Мазкур тадбир Россия жамоатчилиги учун Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, унинг кўп асрлик анъаналари, замонавий ҳаёти ва ютуқлари билан яқиндан танишиш учун ноёб имконият очади. Томошабинлар Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари ижросидаги ўзбек, рус ва жаҳон классикаси асарлардан баҳраманд бўлади.
Дастурнинг марказий тадбири Ўзбекистон санъат усталари иштирокидаги гала концерт ҳисобланади. Унда Ўзбекистон Қаҳрамони Муножот Йўлчиева, халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Фаррух Зокиров, Севара Назархон, Гулсанам Мамазоитова, Ойгул Нодирова, хизмат кўрсатган артистлар Озода Нурсаидова, Илёс Арабов, истеъдодли ижрочилар Ширин Маматова, Сабина Мустаева иштирок этади. Концерт дастуридан, шунингдек, халқ артисти Камолидин Ўринбоев бошчилигидаги Давлат симфоник оркестри ҳамда Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли чиқишлари ҳам ўрин олган.
Икки соатлик концерт дастуридан ўзбек халқ қўшиқлари, рақслари ва жаҳон опера классикаси дурдоналари ўрин олган. Дастурга киритилган ҳар бир асар Ватанга муҳаббат ва миллий анъаналарга ҳурмат туйғулари билан йўғрилган.
Тадбир доирасида Ўзбекистон тарихи, маданий анъаналари ва кундалик ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи фотокўргазма ҳам бўлиб ўтади. Унда мамлакатимиздаги муҳим воқеалар, меъморий обидалар ва замонавий ўзгаришларга бағишланган 80 дан ортиқ ноёб фотосуратлар намойиш этилади.
Меҳмонлар Ўзбекистоннинг маданий ва ижтимоий соҳалардаги ютуқларини фотосуратларда кўришлари мумкин.
Тадбирда Россия ва Ўзбекистон расмийлари, маданият ва ишбилармон доиралари вакиллари, дипломатлар ва санъат арбоблари иштирок этиши кутилади, деб хабар беради “Дунё” АА.