Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга бу галги ташрифи ҳам муҳим учрашувлар, ҳар томонлама фойдали келишувлар ва халқаро аҳамиятли ташаббусларга бой бўлди.
Табиийки, мамлакатимиз етакчисининг тиғиз кун тартибига қарамай, кучли шижоати, доим олға интилиши ўзгача ҳаяжон, қувонч ва фахр билан кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилди. “Қойил, бунча куч, шижоатнинг, халқ ва ватан ишларидан чарчамасликнинг сири нимада?” деган саволлар кўп айланди ижтимоий тармоқларда.
Бу саволларга жавоб топиш ҳақидаги ўйлар мамлакат тараққиёти йўлидаги ислоҳотлар, хусусан, АҚШ сафарини бирма-бир таҳлил этишга ундайди кишини.
Сафарнинг умумий таассуротидан кўриндики, АҚШ расмийлари, ишбилармон доира вакилларининг давлатимиз раҳбари билан яқинроқ муносабат ўрнатишга иштиёқи сезилиб турди. Фикримизни имзоланган келишув ҳужжатлари, бўлиб ўтган учрашувлар кўлами ҳам исботлайди. Масалан, давлатимиз раҳбари бир куннинг ўзида АҚШнинг 20 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказди.
Айниқса, икки давлат етакчиларининг учрашуви самимий ва ўзаро ишонч руҳида ўтди. Давлатимиз раҳбари мазкур учрашув ҳақида сўзлар экан: “Ўзбек халқи айтади ва қилади. Шунга биз ишонтирдик”, деди. Бу сўзларни эшитгач, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқимизнинг севикли шоири Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисраларини эсладим:
Америка — сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди илк бор
Берунийнинг ақл машъали.
Ҳа, юртимиздаги Уйғониш даврининг даҳоларидан бири бўлган Беруний бобомиз ернинг нариги томонида қуруқлик борлигини биринчи бўлиб айтган эди. Шу орқали илм- фанда катта ўзгариш ясаганди.
Бугун Учинчи Уйғониш даврига асос солаётган Ўзбекистон етакчиси ўзининг сиёсий иродаси, сўз ва амал бирлиги билан дунё аҳли эътиборини мамлакатимизга қарата олди. Марказий Осиёда катта куч пайдо бўлгани, яна бир Уйғониш даври бошланаётганига ишонтирди.
Тан олиш керак, ҳозирги геосиёсий жараён ниҳоятда мураккаб тус олди. Эртанги кунни прогноз қилиш деярли имконсиз. Ана шундай мураккаб вазиятда АҚШ каби йирик давлат етакчилари, ишбилармон доира вакиллари мамлакатимизга қизиқиш билдириши, келажагини биз билан уйғун кўриши жуда катта воқелик.
Шу ўринда америкаликларнинг Президентимиз билан учрашишга иштиёқи ҳақидаги битта воқеани эсласак. Йирик компаниялар етакчилари билан учрашув бўлаётган бир пайтда музокаралар столидан яна бир киши учун жой ҳозирлаш тараддуди бошланди. Маълум бўлишича, АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг рафиқаси Жанет Рубио шошилинч равишда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиш учун атай етиб келибди.
АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор меҳмонни шундай таништирди: “Рухсат берсангиз, ҳозиргина келган жуда азиз ва махсус меҳмонимизни таништираман. У том маънода бизнинг маъмурият учун гўёки “махфий қурол”дир. Чунки унинг давлат ишларига таъсир кучи катта. Мен унга ҳозир қаерда эканимни айтганимда, у мен ҳам Ўзбекистон раҳбари билан мулоқотда қатнашишим шарт, дея дарҳол етиб келди. Шунинг учун Жанет Рубиони самимий олқишлар билан қарши олсак”.
Дарҳақиқат, бундай ҳолатлар халқаро дипломатияда томонларнинг ўзаро самимияти, ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган кучли истакни англатади. Табиийки, савол туғилади: бугун халқаро ҳамкорлар, америкаликлардан тортиб, европаликларгача, Араб кенгликларидан Марказий осиёликларгача янги Ўзбекистонга интилмоқда. Бунга қайси жиҳатлар сабаб эришдик? Сиёсий оҳанрабо майдони қандай яратилди?
Бунинг замирида катта меҳнат маҳсули бор. Ўтган саккиз йиллик ислоҳотлар сабаб янги Ўзбекистон дунёга очилди. Масалан, Марказий Осиё давлатлари ўртасида чегара муаммоси, ўзаро борди-келдидаги ёпиқлик каби талай муаммолар сабаб ишончсизлик муҳити ҳукмрон эди. Бугун эса давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясида қайд этганидек, ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди.
Президентимиз одамларнинг дардини эшитиш учун халқ билан мулоқотни йўлга қўйди. Шу орқали уларни қийнаётган масалаларга тезкор ечим берила бошланди. Бу табиийки, инсон қадрини улуғлаш сиёсати шунчаки шиор эмас, амалий вазифа эканини исботлади.
Худди шунингдек, халқаро сиёсатда ҳамкорларни тинглаш, уларга қулоқ тутиш орқали ватани ва халқининг манфаатларини илгари суришдек кучли сиёсий ирода кўрсатди. Янада соддароқ қилиб айтганда, тенг дипломатик алоқалар, дўстона муносабатлар ўрнатишда бошқаларга ибрат мактаби бўлди. Ана шу жараёндаги самимият, тенг имкониятларга ва дипломатик дўстликка интилиш янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига, бошқача айтганда, сиёсий оҳанрабо майдонига айланди.
Ҳа, ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимиз ичкарисидан бошланган ўзгаришлар нафаси бутун минтақага таралиб, Марказий Осиё руҳини яратди.
Шу ўринда яна бир фактга эътиборингизни қаратмоқчиман. Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқи лингвистик таҳлил қилинди. Унга кўра, энг кўп “мақсад” сўзи (11 марта) ишлатилган. “Глобал” сўзи 8 ўринда келади. Шунга уйғун ҳолатда, Марказий Осиёнинг замонавий жараёнлардаги роли алоҳида таъкидланган. “Осиё” сўзи 7 марта, “Марказий” эса 6 марта қўлланилган.
Энди буни шахсий фикрларимиз ила соддароқ шаклда таҳлил этсак. Бугун янги Ўзбекистон ўз олдига жуда катта мақсадлар қўйган. Улардан энг асосийси — дунёда дипломатик алоқалар орқали тинчликка эришиш. Тинчлик ҳукм сурган заминда иқтисодий ўсиш кузатилади. Бу халқ фаровонлиги, ёшларнинг етарлича билим олиш имконияти дегани. Шу боис, катта минбарларда Президентимиз доим дунёдаги зиддиятли вазиятларга тўхталиб, дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашга чақиради. Бу олдимизда турган глобал масалалардан бири.
Ана шундай яна бир глобал масала экологик муаммолардир. Президентимиз ташаббуси бўлган “Яшил макон” дастури халқаро даражага чиққани бежиз эмас. Шу факторлар сабаб давлатимиз раҳбари “мақсад” ва “глобал” сўзларини кўп қўллади. Бу каби масалаларнинг ҳеч бирини Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё мамлакатларисиз тасаввур қила олмайди. Назаримда, буни ортиқча изоҳлаш шарт эмас. Чунки бугун янги Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги катта натижаларга Марказий Осиёда бошлаган ўзгаришлари сабаб эришмоқда, деб ўйлаймиз.
Юқорида ўзбекнинг айтиши ва бажариши ҳақидаги фикрни бежиз келтирмадик. Давлатимиз раҳбари ислоҳотларни бошлаган илк кунлардаёқ халқни рози қилишни ўзининг бурчи, мақсади эканини айтган эди. Шу мақсад сабаб бошланган ўзгаришлар бугун океан ортида ҳам бўй кўрсатди. Шу боис, АҚШ осмонида “Welcome to USA, Prezident Shavkat Mirziyoyev” деган қутлов ҳилпиради. Бу Ўзбекистон Лидерининг тинчликпарвар, халқпарвар сиёсатини олқишлаб, бутун дунёга тараннум этаётгандек тасаввур уйғотди бизда.
Ҳа, бугун янги Ўзбекистон тинчлик, дўстона дипломатияни илгари сураётган, катта иқтисодий имкониятларга эга мамлакат сифатида кўрилмоқда. Мамлакатимизнинг яна бир ташриф қоғози бу — билимдон, эртанги кун масъулиятини тўла ҳис этиб, олға интилаётган ёшларимиздир. Мамлакатимиз раҳбари АҚШда таълим олаётган ана шундай бир гуруҳ ёшлар, ватандошлар билан учрашишга ҳам вақт ажратди. Юқорида айтганимиз — тиғиз кун тартибига қарамай, улар билан бафуржа, самимий мулоқот қилди. Ўша учрашувдаги иккита муҳим фикрга тўхталмоқчимиз.
Биринчиси, мамлакатимиз етакчиси биз денгиздан узоқ эканимиз, аммо ёшлар билими билан ана шу масофани қисқартира олишини таъкидлади. Билимдон, ватанпарвар ёшлар барча жамиятларнинг таянч нуқтаси бўлган. Мамлакатимизда таълим-тарбия, илм-фанга катта эътибор берилаётганининг сабаби ҳам ана шу ҳаётий ҳақиқатни теран англашимизни билдиради. Тан олайлик, кейинги йилларда ёшларимиз жуда катта натижаларга эришди. Мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари ТОП-1000 таликдан ўрин олди. Ўқитувчилар обрўси ошиши билан бирга малака ва ишга иштиёқи ҳам кучайиб бормоқда. Бундай ўзгариш ва натижаларни санаб, адоғига етиб бўлмайди.
Иккинчи муҳим фикр эса инсон меҳнати орқали қадр топиши ҳақида эди.
АҚШ сафари чоғида ана шу ҳаётий ҳикмат ўз тасдиғини топди. Яъни Ўзбекистон етакчисининг қисқа муддатдаги катта меҳнати сабаб биз билан дипломатик алоқаларни кучайтиришга бўлган иштиёқ, ҳурмат сезилиб турди. Назаримизда, давлатимиз раҳбарининг тиғиз кун тартибида шижоат билан ишлай олиш сири ҳам айнан шунда. Яъни халқ, ватан учун сидқидилдан хизмат қилиш, шу орқали ҳурматга эришиш инсонга битмас-туганмас қувват беради. Яна бир жиҳатни эса давлатимиз раҳбарининг ўзи халқимиз билан учрашувларда бот-бот такрорлайди: “Оддий одамлар билан учрашув, уларнинг юз-кўзидаги мамнуният мамлакат етакчисига куч беради”.
Салим ДОНИЁРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист








