Кўп ўтмай Eris деб номланган мазкур версия АҚШ, Хитой, Жанубий Корея ва Япония каби жами 51 давлатда рўйхатга олингани маълум қилинди.
Шундан сўнг ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус янги мутация ҳозирча Ер юзи аҳолиси саломатлиги учун глобал даражада хавф туғдирмаётган бўлса-да, унинг дунё бўйлаб кенг тарқалиши касалланишлар сони кескин ўсишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Куни кеча ташкилотининг CОVID-19 бўйича техник раҳбари Мария Ван Керхове ушбу янги вариантлар билан боғлиқ дунёдаги эпидемиологик вазият ҳақида ахборот берди.
Унинг таъкидлашича, Eris ўтган вақт ичида жиддий ҳолатларни келтириб чиқаргани йўқ. Қолаверса, у аввал прогноз қилингани каби SARS-CoV-2 нинг доминант версиясига ҳам айланмади.
Шунга қарамай, мавжуд мутациялар беморларда маълум даражада оғир ўтаётган ҳолатлар йўқ эмас. Сўнгги ойларда айрим мамлакатларда касалланиш ва шифохонага ётқизиш кўрсаткичлари ортиб бораётгани ҳам факт.
Ван Керхове бу ўринда бир мунча хавотирли деб ҳисобланган “омикрон”нинг учта — ХBB.1.5, ХBB.1.16 ва EG.5 деб аталувчи субвариантлари ҳақида тўхталди.
Маълум қилинишича, ҳозир EG.5 версияси дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда. Бу эса ХBB.1.5 ва ХBB.1.16 мутацияларини юқтириш ҳолатлари пасайишига хизмат қилади. Бироқ бугунги кунда Ер юзида доминант вариант йўқ.
Мутахассис хулосасига кўра, COVID-19 га қарши кураш бўйича синовдан ўтган тажриба ҳамон ўзини оқламоқда. Шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиб юриш, бино ва иншоотларда ҳаво айланиш тизимини яхшилаш ва энг муҳими, ўз вақтида эмланиш оғир ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қиляпти.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда баъзи минтақаларда COVID-19 нинг “Пирола” деб номланган янги BА.2.86 штамми ҳам тарқалмоқда. У ҳозиргача Исроил, Канада, Дания, Буюк Британия, Жанубий Африка, Швеция, Норвегия, Швейцария, Таиланд ва АҚШ каби қатор мамлакатларда рўйхатга олинган.
Шу кунгача янги мутация билан боғлиқ оғир ҳолатлар келиб чиқмаган бўлса-да, ЖССТ уни ўз кузатуви остига олди.