Ҳайрат ва унутилмас тассуротларга бой саёҳат

    Тошкент вилояти пурвиқор тоғларию, яшилликка бурканган кенгликлари, наботот олами билан ўзига хос жозибадор табиатга эга. Аслида ҳудуд оҳанрабоси ҳам шунда.

    Тошкент вилояти пурвиқор тоғларию, яшилликка бурканган кенгликлари, наботот олами билан ўзига хос жозибадор табиатга эга. Аслида ҳудуд оҳанрабоси ҳам шунда. Йилнинг тўрт фаслида ҳам сайёҳларнинг қадами узилмайди. Эътиборлиси, ташриф буюрувчилар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

    Келинг, биргина вилоят мисолида туризм ривожининг аҳоли реал даромадлари ошиши, бандликни таъминлаш ҳамда иқтисодий салоҳияти юксалишидаги аҳамиятини, бунга замин ҳозирлаган омилларни таҳлил қилиб чиқсак.

    Ташриф буюрувчилар оқими қарийб 12 баробар ортди

    — Ҳудудимиз сайёҳлик соҳасида кенг имкониятларга эга, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари — туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Бобожонов. — Шу боис, мазкур соҳани янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Айниқса, сўнгги йилларда инфратузилмани яхшилаш, сайёҳлик йўналишларини кўпайтириш, меҳмонларнинг мазмунли маданий ҳордиқ чиқаришлари учун халқаро стандартлар асосида шароитлар яратиш борасида катта ишлар амалга оширилди.

    Бу каби саъй-ҳаракатлар амалда ўз самарасини бермоқда. Агар 2017 йилдаги ва ҳозирги кўрсаткичларни солиштирсак, фарқ жуда катта экани кўринади. Ўша пайтда меҳмонхоналар, ҳостеллар ҳамда оилавий меҳмон уйлари сони 152 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, 1007 тага етди. Яъни ҳозир 97 та меҳмонхона, 765 та оилавий меҳмон уйи, 30 та ҳостел, 30 та болалар дам олиш оромгоҳи, 59 та вазирлик ва идоранинг оромгоҳлари, 26 та санаторий ва бошқа соғломлаштириш объектлари фаолият юритмоқда.

    Яна бир мисол. 2017 йилда вилоятимизга 128 минг 300 маҳаллий, 14 минг 600 хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2021 йилнинг 8 ойи мобайнида 1 миллион 850 минг маҳаллий ва 50 минг нафар чет эллик келгани соҳада қандай улкан ўсиш рўй берганини англатади.

    Келгуси беш йилда Тошкент вилоятига сайёҳлар оқимини 10 баробар ошириш борасида жадал ҳаракатлар олиб борилмоқда. Шунингдек, 50 та меҳмонхона, 1000 та оилавий меҳмон уйи, 60 та ҳостел, 60 та дам олиш маскани, 10 та санаторий ва бошқа соғломлаштириш объектлари барпо этилиши режалаштирилмоқда.

    “Сизга бир сирни очайми?”

    Паркентнинг Кумушкон қишлоғидагилар Антонина Мадалиевани яхши танишади. Асли рус миллатига мансуб Антонина опа ўзбек хонадонига келин бўлиб тушганида 17 ёшда эди.

    — 63 ёшдан ошганимда ўз хонадонимда оилавий меҳмонхона ташкил этиб, тадбиркорлар сафига қўшилдим, — дейди А.Мадалиева. — Банкдан 30 миллион сўм кредит олдик. Соҳани яхшироқ билишим учун онлайн курсда ўқиб, сертификат ҳам олдим. Бизнес йўл-йўриғини пухта эгаллаш учун ёшнинг фарқи йўқ. Турмуш ўртоғим, фарзандларим кўмагида ҳам меҳмонхона, ҳам мўъжазгина уй-музейи ташкил этдик. Музейимизни “Али бобо” деб номладик. Ҳовлимизга ташриф буюрган сайёҳлар ноодатий безакларга бой хоналаримизни кўриб, завқу шавққа тўлади. Музейни томоша қилганларнинг ҳайратини кўриб, ўзимнинг ҳам шавқим ошади.

    Нега дейсизми? Чопондан тортиб, паранжи-чачвон, қадимий дўппилар, поёндозу гиламлар, турли тақинчоқлар, ўтган асрларда ишланган мисгарлик ва кулоллик буюмларидан тортиб, нодир ва ноёб сопол буюмларни ажиб бир қизиқиш билан томоша қилиш барибир бошқача-да!

    Сизга яна бир сирни очайми? Яқинда пойтахт музейларидан томошага келган мутахассислар: “Опа, қадимий буюм ва жиҳозларингиз кўп экан, бизга сотмайсизми?”, деб сўради. Мен “Йўқ” дедим. Худо хоҳласа, музейимни янада кенгайтираман.

    Самимий чеҳрасидан табассум аримайдиган Антонина опанинг ҳовлисида ўзгача файзу тароват ҳукмрон. Гулу райҳонлар ён-атрофга ёқимли ифорлар таратиб турибди. Икки қаватли мўъжазгина меҳмон уйида эса барча шарт-шароитлар ­муҳайё.

    Овжазсой — тадбиркорлар қишлоғи

    Қурама тоғ тизмасида жойлашган Овжазсойда бундан уч-тўрт йил илгари нари борса 3 ёки 4 та тадбиркор бўларди. Улар ҳам савдо-сотиқ билан шуғулланган. 1,5 мингдан зиёд аҳолининг асосий тирикчилиги ­чорвачилик ва деҳқончиликдан иборат эди.

    Бугун эса қишлоқ аҳлининг кўпчилиги сайёҳлик соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

    Ўрозали Шеров ана шундай ишбилармонлардан бири. 2018 йилда у меҳмон уйи очиб, тоғ ёнбағридаги табиий булоқ сувидан баҳраманд бўлишни истовчилар учун хонадонида қулай шарт-шароит яратди.

    — Бундан уч йил олдин Ғазалкентдаги танишларимнинг сайёҳлар учун чиройли жойлар бунёд қилаётганига гувоҳ бўлдим. Шундан сўнг мен ҳам қизиқиб қолдим, — дейди у. — Оила аъзоларим билан маслаҳатни бир жойга қўйиб, банкдан кредит олдик. Туманимиздаги Давлат хизматлари маркази ходимлари бизга йўл-йўриқ кўрсатди. Меҳмонларни қандай кутиб олиш, уларга шароитлар яратиш, хуллас, билмаганимизни ўргандик. Бизнес деганининг ўзи бўладими?! Маҳалла ва туман мутасаддилари ёрдамида ҳаш-паш дегунча ишларимиз юришиб кетди. Мана, ҳозир оилавий меҳмон уйимиз бор. Даромадимиз ҳавас қилса арзигулик. Оиламиз тўкин, бировдан кам жойимиз йўқ.

    Ўрозали аканинг меҳмон уйида бўлганимизда мўъжазгина ҳайвонот боғига кўзимиз тушди. Қуён, типратикан, илон, тустовуқ сингари элликка яқин жонзот парваришлаётган тадбиркор хонадонидан шунинг учун ҳам сайёҳлар қадами узилмайди. Хитой, Жанубий Корея, Россия, Беларусь ва бошқа кўплаб хорижий давлатлардан сайёҳлар келиб, Ўрозали аканинг меҳмони бўлиб кетди.

    Бугунги кунда Овжазсойда 2 та дам олиш маскани, 10 дан ортиқ меҳмон уйи фаолият кўрсатмоқда.

    Бизнес бошлаш учун ёшнинг аҳамияти йўқ

    Ангренлик Ойша Ўролова 20 ёшида бизнес оламига дадил қадамлар билан кириб келган. Ҳозир 26 ёшда. Ойша ҳам ўз бизнесини сайёҳлик йўналишида ташкил этган. Унга тегишли “Истиқбол” меҳмонхонаси нафақат юртдошларимизга, балки хорижлик сайёҳларга ҳам бирдай манзур бўляпти.

    — Тадбиркорликка қизиқишим коллежда бошланган. Турли янги ғояларни тузишда ташаббускор эдим. Ёшлар учун яратилган имкониятлар менга асқатди. Коллежни тугатиш арафасида устозим Шоҳиста Мадиёрова ёрдамида ўз лойиҳаларим билан кириб бизнес оламига келдим, — дейди Ойша Ўролова. — Устозим менга кўмакдош ва ҳаммаслак бўлди. Билмаганимни ўргатди. Ҳозир 3 та меҳмонхона ва битта оилавий меҳмон уйимиз мавжуд. Давлатимиз томонидан биз, ёшларга яратилаётган улкан имкониятлар бугун ўз мевасини бермоқда. Бундан чексиз миннатдорман. Оддийгина оилада 4 фарзандни вояга етказаётган ота-онам қароримни қўллаб, менга қанот бўлди, уч синглим ва укам энг яқин кўмакчиларим.

    Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ажратиб берган ўн миллион сўм маблағ ёш тадбиркорнинг ўз бизнесини йўлга қўйишида мустаҳкам замин бўлди. Сўнгра 100 миллион, кейин 200 миллион сўм кредит олиб, фаолиятини кенгайтириб борди. Энди эса Ойша банкдан 1,5 миллиард сўм кредит олиб, янада катта марраларни кўзламоқда.

    Тошкентнинг “Олтин ҳалқа”си

    Қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар вилоят туризм салоҳиятининг юксалишида муҳим туртки бўлди.

    Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 27 августдаги “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги “2019-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 10 июндаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида вилоятнинг Бўстонлиқ, Оҳангарон, Паркент, Бўка, Чиноз, Зангиота туманлари ва Ангрен шаҳрини “Олтин ҳалқа” туризм концепцияси асосида ривожлантириш белгиланган.

    Шунингдек, Паркент туманида Кумушкон туризм қишлоғи ташкил этилиши ҳам режалаштирилган эди. Бугунги кунда ушбу қишлоқда 50 та меҳмон уйи, 1 та меҳмонхона ва 1 та соғломлаштириш маркази бунёд этилди. Ўз навбатида, қишлоқ аҳолиси ва хорижий инвесторларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида 34371 га ер майдони ажратилган.

    Мухтасар айтганда, сайёҳлик соҳасида вилоятда қўлга киритилган бу натижалар ҳали бошланиши. Иқтисодий ўсишлар юксалиши доимо бардавом бўлаверсин. Бунинг учун эса барча имкониятлар етарли.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates