Ҳар бир маҳаллада тадбиркорлик ривожлантирилади

    Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани ҳам муҳим воқелик бўлди.

    Ишсизлик инсон манфаатларига тўғридан-тўғри таъсир қиладиган йирик ижтимоий-иқтисодий муаммолардан бири ҳисобланади. Иш жойини йўқотиш кўп кишилар учун оилавий турмуш даражасининг пасайиши, шахсий ҳаётининг нотинчлигини келтириб чиқаради, кишига жиддий руҳий таъсир кўрсатади.

    Шу сабабли мамлакатимизда кейинги йилларда доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Бу ишларни олиб боришда маҳалла тизимлари асосий таянчга айланди. Маҳаллалардаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали ишсизлар, биринчи навбатда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни бўш иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилишга катта аҳамият бериляпти.

    Шунингдек, маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан, уларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятни йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда кўмаклашилмоқда. Натижада, маҳалласидан узоқлашмаган ҳолда, кичик бизнес ташкил этиб, ўзи, оиласи ва ҳудудидаги кам таъминланган оилалар аъзоларини иш билан банд қилаётган инсонлар сони ортиб боряпти.

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Фармони ўз вақтида қабул қилингани билан аҳамиятлидир.

    Нега десангиз, жойларда сайловчилар билан учрашувларимиз чоғида кўплаб ёшлар, хотин-қизлар билан суҳбатлашамиз, мулоқот қиламиз. Очиғи, уларнинг аксариятида тадбиркорлик билан шуғулланишга, бизнесни бошлашга бўлган қизиқиш юқори. Кўзлари ёниб турибди, қалби орзуларга тўла. Лекин уларнинг бирор ишни бошини тутишига, ўз лойиҳасини амалга оширишига имконияти йўқ, қурби етмайди.

    Юқоридаги фармон билан ана шундай инсонларга кўмаклашиш тизимини янада фаол ташкил этиш кўзда тутилган. Хусусан, маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган етакчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш, тадбиркорлик билан мустақил шуғулланиш тажрибасига эга бўлмаган фуқароларнинг уларга бириктирилаётгани айни муддао бўлди.

    Энг муҳими, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашилаётгани кўплаб ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда катта аҳамият касб этади.

    Мазкур ҳужжат билан 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилаётгани ҳам муҳим янгиликлардан биридир. Улар маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганади, аҳолининг бандлик даражаси, оилаларнинг даромад манбалари, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолати ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилади.

    Шунингдек, маҳалладаги иш билан банд бўлмаган аҳолининг тадбиркорлик ва доимий даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланишини йўлга қўйиш мақсадида уларга иссиқхона қуриш, томорқасини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш, бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиши учун субсидиялар олишда кўмаклашади.

    Ҳужжатга мувофиқ, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти негизида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани ҳам муҳим воқелик бўлди. Агентлик ҳузурида ташкил этиладиган “Маҳаллабай ишлаш штаби” эса бир йил муддатга доимий фаолият юритади.

    Албатта, мамлакатимизда меҳнатга лаёқатли кишиларнинг бандлигини таъминлаш, фуқаролар турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаёт даражасини юксалтириш масаласига катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки ишсизлик ўз ортидан кўплаб муаммоларни етаклаб келади. Шу боис, ҳар бир инсоннинг турмуш даражасини янада яхшилаш, маҳаллаларда одамлар учун муносиб шароитларни яратиш ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.

    Шу жиҳатдан аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш бугун кечиктириб бўлмас вазифадир. Ушбу фармон эса маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш, республика, вилоят, туман ва шаҳарларда кўрсатиладиган давлат хизматлари ва манзилли молиявий қўллаб-қувватлаш инструментларини бевосита маҳалла даражасига туширишга хизмат қилади.

    Ана шундай саъй-ҳаракатлар сабаб бугун янги Ўзбекистонда катта ўзгаришлар, янгиликлар кўз ўнгимизда юз бермоқда. Илгари ишсиз ва даромад манбаига эга бўлмаган ёшлар, хотин-қизлар бугун доимий иш жойига, даромад манбаига эга бўлиб хотиржам ҳаёт кечирмоқда. Жамиятга, давлатга, маҳалла-кўйга, қишлоғига, юртига фойдаси тегяпти. Бу Президентимиз ўз вазифасига киришган илк кунларданоқ халқни рози қилиш, одамларни бахтли ва фаровон яшашлари учун барча чораларни кўриб келаётганликлари туфайлидир.

    Бу жараёнларда барчамиздан фаоллик талаб этилади. Хусусан, ҳужжат ижросини таъминлаш учун ёшларнинг, аёлларнинг қизиқишлари, лаёқатларини ҳисобга олиб, банклардан кредитлар олиш тартиби билан таништиришимиз, иссиқхона қуриш истагидаги ёки чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқароларга амалий ёрдам беришимиз даркор. Шундагина тизимли ишлар ўз самарасини бераверади.

    Одинахон ОТАХОНОВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates