“Hippo Global” халқаро инглиз тили олимпиадасининг минтақавий босқичи Самарқанд шаҳрида ўтказилади

    “Hippo Global” халқаро инглиз тили олимпиадасининг минтақавий босқичи Самарқанд шаҳрида ўтказилади

    Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев “Global Hippo” уюшмаси президенти Даниели Пиаченти билан учрашув ўтказди.

    Ўтказилган музокараларда мазкур уюшма томонидан 2025 йилда ташкил этиладиган халқаро инглиз тили олимпиадасининг минтақавий босқичини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

    “Hippo English without Borders” – бу Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги шафелигида ўтказиладиган халқаро инглиз тили фани олимпиадаси бўлиб, асосий тили инглиз бўлмаган 65 та давлатдан, шу жумладан Ўзбекистондан ўқувчилар ўз билимларини синовдан ўтказадилар.

    Жорий йилда ушбу олимпиадада 90 мингга яқин ўқувчи, шундан 4 400 нафар мамлакатимиз ёшлари муросасиз беллашувларда қатнашган. Мазкур танлов тўртта, жумладан, ҳудудий имтиҳонлар, мамлакат ғолиблари, минтақавий ва дунё ғолиблари каби саралаш босқичларидан иборат. Имтиҳонларнинг якуний босқичи эса Италияда ўтказилади.

    Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган минтақавий босқичда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия ва Монголия давлатларидан иштирокчилар қатнашиши кутиляпти, деб хабар беради “Дунё” АА.