология соҳасидаги барқарорлик — буларнинг барчаси аҳоли турмуш даражасига тўғридан тўғри ижобий таъсир кўрсатади.
Халқаро ҳамкорликка йўл
Ушбу ташриф Жиззах давлат педагогика университети делегацияси учун ҳам ўзига хос илҳом манбаи бўлди. Сабаби, делегация вакиллари давлатимиз раҳбарининг стратегик ташаббусларини ўша ерда кузатиш, замонавий олий таълим муассасаларидаги илғор тажрибаларни бевосита кўриш имкониятига эга бўлди. Масалан, Массачусетс штатидаги Гарвард университети дунёдаги энг нуфузли ва энг кучли университетлардан бири сифатида профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун замонавий билим стандартлари ҳамда инновацион педагогик усуллар намунаси бўлди. Массачусетс технология институти вакиллари билан учрашув эса сунъий интеллект ва илмий-техник тадқиқотлар соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш имконини берди. Фикримизча, бу тажриба университетимиз учун келажакда илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлашда жуда муҳим.
Шунингдек, Нью-Йоркдаги Колумбия университети ҳамда Нью-Йорк шаҳар университетлари билан ҳамкорлик эса педагогик инновациялар ва академик алмашувнинг амалий механизмларини қўллаш учун йўл очди. Делегация замонавий силлабусларни мувофиқлаштириш ва қўшма курслар тузиш борасида аниқ келишувларга эришди.
Жоржия университетида бўлиб ўтган халқаро конференция делегация учун инглиз тилини чет тили сифатида ўқитишда илғор методикаларни ўзлаштириш имконини берди. Бу университетимиз учун педагогик инновацияларни жорий қилиш, талабаларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда келгусида шу каби халқаро конференция ва семинарларни юртимизда ташкил этиш имкониятини беради. Шу тариқа АҚШга сафар университетимиз учун нафақат илмий ва педагогик алоқаларни мустаҳкамлаш, балки инновацион йўналишлар ва халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришда ҳам муҳим қадам бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи стратегик шерикликни мустаҳкамлаш баробарида мамлакатимиздаги Жиззах давлат педагогика университети каби олий таълим муассасалари учун ҳам янги имкониятлар эшигини очди. Педагогик инновациялар, қўшма курслар, халқаро конференциялар ва илмий тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирланди. Албатта, бу ҳамкорлик келгусида университетимизнинг халқаро нуфузини юксалтириш, талабалар, профессорлар салоҳиятини ошириш ҳамда миллий таълимни глобал стандартларга мувофиқ ривожлантиришда муҳим қадам бўлади.
Мақсуд ЙЎЛДОШЕВ,
Жиззах давлат педагогика университети ректори, профессор








