Ҳар ким ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиши шарт

    Ҳозирги кунда юртимизда “британча” штамм болаларда ҳам учраётгани ва аҳоли орасида кенг тарқалаётганини инкор эта олмаймиз.

    Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилаётганига қарамай коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин оша бошлади.

    Шу муносабат билан 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда таъкидланишича, йил бошида республикамиз бўйича кунига 15 та шундай ҳолат қайд этилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич кескин кўпайди. Инфекцияни юқтириш ҳолатлари 6-7 фоиз олий таълим муассасаларида ва 11-15 фоиз умумий ўрта таълим муассасаларида қайд этилган.

    Республикамизда бир кунда коронавирусга чалинганлар сони йил бошидан буён илк марта 300 дан ошмоқда. Бу эса ҳаммамизни янада ҳушёрликка ундайди.

    Коронавирус инфекцияси дунёнинг барча давлатларига тарқалиб улгурганига 1 йилдан ошди. Ўтган шу даврда бу касаллик дунё бўйича 3 миллиондан ортиқ инсонни ҳаётдан олиб кетди, ундан тузалганлар организмида эса турли асоратлар кузатилмоқда.

    Бугунги кунда ҳар бир давлат бу касалликнинг олдини олиш чора-тадбирларини, яъни профилактика, даволаш ва реабилитация ишларини амалга оширмоқда. Афсуски, коронавирусдан тўлиқ тузатадиган дори воситаси ҳали ишлаб чиқилгани йўқ. Ҳозирча ягона имконият вакцина бўлиб турибди.

    Кўпгина ривожланган мамлакатларда, жумладан республикамизда ҳам коронавирусга қарши вакцина қабул қилиш ишлари бошлаб юборилди. Айни пайтда хавф гуруҳига кирувчиларни эмлаш бошлангани хотиржамлигимизга асос бўла олмайди, албатта. Коронавирусга қарши юқори даражада иммунитет ҳосил қилиш учун 21–26 кун оралиғида 2 ёки 3 марта эмланиш талаб этилади.

    Эмлаш орқали биз бу касалликни назорат қиламиз, енгамиз деб умид қиламиз. Лекин бу касалликка чалиниш ҳолатлари кўпайиши аҳолининг ўз саломатлигига м асъулият билан ёндашмаслиги, карантин қоидаларига эътиборсиз ва бефарқ қараётганидан далолат беради. Кўчага чиқсангиз, гўёки касаллик йўқдек, ҳаммаси ортда қолгандек, одамлар бамайлихотир, карантин қоидаларига риоя қилмасдан юрганининг гувоҳи бўласиз. 200-400 кишилик тўй ўтказаётганлар ўзлари билиб-билмай нохуш вазиятга сабаб бўлиши мумкинлигини ўйлашмаяпти. Унутмаслик керак, бу инфекция шу даражада маккорки, олимлар бу борада қанча кўп ишламасин, янги вакциналар, дори воситалари яратилмасин касаликка аниқ чора бўладиган усул топилгани йўқ. Янги-янги штаммларнинг пайдо бўлаётгани тиббиётда ҳам мураккабликларни юзага келтирмоқда.

    Ҳозирги кунда юртимизда “британча” штамм болаларда ҳам учраётгани ва аҳоли орасида кенг тарқалаётганини инкор эта олмаймиз. Айнан ёпиқ хоналарда, одамлар кўп тўпланадиган жойларда касаллик тарқалиш хавфи ортади. Афсуски, аҳоли ўртасида белгиланган карантин қоидаларига кўп ҳолларда риоя қилмаслик оқибатида касалликнинг тарқалиши тезлашиб, оғир ва ўта оғир ҳолатга тушаётган беморлар борлиги қайд этилаётир.

    Дейлик, “британча” штаммга чалинган, аммо касаллик аломатсиз кечаётган бемор 100-200 нафар одам тўпланган жойга кириб қолса, ўзи билмаган ҳолда шунча одамга юқтиради. Касалликнинг ундан кейинги тарқалиш кўлами бир неча баравар ошиб кетади. Шу боис бу ўта хавфли касаллик батамом бартараф этилгунга қадар хотиржамликка асло берилиб бўлмайди.

    Шу муносабат билан пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 18 апрелдан карантин қоидаларига амал қилинишини янада кучайтириш белгиланди. Жумладан, боғча ва мактабларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда, уларнинг фаолиятини зудлик билан тўхтатиш ва 2 ҳафтага карантинга олиш кераклиги айтилди. Ушбу вақт мобайнида улар онлайн тартибда фаолият юритади. Йирик савдо мажмуалари ва бозорларда, дўконларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши, жумладан, қўлларни антиcептик воситалари билан зарарсизлантириш, аҳолининг тиббий ниқоб тақиши, ижтимоий масофа сақлаши қатъий назорат қилинади.

    Йиғилишда айни Рамазон ойида таровеҳ намозларини очиқ ҳудудларда адо этиш, ифторликларни имкон қадар оила даврасида ёки 100 кишидан ошмаган ҳолатда ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга 1 майдан бошлаб, турли концерт ва томоша тадбирларини ёпиқ масканларда ўтказишда қатор чекловлар белгиланди.

    Юртдошларимиз карантин қоидаларига жиддий риоя қилиш билан бир қаторда белгиланган тартибда вакцина олиш, яъни эмланишни ҳам унутмаслик керак. Турли хил шамоллаш аломатлари кузатилганда зудлик билан патронаж ҳамшираси, оилавий шифокор ёки тез тиббий ёрдамга мурожаат этиш мақсадга мувофиқ.

    Коронавирус инфекциясига чалинган ҳолатларда даволанишдан сўнг доимий шифокор назоратида бўлиш, кейинги асоратларнинг олдини олиш, ўз вақтида реабилитация тадбирларини ўтказиш ҳамда карантин қоидаларига риоя қилишда давом этиш энг муҳим восита бўлиши шарт.

    Ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, қўлларга антисептик воситалар билан ишлов бериш ёки совун билан ювиш ҳамда уйга келганда томоқ ва бурунни уч-тўрт марта илиқ сувда чайиш, кунига 3-4 литрдан ортиқ суюқлик ичиш лозим. Бу каби чоралар орқали коронавирус инфекциясидан нафақат ўзимизни ҳимоя қиламиз, балки бу касалликнинг хонадонимизга кириб келишининг олдини олган бўламиз.

    Севара УБАЙДУЛЛАЕВА,

    коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси,

    тиббиёт фанлари доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates