Унда Франциянинг етакчи сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, ишбилармон доиралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тақдимотда сўзга чиққан элчи Нодир Ғаниев ва Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев сўнгги йилларда Ўзбекистонда мамлакатимиз туризм индустриясини ривожлантириш, салоҳиятини ошириш ва иқтисодиётга қўшаётган ҳиссасини кўпайтириш, хизматларни диверсификация қилиш ва сифатини ошириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан йиғилганларни таништирдилар.
“Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампанияси доирасида ушбу қадимий шаҳарнинг инсоният тараққиётидаги беқиёс ўрни, моддий-маданий мероси таъкидланиб, ҳудуднинг туризм салоҳияти ҳақида тегишли видеороликлар намойиш этилди.
Тадбир доирасида, шунингдек, 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига бағишланган алоҳида тақдимот ўтказилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Франция сайёҳлик компаниялари вакиллари ўртасида B2B форматида музокаралар уюштирилди. Уларда Франциядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Тақдимотга келган меҳмонлар “Баҳор” ансамбли хонандалари ижросидаги ўзбек миллий куй ва қўшиқларидан баҳраманд бўлдилар. Шунингдек, йиғилганлар учун ўзбек миллий таомлари, жумладан байрамона палов улашилди, деб хабар беради “Дунё” АА.