"Дунё" ААнинг хабар беришича, ижтимоий тармоқларда оммабоп бўлган саҳифалар муаллифларининг мамлакатимизга танишув сафари Ўзбекистон элчихонаси ва Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил қилинмоқда.
Блогерлар гуруҳига обуначилари 1,5 миллиондан 20 миллион нафаргача бўлган ижтимоий тармоқ фаоллари киритилган.
Ҳиндистон вакиллари Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари ва Тошкент вилояти бўйлаб сафар қилади. Ўзбек халқининг бой тарихий мероси, бетакрор меъморий обидалари, салмоқли сайёҳлик салоҳияти ҳақида туркум материаллар тайёрлайди. Шунингдек, ўз ўқувчилари ва обуначиларини замонавий Ўзбекистон турли соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлар билан таништиради.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар жараёни Ҳиндистон етакчи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги оммабоп саҳифалар диққат эътиборида бўлиб турибди. Улар томонидан ушбу мавзуга бағишланган турли жанрлардаги материаллар мунтазам тарзда эълон қилиб борилмоқда.
Бунинг натижасида Ҳиндистондан Ўзбекистонга сайёҳлик оқими йилдан йилга изчил ўсишига эришилмоқда. Хусусан, 2023 йилда 50 минг нафарга яқин ҳиндистонлик сайёҳ мамлакатимизга сафар қилган бўлса, 2025 йилда уларнинг сафи 80 минг нафардан ошди. Жорий йил эса ушбу кўрсаткич 100 минг нафарга етиши кутиляпти.








