Олимпия шаҳарчаси: ўзбек спортининг илмий-амалий ва ўқув-машғулот маркази

    Спорт 26 август 2025 529

    Олимпия шаҳарчаси сўнгги йилларда соҳада амалга оши­рилган ишларнинг юксак нуқтаси янглиғ бўй кўрсатди.

    Тошкент шаҳрида қуриб битказилган Олимпия шаҳарчаси имкониятлари билан танишиш чоғида Президентимиз стол тенниси ҳаммабоп, арзон ва қулай спорт тури эканини таъкидлаб, ҳар бир мактаб ва маҳаллада уни оммалаштириш, зарур анжомларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

    Мамлакатимиз номдор ва довруқли чемпионлар юртига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Буни хорижлик эксперт ва таҳ­лилчилар эътироф этиши ҳам одатий ҳол­га айланиб қолди. Бутун дунё эътиборини тортадиган халқаро мусобақа ва нуфузли анжуманларга мезбонлик қилиш борасида шаклланган миллий тажриба эса кўпчи­ликнинг ҳавасини уйғотмоқда.

    Юқоридаги фикрлар исботини биргина стол тенниси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Жумладан, жорий йил 28-31 май кунлари 20 га яқин давлатнинг 300 нафардан зиёд ёш спортчиси пойтахтимизда жам бўл­гани, улар иштирокида Халқаро стол тенни­си федерацияси — ITTF таснифидаги “WTT Youth Contender Tashkent” турнири юксак савияда ўтказилгани диққатга сазовор.

    Орадан кўп ўтмай, яъни 26 июнь-2 июль кунлари спорт ҳамжамиятининг нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди. Айни шу са­наларда юртимизда илк бор стол тенниси бўйича ёшлар ўртасида қитъа чемпионати кутилганидан-да аъло даражада уюшти­рилди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Осиё стол тенниси иттифоқи 30 га яқин мамлакат вакиллари қатнашган бу мусо­бақанинг ташкилий жиҳатларини юксак баҳолади.

    Хўш, қисқа муддатда бундай ютуқларга эришишнинг омиллари нималардан ибо­рат? Қандай саъй-ҳаракатлар ушбу муваф­фақиятларга мустаҳкам замин бўлмоқда?

    Истиқлол байрамига муносиб туҳфа

    Янги Ўзбекистоннинг спорт ислоҳот­лари ҳақидаги гапимизни бежиз Олимпия шаҳарчасидан бошламадик. Мазкур мажмуа сўнгги йилларда соҳада амалга оши­рилган ишларнинг юксак нуқтаси янглиғ бўй кўрсатди. Ватанимиз мустақиллиги­нинг ўттиз тўрт йиллик шодиёнаси арафа­сида турли ижтимоий объектлар қаторида энг замонавий ускуналар билан жиҳозлан­ган спорт масканининг очилиши, халқи­миз ибораси билан айтганда, катта тўйга катта тўёна бўлди.

    Олимпия шаҳарчаси қурилишига 2022 йил 9 ноябрда тамал тоши қўйилган. Ўшанда давлатимиз раҳбари бу жой халқи­мизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланиши, меъморий жиҳатдан мукаммал, энергиятежамкор ва илғор ин­новацион ечимларни мужассам қилган ноёб мажмуа бўлишини таъкидлаган эди.

    Шундай бўлди ҳам. Қисқа вақт ичида 100 гектардан зиёд майдонда муҳташам иморатлар қад ростлади. Шаҳарчадаги 5 та асосий спорт иншоотининг бири велодром бўлиб, у мураккаб муҳандислик ечимлари негизида барпо этилган.

    Трекка ёруғлик бир хил ва тенг даража­да тушади. Бу спортчиларга қулай бўлиши билан бирга томоша ва телетрансляция меъ­ёрларига ҳам мос. Ўриндиқлар 2200 кишига мўлжалланган. Халқаро олимпия қўмитаси­нинг янги талаби бўйича томоша жойларига ҳимоя тўсиғи ўрнатилган.

    Биз учун яна бир муҳим томони ве­лодром ўртасида стол тенниси мусобақала­ри ва машғулотларини ўтказиш учун қулай шароит яратилганидир. Бошқача айтганда, оммавийлиги бўйича жаҳонда кучли бешта спорт туридан бири саналган стол тенниси мураббийлари ва мутахассислари уларга энг замонавий маскан тақдим этилганидан қанчалик миннатдорлигини сўз билан таъ­рифлаш мушкул.

    Албатта, ҳаммани қувонтирган ушбу янгилик давлатимиз раҳбарининг жисмо­ний тарбия ва спорт йўналишига, хусу­сан, стол теннисини янада ривожланти­ришга қаратаётган юксак эътиборининг амалий натижасидир. Олимпия шаҳарча­си — ўзбек спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази. Зеро, бу ерда машғулотлар билан бирга спорт таълими, илми, тиббиёти мужассамлашган.

    Тақдимотлар билан танишув пайти­да Президентимиз стол теннисини янада оммалаштириш масаласига алоҳида урғу берди. Одамларимиз шу спортни яхши кўришини инобатга олган ҳолда уларни қўллаб-қувватлаш, ҳар бир маҳаллага ки­риб бориши лозимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга соҳани рақамлаштириш, спорт федерациялари фаолиятини кучай­тириш ва халқаро ташкилотлар билан ҳам­корликда янги лойиҳаларни амалга оши­риш зарурлигини уқтирди.

    Изчил ислоҳотлар самараси рақамларда намоён

    Ўтган аср охири, аниқроғи, 1988 йили Олимпия ўйинлари дастурига киритилган стол теннисини юртимизда тараққий этти­риш, профессионал спортчилар тайёрлаш, аҳоли кенг қатламлари орасида омма­лаштириш борасида эришилган ютуқлар таҳлилига ўтишдан олдин жозибадор ўйиннинг тарихидан бир шингил маълу­мот келтиришни мақсадга мувофиқ деб топдик.

    Кўҳна Чин салтанатининг ўрта асрлар­га оид ёзги саройлари деворларида ўша давр одамлари пинг-понг ўйнаётгани акс этган суратлар ҳозиргача сақланиб қолган. Дарвоқе, пинг-понг стол тенниси­нинг қадимий номларидан бири, ҳозир ҳам кўп жойларда фаол қўлланилади. Биз тилга олган ёзги сарой эса Хитой импера­торларининг қароргоҳи саналган.

    Манбалардан маълум бўлишича, за­монавий стол тенниси бўйича расмий му­собақа 1900 йили Лондонда ўтказилган. Вестминстер аббатлигида уюштирилган баҳсда узоқ-яқиндан келган 300 киши қат­нашган.

    Энг машҳурлар қаторида эркаклар ўр­тасида Виктор Барна, аёллар орасида эса Мария Медянски тилга олинади. Улар яккалик баҳсларида дастлабки жаҳон чем­пионлари бўлиш билан бирга яна ўнлаб мусобақаларда ғолибликни ҳеч кимга бер­маган.

    Кейинчалик музаффарлик туғи аста-секин Европадан Осиёга кўча бошлаган. Ҳозирги кунда хитойлик стол теннисчи­лар Ма Лун, Фань Чжэндон, Чэнь Мэн ва бошқалар дунё ёшлари учун намуна са­налади. Ўзбекистонлик йигит-қизлар ҳам машғулотларга тайёрланишда улар қўлла­ётган усулларни ўрганиш, тактикаларини видеотаҳлиллар орқали ўзлаштиришга ҳаракат қиляпти.

    Ажаб эмас, яқин келажакда мамлакати­миздан ҳам пинг-понг бўйича Олимпия ва жаҳон чемпионлари, қитъавий мусобақа­лар совриндорлари етишиб чиқса. Зотан, Республика стол тенниси федерацияси томонидан Спорт вазирлиги ва Солиқ қў­митаси кўмагида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бериши шубҳасиз.

    Бу борадаги ислоҳотлар рақамларда ҳам яққол намоён бўлиб турибди. Жумла­дан, уч йил муқаддам мамлакатимизда биттагина стол тенниси базаси фао­лият кўрсатган бўлса, ҳозир уларнинг сони 15 тага етиб, энг замонавий анжом­лар билан таъминланди.

    Болалар ва ўсмирлар билан бевоси­та ишлайдиган мураббийлар сони икки баробар кўпайиб, 650 нафардан ошгани имконият эшикларини очишга хизмат қи­лаётир. Бугунги кунда юртимизда қарийб 73 минг нафар спортчи стол тенниси би­лан доимий шуғулланаётгани ҳам оддий рақамлар эмас.

    Яна бир жиҳати, илгари мусобақа ўт­казилганини биров билиб, биров билмай қоларди. Эндиликда эса қатъий тақвим асосида жаҳон андазалари даражасида ташкил этилмоқда. Кейинги йилларда маҳаллий, миллий ва халқаро миқёсда ўт­казилган 30 та мусобақанинг аксарияти ITTF белгилаган мезонларга мос равишда уюштирилгани фикримиз далилидир.

    Алоҳида таъкидлаш жоизки, ана шу баҳсларда спортчиларимизнинг ҳам, ҳакам­ларимизнинг ҳам, мураббийларимизнинг ҳам тажрибаси сезиларли даражада ошди. Эндиликда нуфузли турнирларда шунчаки иштирок этиб келишмас, балки жаҳоннинг манаман деган чемпионларига рақобатчи­лик қилиш асосий мақсад этиб белгиланган. Шу маънода, келаси йили 6 та халқаро мусо­бақага мезбонлик қилиш тадориги ҳозирдан бошлангани эътиборга молик.

    Федерация фаолиятининг яқин муддат­га мўлжалланган “йўл харитаси”га кўра, ҳудудлардаги 1300 та маҳаллага, 256 та умумтаълим мактабига, кўплаб олий ўқув юртлари ва истироҳат боғларига теннис столлари, замонавий ракетка ва стандартга мос коптокчалар етказиб берилади.

    Ўзбекистон стол тенниси федерацияси учун алоҳида бино қуриб фойдаланишга топширилгани ҳам муҳим воқеа бўлди. Умумий майдони 2100 квадрат метрни ташкил этган иншоотни бунёд қилиш ва уни жиҳозлаш учун тадбиркорлар ҳомий­лиги ҳисобидан муайян миқдорда маблағ ажратилди. Натижада мажмуанинг бир кунлик қатнов қуввати 150 кишидан оши­рилиб, стол тенниси ихлосмандларига барча шароитлар яратилди.

    Нима учун стол тенниси ўйнаб туриш керак?

    Ҳеч эътибор берганмисиз, маҳаллалар ва кўп қаватли уйлар атрофида стол тенни­си ўйнаб, ўзига хос мусобақа уюштиради­ган болаларни учратиш мумкин. Улар стол тенниси учун зарур спорт инвентарлари тополмаса, қўлбола усулларни қўллаб, шу ўйин билан машғул бўлади. Кўпчилик меҳнат жамоаларида ҳам ходимларга стол тенниси ўйнашига шарт-шароит яратил­ган.

    Чунки стол тенниси ёшу қари учун оммабоп спорт тури ҳисобланади. Пинг-понгни ёқтирмайдиган кишини топиш мушкул. Бир томондан у инсонга завқ бағишласа, иккинчи тарафдан саломат­ликка фойдаси беқиёс.

    Стол тенниси билан шуғулланган ки­шида кўриш қобилияти яхшиланади. Узоқни яхши кўра олмайдиган, компью­тер қаршисида кўп ўтирадиган ёки кўзини бирор хасталикдан даволатган кишиларга стол тенниси катта ёрдам беради. Чунки ўйин вақтида инсоннинг бутун диққат-эътибори фақат коптокчага қаратилгани боис, кўз қисқа масофа атрофида тиним­сиз машқ олади.

    Пинг-понг нафас ва юрак-қон томир тизимлари фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Ўйин вақтида бир дақиқа ора­лиғида спортчи 120 тагача зарба бериши баробарида чаққонлик ва абжирликни ўр­ганади. Унда асабни тинчлантириш кўник­маси шаклланади.

    Бундан ташқари, бу ўйин оёқнинг болдир мускулларини мустаҳкамлайди. Велоспорт, конькида учиш, футбол, баскетбол, умуман, оёқни кўп ишлатиш талаб этиладиган бошқа спорт турларида ҳам жуда асқатади. Тез югуриш, бошланғич тезликни оширишда ҳам стол теннисининг ўрни муҳим.

    Диққатни бир жойга жамлаб, ҳозиржа­воб бўлишда бу спортнинг аҳамияти катта. Масалан, аксарият боксчи рақибига тезкор жавоб қайтаришни ўрганиш мақсадида стол тенниси билан шуғулланади. Негаки бу билан улар турлича усулда зарба бериш техникасини ўзлаштиради.

    Битта ўйин давомида спортчи ками­да тўрт чақирим югуришга тенг ҳаракат қилишини соҳа олимлари аллақачон ҳи­соблаб чиқишган. Тадқиқотчилар, шу­нингдек, пинг-понг ўйнаётган киши баскетболчидан кўпроқ энергия сарфлашини исботлашган. Бугунги профессионал стол теннисида коптокча тезлиги соатига 170 километрга чиқаётганини ҳисобга олади­ган бўлсак, ушбу маълумотнинг аксиома эканлиги янада ойдинлашади.

    Биз юқорида стол тенниси тафаккурни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишига бежиз урғу бермадик. Космонавтлар тайёрланадиган ўқув марказлари дастуридан стол тенниси машғулотлари дои­мий равишда ўрин олгани ҳам фикримизга далил бўла олади.

    Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, ҳо­зирги кунда Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг барча мутасадди ва му­тахассислари “Лос-Анжелес — 2028”га тайёргарлик доирасида Олимпия ўйин­ларига 2 та лицензияни қўлга кири­тиш, 114 та халқаро мусобақада муносиб иштирок этиш, хорижда 20 дан ортиқ ўқув машғулоти ўтказиш, чет элдан малакали мураббийлар, жумладан, Хитой Халқ Республикаси ва бошқа мамлакатлардан куч­ли мутахассисларни таклиф қилиш юзаси­дан музокаралар олиб бормоқда.

    Халқаро ҳамкорлик доирасида Бела­русь стол тенниси федерацияси билан меморандум имзоланди. Жанубий Корея, Япония, Хитой ва Германия билан умумий инвестиция миқдори бир миллион доллар­ни ташкил этадиган лойиҳалар тасдиқла­ниши кутиляпти. Жумладан, бугунгача амалга оширилган ишлар натижаси билан Олимпия стандартларига жавоб берадиган 185,3 минг долларга теннис столлари ва бошқа спорт анжомлари олиб келинди.

    Буларнинг барчаси давлатимиз раҳба­ри соҳага қаратаётган юксак эътиборнинг ҳаётдаги — одамлар кўз ўнгида рўй бера­ётган тасдиғидир.

    Бундай эътибор натижасида яқин кела­жакда стол тенниси тарихига ўзбекнинг “Виктор Барна” ва “Мария Медянски” каби қаҳрамонлари ўз номини ёзишига шубҳа йўқ.

    Шерзод КУДБИЕВ,

    Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси