Комил шахс тарбияси доим долзарб бўлган. Дунёнинг бугунги қиёфаси ана шу комил шахсни тарбиялашда бир қатор муҳим вазифаларни олдимизга қўймоқда. Давлатимиз раҳбари: «Бугун фақат мана шундай илғор ёшларга, мана шундай жонкуяр зиёлиларга, Ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий манфаатларини таъминлашга эриша олади», деб бежиз айтмади.
Маънавиятли инсон ватанпарвар бўлади. Бунинг учун инсон, хусусан ёшлар дастлаб ўзлигини яхши англаши, таниши ва унга ҳурмат руҳида ўсиши керак. Бугун ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратилиб, мамлакатимизда бунинг учун бор куч ва имконият ишга солинмоқда. Шундай вазиятда зиёлилар олдинги сафда туриб, ўзгаришларга камарбаста бўлиши шарт. Республика Маънавият ва маърифат маркази медиамаҳсулотларни маънавий экспертизадан ўтказиш зарурлиги борасида қатъий таклиф замирида ана шундай эзгу ният бор.
Гап миллат маънавияти, ёш авлод тарбияси, инсоний қадрият ва фазилатларни улуғлаш ҳамда бу тушунчаларга хуружларнинг олдини олиш ҳақида бораркан, албатта, бу ташаббусни қўллаб-қувватлайман. Очиғи, бугун интернет, ижтимоий тармоқлар дунёсига назар ташласангиз, билимсизлик, савиясизлик инсондаги гўзал туйғуларни емириб, ҳалокатга дучор қилишини ҳис этасиз. Масалан, ижтимоий тармоқларда қуюшқонга сиғмайдиган бепарда ва беандиша вайсақилик тобора урчимоқда. Гўё қочирим ё юмор ўрнида айтилаётгандай бўлса-да, замирида ахлоқсизлик бўртиб турган бундай шармсизликка кўпимиз кўникиб боряпмиз. Ақлу ҳуши жойида, эси бор одам тилга олмайдиган шу тахлит уятсиз гап-сўзларнинг айтилиши одатий тус олмоқда. Айрим роликчилар ёки вайнерлар атрофида одам тўплаш, оммани ўзига қаратиш учун шармандали йўлга ўтиб олган. Бир-бирига куракда турмайдиган гапларни айтаётган син-сумбати туппа-тузук, бироқ ботини абгор бундай кимсаларга боқиб, булар санъат ёки журналистикани шаллақилик, шармсизлик майдони, нима қилиб бўлса ҳам омма эътиборида бўлиш воситаси деб тушунишига шубҳа қилмайсиз...
Нега бундай бўляпти? Нега тилимиз, муомала ва фиклашимиз шу даражада тубанлашиб бормоқда? Ахир тилни инсонийлик даражасини белгиловчи, одамни ҳайвондан фарқлаб турувчи энг олий восита деб биламиз-ку. Ҳазрат Навоий «Оғзига келганни демак нодоннинг иши, олдига қўйганни емак ҳайвоннинг иши...», деб бежиз айтмаган. Тил, албатта, маънавий тафаккур булоғининг идрок ва эътиқод сувидан баҳра олиши керак. У фикримиз чироғини ёқади ҳамда миллатнинг қарашини намоён қилади. Шундай экан, «оғзига келганни демак»ка кўникиб бориш миллат маънавиятини, оқибатда ўзини ҳам ич-ичидан емиради. Бундай ҳолатда миллат оёғида тик туриши, ғимирлаб юравериши мумкин, бироқ тирик мурдадан фарқи қолмайди. Тирик мурдага айланган миллатни эса ҳар қандай мафкуравий шабада, ҳатто эпкин ҳам бемалол ўйнатиши мумкин.
Ҳеч ҳам ваҳима қилаётганим йўқ. Сезиб турибмиз, фақат қандай чора топишни билмаяпмиз. Алалоқибат ўзимиз ҳам кўника бошлаяпмиз. Гўё тубсиз бир чоҳга, зимистон қаърига қулаётгандаймиз. Бу ҳалокатли ҳолат миллий иммунитет пасайиб бораётгани, ўзлик, одамийликка хос фазилатлар давр тўзонлари ичида йўқолиб, кўмилиб кетаётгани оқибатидир. Ахлоқ, шарм-ҳаё, уят, номус деган фазилатларни гумроҳлик бозорида сотиш ҳам одатий тус ола бошлади. Бу бозорда аёлу эркак аралаш-қуралаш бўлиб ётибди. Медиаолам, интернет, қўл телефони деган тушунчалар миллатимиз келажагининг руҳан ва ахлоқан етук улғайишига қарши тажовуз қуроли сифатида шармсизлик, бузуқилик «жилваланган» тарғибот маҳсулига айланиб бормоқда. Энди бу ҳолатга бефарқ қараб, томошабин бўлиб ўтиришимиздан маъни йўқ.
Бугун интернет дунёсида икки қутб бор. Бири эзгулик, инсон камолоти учун хизмат қилади, унинг оғирини енгиллаштиради. Иккинчиси эса унга қарши: ҳар қандай маънавий тарбияни мажақлаб, йўқотишга шай турган қутб. Одамзод, жумладан, биз ҳам ана шу икки қутб орасида турибмиз. Шу нуқтаи назардан қараганда Республика Маънавият ва маърифат маркази зиёлиларининг маънавиятимиз, миллий тарбиямизга зид ахборий хуружлардан хавотир олаётганида асос бор.
Кўпчилик, айниқса, ёшлар ўзи билиб-билмаган ҳолда маънавий тарбиясизлик йўлига кириб қоляпти. Тўғри, руҳан юксак, маънавий баркамол, шуури тиниқ одам ўзини ахлоқсизлик чоҳига ташламайди. Унда маънавий иммунитет етарли бўлади. Эътиқоди ва қарашларини эзгулик нури билан ҳимоя қила олади. Бироқ бугун бундай одамлар, бундай ёшлар жуда кам. Чунки китоб ўқийдиган, мутолаа ва адабиётдан, билимдан қалқон излаган кимсалар шунчаки оломон билан таққослаганда жуда-жуда оз. Ишонмасангиз, ана, қаранг: кўча-кўйда, меҳмонда, тўй-томошада, шифохонада, ҳатто азада, жамоат уловларида, метрода, поездда, самолётда, хуллас, ҳамма-ҳамма жойда одам боласи телефон узлатида яшаяпти. Ётганда ҳам телефон, турганда ҳам телефон... Телефон пандемиясига чалинган авлоднинг эртасини ўйлаб қайғуга чўкади киши. Бугун телефон ё компьютер экранига кириб кетган бу авлоднинг нималар кўраётгани, нимадан завқланаётгани билан қизиқасиз. Ўн фоизгина одам қўл телефони ёки интернет орқали бирор асар, маънавий-тарбиявий руҳдаги матн ўқиётган ёхуд одоб-ахлоққа доир лавҳаларни томоша қилаётган бўлади. Панд-насиҳат, яхшилик, ҳалоллик акс этган тасвирлар, адабий-маърифий чиқишларни кўриб, албатта, кўнглингиз ёришади. Маънавий озуқа оласиз. Бироқ бундай тасвирларга қизиқиш, иштиёқ нечоғлиқ, гап шунда... Улардан ҳам ёшлар ва ўсмирлардан кўра кўпроқ ўрта ёки кекса авлод баҳраманд бўляпти.
Аллақаердаги бўлмағур клиплар, ўта беъмани, савиясизлик билан тайёрланган ролиқлар, қош қўяман деб кўз чиқаришлар, кўрсаводлиги, билимсизлиги ва истеъдодсизлиги ошкор бўлганини англамаган бефаҳм масхарабозлар маҳсули, энг ёмони, шармсизлик акс этган тасвирлар, тилга олиб бўлмайдиган гаплар, одам боласига иснод беҳаё қилиқлар, ҳирс ва тўшак тарғиботига қоришган лавҳалар, инсон кўришга ор қиладиган воқеалар, фоҳишаликнинг очиқ-ойдин тарғиботи кундан кун кучайиб бораётган паллада бунга индамай қараб туришнинг ўзи ҳам жаҳолат тарафида бўлиш демакдир. Бундай кўргиликларнинг ҳаммаси ҳам Ғарбдан ёки биздан олислардаги бошқалардан эмас, сиз билан мен яшаётган жамиятда, бизнинг орамиздаги одамлар томонидан тайёрланяпти. Шуларни тайёрлаётган ҳам кимнингдир ўғли ё қизидир. Унинг ҳам ота-онаси, ака-укаси, манзил-макони, маҳалласи, қўни-қўшниси бордир ахир. Тўғри тушунинг, шунга ўхшаган битта-яримтани деб бутун миллатнинг қадр-қиммати ерга урилишига жим қараб бўлмайди. Баъзан туппа-тузук кўринган кап-катта кишилар шармандали лавҳаларни тайёрлаб, ижтимой тармоқларга жойлаяпти. Кўриб ақлингга сиғдиролмайсан, буларни нима жин урди экан, деб ўйлайсан. Бу йўлда топган пули ҳам, еган-ичгани ҳам ҳаром эмасми, деган ўйга борасан, киши. Чунки қанчалаб инсонлар руҳияти, айниқса, ҳали онгу шуури шаклланмаган ўсмирлар дунёқарашини бузяпти, заҳарлаяпти бу тоифа.
Интернет овунчоқ эмас. У бизга ғоя ва мақсадларимиз, истагимизни нур билан ёритиш, дунёқарашимизни ўзгартириш учун манба ёки восита бўлиши керак аслида. Қўл телефони ҳам узоғимизни яқин қиладиган олис билан боғланиш манбаи. Унинг имкониятлари мафкурамизга зиён қилмаслиги, унга боғланиб, қул бўлиб қолмаслигимиз керак. Ҳозир жуда кўпчилигимиз мобиль телефондан бир қадам ҳам узоқлашолмайдиган бўлиб қолдик.
Гапларимдан энсангиз қотмасин. Айни дамда болангизга қаранг: у нима билан банд. Телефон ичига кириб кетгудай даражада, сиз қолиб шу таскин-тасаллини шу зормандадан топаётган бўлса, хавотирим бежиз эмаслигини ҳис қиласиз. Ёки фарзандингиз телефон кўриш ўрнига китоб мутолааси билан бандми? Ота-оналарнинг ўзи ўрнак бўлиб китоб ўқияптими? Хонадонингизда шундай муҳит ҳукмрон бўлса, хавотир олмасангиз ҳам бўлади. Қанийди шундай бўлса...
Маънавиятга мутасаддилар, элнинг зиёли қатлами, адиб ва шоирлар оммани, айниқса, ёш авлодни эзгулик йўлига бошлаш, мутолаага ошно қилиш, қалбини одамийлик ёғдуси билан чароғон этиш йўлида тиним билмаяпти. Бу заҳматли меҳнат, хатти-ҳаракатни тўфонга қарши чиқишга қиёсламоқ мумкин ва бу борадаги барча уринишни кўксида юраги бор, миллий ғурури ҳали ўлмаган ҳар бир одам қўллаб-қувватлайди, уларнинг сафида бўлади...
Медиа оламида ножоиз, хавф-хатарга тўлиқ, ёвузлик ва фаҳш тарғиботи урчиган тасвирлар, роликлар тарқатилаётган, телеэкран орқали эфирга маза-матрасиз, тутуриқсиз лавҳалар ҳамда ўта бачкана, хонанишин сериаллар узатилаётган экан, бу ҳолат миллат маънавий юксалиши учун жиддий хавф сифатида қараш лозим. Оммани оломонликка бошловчи бу тахлит хавф ҳамда қутқу, томошабиннинг қалб кўзини кўр қиладиган бундай медиа ва экран маҳсулотларига бефарқ қараб туришнинг ўзи ҳам миллат келажагига хиёнатдир. Шу боис, медиамаҳсулотларни маънавий экспертизадан ўтказиш масаласидан ҳам ҳеч қандай сиёсий хато қидирмаслик керак. Бу хатти-ҳаракатни цензура, сўз ё фикрни чеклашга уриниш, демократияга қаршилик, деб хулоса қилиш ҳам керак эмас. Зеро, миллий қадриятлар ва ахлоқ тушунчаси кўп нарсадан устун. Эрталаб юз-қўлини ювмай тўшакда қаҳва ичадиган демократиянинг йўриғи маънавий меъёрларимизга мос келмагани каби ахлоқсизлик оқоваси ҳам руҳиятимиз, миллий тарбиямизга зиддир. Шу билан бирга унинг таъсири бугун бизда сезилаётгани, одамлар онги лойқаланаётгани ҳам сир эмас.
Қўчқор НОРҚОБИЛ,
ёзувчи