Моддий ва маънавий бойлик: қай бири бирламчи?

    Одатда бой ва камбағал тушунчасига моддият орқали нисбат берилади. Пули кўп одам – бой, ками – камбағал. Бизга пули кўп одамнинг муаммодан бошқа ҳамма нарсаси бор, камбағалнинг муаммодан бошқа ҳеч нарсаси йўқ бўлиб туюлади. Гўёки бошқача бўлиши мумкин эмас!

    Бошқача бўлиши мумкин ёхуд бойлар ҳам йиғлайди

    Одамларда бой ва камбағаллик мезонлари турлича. Халқимизда бир нақл бор: “Пули кўп инсон бой эмас, нафси тўқ инсон бойдир”. Кимдир қорни тўйиб овқатланганига ёки мебель, автомобиль сотиб олганига қаноат қилади, ўзини бойлар қаторига қўшади. Бошқаси қўша-қўша уй-жой, муқим даромадга эга бўлса-да, камбағаллиги ва етишмовчиликдан нолийди.

    Халқаро матбуотда дунёда бойлар ва камбағаллар ўртасида тафовут ошиб бораётгани мавзуси кўп ёзилмоқда. Келтирилишича, жаҳондаги 26 та бой инсоннинг даромади дунё аҳолиси ярмининг даромадидан ортиқдир. Сўнгги йиллар мобайнида бойлар янада бойиди ва қашшоқлар ундан-да қашшоқлашди.

    “Бой бўлиб туғилмайдилар, бой бўлиб етишадилар”, деган гап ҳам бор. Бу ерда асосий гап “етишиш”да. Бу ҳаракатланиш, такомиллашиш демакдир. Ишни маош олиш учун бажариш одамни бой қилмайди. Ишни севиб, сидқидилдан бажарган кишига даромад ўзи келади. Бойликка эришиш учун олдига мақсад қўйиш ва ҳаракат қилиш, ўқиш-ўрганиш, сармояни тўпламай, ишга солиш, руҳни чархлаш, фикрни комиллаштириш, тафаккурни янгилаш талаб этилади.

    Собиқ иттифоқ мафкураси совет халқи шуурига бойларни золим, овсар, маънавиятсиз кишилар, камбағалларни эса мазлум, оқил ва қаҳрамон сифатида сингдиришни уддалаганди (афсуски, ҳамон жамиятимизда бу асорат ўзининг айрим унсурларини сақлаб турибди). Бошқача айтганда, ҳукумат 1917 йил октябрь инқилоби (тўнтариши)нинг бош ғояси – “Йўқолсин бойлар, яшасин камбағаллар!” даъватини ҳаётга татбиқ қила олди. Узоқ йиллар мобайнида бойларсиз камбағаллар (камбағаллик) гуллаб-яшнаган давлат дунё сиёсий харитасини “безаб” келди.

    Натижада не-не халқларнинг бойлари – халқ корига яраётган тадбиркорлар, илғор фикрли ишбилармонлар, зиёли ижодкорлар, сиёсий бошқарувнинг элита вакиллари жисмонан бадном этилиб, бойликлари талон-тарож қилинди, оила аъзолари кўчага қувилди, бошпанасиз қолдирилди. Бу эса ёппасига қашшоқлик ва маънавий таназзулга олиб келди, кўплаб халқ ва миллат вакиллари қийналди, оёққа туриб олиш мураккаб ва узоқ кечди.

    Ҳар қандай замонда ҳам яшаш учун ҳаракат қилиш керак. Ҳар ҳолда ҳаракат қилиб бойиш ҳам, бойимаслик ҳам мумкин, аммо ҳаракат қилмасдан бойиш иложсиздир. Бугун моддий ва маънавий бойлик, бойлар ва камбағаллар маънавияти ҳақида мухтасар фикр юритмоқчимиз. Демак, аввало моддият ҳақида...

    Қўлнинг кири ёхуд тухум бераётган товуқни сўймайдилар

    Ҳозир мамлакатимизда бошқа муаммолар қатори қашшоқликка ҳам барҳам беришга қаратилган ислоҳотлар кечмоқда. Жорий йил 11 сентябрь куни Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмаслиги, бунинг учун камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳим эканига эътибор қаратилиб, мавжуд вазият таҳлил қилинди. Бу мақсад жуда кенг кўламли экани, унга барча ҳисса қўшиши кераклиги таъкидланди.

    “Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади. Ҳукуматдан тортиб, туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш бўлиши керак. Бу борада назорат ҳам, сўров ҳам қаттиқ бўлади”, деди давлатимиз раҳбари.

    “Тиришмоқ ризқ эшигининг калитидир”, деган экан мавлоно Румий. Боқсангиз, аксарият бой инсонларда ана шу фазилатни кўрасиз. Бир-икки меросхўрни инобатга олмаса, ўзига тўқликнинг замирида тинимсиз меҳнат, машаққат, мақсад сари интилиш, тиришқоқлик жо. Нима учун кимдир қўлига катта маблағ тушиб қолса, бир-икки кунда совуриб юборади? Бошқа биров эса ўша пулни бирор ишга тикиб кўпайтиради? Ҳамма гап пулга муносабатда! Дейл Карнеги “Бой бўлишни истаган одам пулга оқилона муносабатда бўлиши шарт. Бу уни бошқаларга қарам қилмайди. Ғолиблар билишадики, инсонни пул эмас, ундан оқилона фойдаланиш бахтли қила олади. Пул ҳам шунга лойиқ инсонларнинг қўлига бориб тушади”, деган эди.

    Кўҳна ривоятда келтирилишича, қадимда қашшоқликда аранг кун кечирадиган бир кишининг бисотидаги биттаю битта товуғи қўққисдан тилла тухум туғибди. У аввалига биров ҳазиллашган, деб ўйлабди. Лекин ҳар эҳтимолга қарши тухумни заргар ҳузурига элтибди. Заргар тухум асл тилладан эканини тасдиқлабди ва катта пул эвазига сотиб олибди.

    Ўша куни кечқурун камбағал киши катта базм уюштирибди. Эртасига катакка йўл олса, товуқ яна битта тилла тухум босиб ётибди. Бу ҳолат бир неча кун давом этибди. Кейин эса нафси ҳакалак отибди. Кунига битта тилла тухум камлик қила бошлабди. У товуқни сўйиб, ҳамма тухумга бирдан эгалик қилмоқчи бўлибди. Бироқ товуқ танасидан нўхатдек келадиган, ҳали ҳомила ҳолатидаги тухумга дуч келибди, холос. Қиссадан ҳисса: тухум бераётган товуқни сўймаслик керак.

    Бойиб кетиш – ҳуқуқ! Ҳали ҳеч қачон бойиш бизнинг замонамиздагидек осон бўлмаган. “Унда нега ҳамма инсон бой эмас?” деган саволнинг жавоби жуда оддий: инсонларнинг кўпчилиги тилла тухум қўяётган товуқни сўйиб юборишади.

    Пул – қўлнинг кири, дейишади. Афсуски, қўлларимиз топ-тоза, дегувчилар ҳам бор. Пул ҳаётдаги энг муҳим нарса эмас. У фақат қўшимча имкониятларни яратади. Инсон бойигани сари атрофидагилар олдида масъулияти шунчалик ортиб бораверади.

    Азалдан бойлик ҳақида гап кетганда, бойларнинг пули кўплари эмас, балки улар орасида саховатлилари, яъни эҳтиёжманд одамларга қиладиган мурувватлари, хайр-эҳсон, садақаи жорияларига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки қадриятимизда сахийлик энг яхши инсоний хулқлардан саналиб келган. Шукрки, давримизда ҳам ана шундай олижаноб бойлар бор. Саховат соҳибларининг саъй-ҳаракати билан қанчадан қанча кўнгиллар шод, ғамлар барбод, бунинг самараси эса бойликка бойлик қўшилишида намоён.

    “Бизнинг пулларимиз ҳеч қачон тўлалигича бизга тегишли бўлмаган. Агар яқинларимизнинг муҳтожлигидан юз ўгирар эканмиз, ҳеч қачон тўла-тўкис бахтли бўла олмаймиз. Биз бутуннинг бир қисмимиз, шу сабабли атрофимиздагилардан миннатдор бўлишимиз, улар билан бўлишиб, миннатдорлигимизни намойиш қилишимиз керак”.

    Бу иқтибосни бир китобда ўқиган эдим. Келиб чиқадики, киши моддий бойлигини маънавий бойлиги тўлақонли бўлишига хизмат қилдира олиши матонат ва мақсадга мувофиқдир. Демак, бошқа бойликлар ҳақида...

    Етим маънавият ёхуд ёнимиздаги улкан бойлик

    Албатта, ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат ҳалол тарзда бўлса, ҳеч қандай тақиқ йўқ. Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётгани гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяпти. Умрида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлса-да, “Бой бўлиш сирлари”, “Бой бўлиш кафолатлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқиётганлар қанча. Замонамиз ойдинларидан бирининг таъбири билан айтганда, бундай вазиятда маънавият “етим” мисоли бўзлайди.

    Ўзбек миллати моддиятга боғлиқ бўлмаган кўп нарсаларни ҳам бойликка менгзайди ва бу жуда оз халқлардагина қадрият даражасига етган. Ота-она – бойлик, саломатлик, тарбия-одоб, маънавият, билим, иқтидор – бари бойлик. Жигарлар, фарзанд, ҳунар, касб-кор, тинчлик ҳақида гап кетганда ҳам уларни бойлигимиз деймиз. Таассуфки, аксариятимиз юқорида саналганларни йўқотганимиздагина буни теранроқ хис қиламиз.

    Масалан, жуда кўп яқинларим, дўстларим, танишларим эътироф этишича, мен жудаям бойман. Эътироф эса қуйидагича янграйди: “Бошингда ота-онанг бор. Сен жуда бойсан”. Дарҳақиқат, ёшим элликдан ошди. Мен тенгиларнинг аксарияти ё отаси, ё онасидан айрилган, айримлари ҳар икки суянчиғини йўқотган. Умрлари узоқ бўлсин, дуогўйларим ёнимда, уларнинг бағридаман. Бу улкан ва тенгсиз бойлигимга кўз тегмасин, деб авайлайман, Яратгандан уларга узоқ умр, соғлиқ тилайман. Бошқа ҳар қандай моддий бойлик, омад, тан-жоним саломатлиги, оиладаги хотиржамлик ва бало-қазолардан узоқда бўлиш уларнинг дуолари билан эканини англайман.

    Улуғлар айтади, инсон жисмини икки нарса кўтариб туради. Бири руҳий, иккинчиси жисмоний қувват. Тасаввур қилинг, бола ёшлигидан жисмоний машқлар қилиб, енгил-енгил тошларни кўтариб, бора-бора катта оғир тошларни кўтарадиган полвонга айланади. Энди ўз вазнидан бир неча баробар оғир тошларни кўтарадиган, курашда енгилмайдиган ҳақиқий паҳлавон бўлади. Шундай жисмоний кучга эга бўлган инсон маънавий тарбия кўрмаган бўлса, хулқ-одоб, ота-она ҳурмати, раҳм-шафқат, ор-номус, ҳалоллик, фарзандлик бурчи, инсонпарварлик, ваъдага вафо, солиҳлик нималигини билмай ўтиб кетади.

    Инсоннинг камолотга эришиши, ватан ва жамиятга келтирадиган фойда ёки зарари унинг руҳий тарбияси ҳосиласидан келиб чиқади. Руҳий ҳолат, руҳий тарбия кишининг маънавий тарбиясига боғлиқ. Маънавиятимиз асослари, шубҳасиз, бой. Имонсиз, эътиқодсиз бўлса, ўғирликнинг, талончиликнинг, фаҳшнинг, шафқатсизликнинг гуноҳлигини билмаса, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаса, шарм-ҳаёси бўлмаса, ундай одамни комил инсон, деб билмаймиз. Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, диний бағрикенглигимиз ҳам маънавий бойликдир. Демак, маънавий бойликнинг асоси, пойдевори – одоб, тарбия.

    Муомала маданияти ёхуд инсон қалбининг кўзгуси

    Кундалик ҳаётимизда, жамоат жойларида биз дуч келадиган чиройли манзаралар кўп. Инчинун, бунинг акси ҳам йўқ эмас.

    Транспортда. Шошиб автобусга чиқдим, унчалик тирбанд эмас экан. Уч-тўрт бекат оралиғида кимдир манзилида тушди, кимдир чиқди. Бир пайт 19-21 ёш чамасидаги чиптачи отаси тенги одамга дўқ аралаш хезланиб қолди:

    – Ўв, амаки, оёғингизни йиғиштириб ўтиринг, бу пулга келган, калишингиздан ҳам қиммат туради...

    Йўловчиларнинг деярли ҳаммаси шу томонга бош бурди. Нафақа ёшидаги отахон ўриндиқ остига ташлаб қўйилган автобуснинг ғилдирак қопламаси (автоҳаваскорлар “калпак” дейди) устига оёғини қўйиб ўтирган экан (бошқача ўтиришнинг иложи ҳам йўқ).

    – Узр, болам, бу матохинг шунақа нозиклигини билмабман.

    Шу жойда гап-сўзга нуқта қўйилса ҳам бўларди. Тарбия кўрмаган чиптачи ўзини чамаси ушбу йўналишнинг хўжайинидек хис қилди шекилли, деди:

    – Фаросатданам берган экан-ку...

    Ана энди айтинг, фаросатдан кимга берган экан? Ҳайдовчимисан, чиптачимисан, ўзинг йўловчилар ўриндиғи остига ўша буюмни ташлаб қўйибсан-ку! Яна нимага отанг тенги одамга бунақа тарбиясизларча муомала қиласан? Афсуски, автобусдаги одамлардан ҳеч ким бу ҳолга эътироз билдирмади, чурқ этмади. Ўзим аралашишимга тўғри келди:

    – Ука, эрталаб нонуштага нима егансан? – дедим.

    – Тушунмадим...

    – Оғзингдан қўланса гаплар чиқаётганига сўрадим-да!

    Шундан кейин у менга бундай тарбиявий соатни уйимда ўғлим билан олиб боришим кераклигини зўр бериб тушунтириб қўйди. Фойдаси йўқлигини билиб, бошқа гапирмадим.

    Буюм бозорида. “Отанг – бозор, онанг – бозор”, деганларидек, бир-икки сўм арзонроқ бўлса ҳарна-да, деб кўйлак олиш мақсадида дўконларга эмас, “Чилонзор буюм бозори”га бордим. Азалдан қора рангли кўйлакни яхши кўраман. Узоқдан турфа ранглар орасида қораси ҳам осиб қўйилган раста олдида тўхтадим.

    – Келинг, ака, қанақасидан керак? Ишга кийишгами, тўйгами ё совғагами?

    Қўлимдан тортқилагудек бўлиб ўзига қаратган сотувчи анча хушмуомала кўринди. Кўйлакни шу йигитдан ҳарид қиламан, у ҳам савдоси юришганига хурсанд бўлсин, деган хаёлда мақсадимни айтдим. Уч-тўрт хилини олиб, ўлчамимни чамалаб, улардан бирининг тахини бузди. Аммо сифати маъқул бўлмади. Бошқасининг эса ранги сидирға эмас, чизиқлари бор экан.

    – Олиш ниятингиз борми ўзи, ака? Ё шунчаки бозор айланиб юрибсизми?

    Қарасам, муомаласи сал дағаллашди. Кўнглимга ёқса, оламан-да, дедим. Бошқа гап оғзимдан чиқмади.

    – Олсангиз олинг, бўлмаса бошимни қотирманг, ана, бозор катта, қидираверинг кўнглингизга ёққанини, – дея дағдағасини бошлади.

    – Ука, савдода оғирроқ бўлиш керак, харидорга, ўзингдан ёши катта одамларга бунақа муомала қилишинг нотўғри, – дедим.

    У ҳам менга тарбиявий соатни қаерда ва ким билан олиб боришим кераклигини яна бир марта эслатишдан эринмади...

    ***

    Ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат эмас. Фарзанд тарбиясида муҳим қоидалардан бири болани ёшлигидан жамият орасида ўзини чиройли тутиш, барчага баробар самимий, камтарин бўлиш каби одобларга ўргатишдир.

    Шарқона лутф, шарқона ширин муомала, шарқона тавозе дунё аҳлининг ақлини шошириб, шарқликларга нисбатан ҳурматини ошириб келган. Бу борада ўзбекона муомаланинг ўрни ҳам бўлакча эди. Бугун эса минг афсуслар билан айтишга мажбурмиз, маънавий қашшоқлик сабаб муомала маданияти масаласида мақтангудек аҳволимиз йўқ.

    Юқоридаги каби чиптачи ё сотувчиларга кунда-кунора дуч келамиз. Кимдир охиригача тортишади, яна биров “шу билан тенг бўлдимми”, деб баҳсга нуқта қўяди. Кишининг одамлар билан қиладиган муомаласига қараб унинг қандай инсонлиги ҳақида хулоса чиқарса бўлади. Муомала маданияти – инсон қалбининг кўзгуси, маънавий бойлик аломати. Муомала маданияти орқали ҳар қандай куч билан ҳам эришиб бўлмайдиган инсоний мартабага —атрофдагиларнинг ҳурмат-иззатига, меҳрига, ишончига сазовор бўлиш мумкин.

    Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон экани билан фахрланамиз. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб қўяёзган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки, ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти хизматидаги авлод қилиб тарбиялаш миллатимиз маънавий хазинасини янада бойитишдир аслида.

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 23 ноябрь, 238-сонида чоп этилган)

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates