Ҳунармандлар маҳсулотлари рекламаси давлат тилида рақамлаштирилади

    Инновацион ривожланиш вазирлигининг амалий ва инновацион лойиҳалар танловида “Туризм соҳасига сайёҳларни жалб қилишда миллий ҳунармандлик маҳсулотлари брендининг ахборот платформасини яратиш” мавзуси бўйича Тошкент молия институти олимлари гуруҳи томонидан топширилган инновацион лойиҳа ғолиб деб топилиб, молиялаштиришга тавсия этилди.

    Нега бу мавзу танланди, деган савол туғилиши табиий. Мамлакатимизда ҳунармандлик ва туризм соҳаларида кўпгина тадқиқотлар амалга оширилган, шу кунгача ҳунармандлар учун мўлжалланган бир қанча веб-саҳифалар мавжуд бўлса-да, уларда маҳсулотлар бренди ҳимояланмаган, жозибадорлиги етарли эмас. Яъни ҳунармандлар маҳсулотлари орқали сайёҳларни жалб қилиш механизмлари мавжуд эмаслиги ушбу лойиҳа яратилишига заруратни юзага келтирди.

    Миллий ҳунармандлик маҳсулотларига QR-код қўйиш орқали маҳсулот бренди индивидуаллигини ошириш ҳамда хорижий сайёҳларни жалб қилишнинг ахборот платформасини яратиш борасида бир қатор муаммоларга ечим топилади. Жумладан, туризм соҳасида миллий ҳунармандлик маҳсулотлари онлайн савдосини шакллантириш, хорижий сайёҳларни жалб қилишда миллий маҳсулотларга қўйилган стикерлар орқали жозибадорлигини ошириш имконияти пайдо бўлади. Миллий маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларнинг фото, аудио, видео, 3D форматдаги график, бренд дизайнер ишланмалари тайёрланади, платформада истеъмолчилар учун мобиль иловалар яратилади, ҳунармандлар ўз маҳсулотларини тизимга жойлаштириши ва жараённи назорат қилиши мумкин бўлади. Муаммонинг ечими сифатида миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар маълумотлар базаси ва Миллий маҳсулотлар классификатори, “булутли технология”лар асосида онлайн платформалар орқали иловалар яратилади.

    Бунинг учун эса туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар маҳсулотларига QR-код генерация қилувчи дастурий таъминот ишлаб чиқилади. Махсус стикерлар шакллантирилади ва ҳунармандлик маҳсулотига стикер қўйилади (ёпиштирилади) ҳамда маҳсулотнинг онлайн сотувини амалга ошириш бўйича услубий кўрсатма яратилади. Стикерли ҳунармандлик маҳсулотлари сотуви амалга оширилганда ёки қайта сканер қилинганда, истеъмолчининг маълумотлар базаси автоматик равишда янгиланиб борадиган тизим йўлга қўйилади. Яратилган дастур орқали статистик кузатувларни, ҳунармандларга буюртмалар юбориш ва қабул қилишни назорат қилиш имкони пайдо бўлади. Ижтимоий тармоқларга (Facebook, Instagram, Тelegram, Yоutube ва ҳ.к.) интеграция қилиш орқали стикерли ҳунармандлик маҳсулотлари тарғиботи ва рекламаси амалга оширилади. Хорижий истеъмолчилар миллий ҳунармандлик маҳсулотлари стикерини сканер қилганида тўғридан-тўғри Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи маълумот берадиган рекламага ўтилади. Дастур туризм соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар билан боғланиш имкониятини беради. Миллий бренд маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар ва ташкилотлар маълумотлари (манзиллари, телефон рақамлари, геолокация ва ҳ.к.) ҳамда маҳсулотлар ҳисобини юритувчи интеграцион янгиловчи электрон база шакллантириб борилади. Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар иштирокидаги фестиваль, ярмарка ва кўргазмалар тўғрисидаги эълонлар берилади.

    Лойиҳада кўрсатилган маҳсулотнинг яратилиши ва режалаштирилган ахборот платформа ва дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш учун жамоада етарлича компетенция ва илмий салоҳият мавжуд.

    Чунки ижрочилар сифатида туризм соҳасида хизмат кўрсатиш жараёнларида рақамли технологиялардан фойдаланиш бўйича назарий тадқиқотлар қилган профессор, илмий тадқиқотчилар, мутахассислар ва амалиётда миллий ҳунармандлик соҳасида тажриба орттирганлар тўплангани ушбу лойиҳани бажаришда интеллектуал тўсиқ бўлмаслигини кафолатлайди.

    Лойиҳа асосида эришиладиган яна муҳим ютуқлардан бири миллий ҳунармандлик маҳсулотларининг онлайн савдодаги улуши ортишига эришилишидир. Халқаро миқёсда миллий ҳунармандлик маҳсулотлари бренди кенг ёйилиши ва индивидуаллиги ошишига олиб келади, туризм жозибадорлигини ошириб, сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш ҳамда туризм хизматлари ва миллий ҳунармандлик маҳсулотлари савдосини ривожлантириш имконияти пайдо бўлади. Чунки Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш ҳамда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган кўплаб лойиҳалар мавжуд. Лекин туризм соҳасида ҳунармандлик қай даражада ривожланганини кўрсатиб берадиган лойиҳалар йўқлиги сабабли бу ишланманинг ўз ўрни бор.

    Ўтган йиллар таҳлилида бу янада яққолроқ кўзга ташланади. Яъни 2019 йил давомида Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан 5 миллиондан ортиқ сайёҳ келган. Шунингдек, ушбу йилда туризм фаолиятида ҳунармандлик маҳсулотлари экспорти 15,2 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Шундан ҳунармандлик маҳсулотлари савдосининг 45 фоизи сайёҳлар орқали, 25 фоизи халқаро кўргазмалар доирасида 25 фоизи тўғридан-тўғри шартномалар асосида ҳамда 5 фоизи онлайн тарзда амалга оширилган.

    2020 йилда эса сайёҳлар оқими камайгани ва хорижий мамлакатлардаги фестиваль, ярмарка ва кўргазмаларда ҳунармандлар иштироки олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 90 фоиз қисқаргани сабабли ҳунармандлик маҳсулотлари савдоси ҳажми тахминан 70 фоиз тушиб кетди. Фақатгина 2020 йилнинг биринчи чорагида 4 миллион долларлик экспорт қилинган, холос. Шундан 20 фоизи халқаро кўргазмалар, 25 фоизи шартнома асосида, 15 фоизи электрон савдо ҳамда 40 фоизи сай ёҳлар ҳисобига тўғри келди.

    Янги ишланма давлат тилида яратилади ва рус, инглиз тилларига таржима қилинади. Бу билан ҳунармандлар маҳсулотларининг дунё юзини кўриши учун давлат тилида рақамлаштиришдан фойдаланилади. Ҳунармандлар ўз маҳсулотлари ҳақидаги маълумотларни давлат тилида жойлаштирганидан сўнг шахсий кабинетларида тўғридан-тўғри рус ва инглиз тилига таржима ва интеграция қилинади. Платформада уникал код орқали маҳсулотни тўлиқ назорат қилиш ҳамда кодлар орқали тўловларни амалга ошириш модули яратилади. Маҳсулотларни онлайн дўкон орқали сотиш ва сотилган товарларни етказиб бериш учун веб-саҳифа тўлиқ давлат тилида бўлади, операциялар ҳам давлат тилидаги буйруқлар орқали амалга оширилади. Сотилган маҳсулотлар ва талаблар базаси, статистик ҳисоботларни генерация қиладиган дастурий таъминот ҳам давлат тилида бўлади.

    Дастур кўринишидаги маҳсулотни илмий-тадқиқот институтлари, сайёҳлик ташкилотлари, ҳунармандлар уюшмалари, статистика билан шуғулланувчи идоралар иш жараёнида фойдаланиш учун сотиб олишлари мумкин.

    Наибахон Мамадалиева,

    филология фанлари доктори, профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates