Ҳукумат комиссияси Жиззах вилоятидаги инвестиция ва экспорт фаолиятини ўрганиб чиқди

    Мамлакатимизда 14 октябр 2022 2586

    Жорий йил 13 октябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси Жиззах вилоятида бўлди.

    Вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси ўз олдига инвестиция дастурларини амалга ошириш ва ҳудудий экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадини қўйган.

    Йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида Давлат комиссияси аъзолари «World trading company» МЧЖ, «Paxtakor teks» МЧЖ, «Basalt wool» МЧЖ, «ADM JIZZAX» МЧЖ, «Farali textile», «Дея», «Jizzax kenteks» компаниялари ҳамда экспортга йўналтирилган турли хил маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган ва кўплаб янги иш ўринларини яратган бошқа объектларга ташриф буюрди.

    Масалан, «Paxtakor teks» МЧЖда 470 киши ишлайди ва унинг маҳсулотлари Россия, Туркия, Польша ва МДҲ мамлакатларига экспорт қилинади. «Basalt wool» МЧЖ 193 маҳаллий мутахассисни иш билан таъминлади ва йилига ишлаб чиқариладиган 32 минг тонна базальт плиталаридан 20 мингтасини экспортга жўнатади.

    Маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқотда ҳам хусусий, ҳам тизимли муаммолар аниқланиб, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар билдирилди. Кўтарилган барча масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш ва комплекс ечимлар тайёрлашда конструктив таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасадди раҳбарларга мақсадли топшириқлар берилди.

    Шу куни Жамшид Ходжаев раҳбарлигида Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, сармояларни кенг жалб этиш, лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

    Йиғилишда инвестиция дастури доирасида йил якунига қадар умумий қиймати 688,3 миллион долларлик 389 та лойиҳа амалга оширилиши, 8 минг 800 та янги иш ўрни яратилиши таъкидланди. Лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш юзасидан масъул раҳбарларга топшириқлар берилди.

    Вилоятдаги экспорт фаолияти натижалари кўриб чиқилди. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, экспорт ҳажми 158,5 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга кўпдир. Экспорт етказиб бериш бўйича ҳар куни мониторинг олиб бориш ва юзага келган барча муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича топшириқ берилди.

    Йиғилиш якунлари бўйича вазирлик, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига белгиланган вазифалар ижроси юзасидан қўшимча топшириқлар берилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates