Ибройим Юсуповни англамай туриб...

    Яхши ёдимда, 1950-йилларнинг охирида Тошкентга марказий газета мухбири сифатида юборилган (аслида Москвада нуфузли раҳбарлик лавозимидан ҳайдалиб, сургун қилинган) таниқли ёзувчи Константин Симонов уйимизга меҳмон бўлиб келганида пальтосини осиб қўйиш учун жавон ҳам, ҳатто илгак ҳам тополмай бироз вақт аланглаб турган, отам буни пайқагач, кулимсираб унинг уст кийимини бўйра устига тахлаб қўйилган кўрпалар тепасига ташлаб қўйганди.

    Табиат гўзаллиги, ўз халқи эъзозлаган ноёб истеъдод эгалари абадийлиги рамзига айланган пойтахтимиздаги Адиблар ҳиёбонида ихлосмандлари, ўқувчиларини қутлаётгандек буюк Алишер Навоий кетидан йигирмадан ортиқ атоқли адибларимизнинг ҳайкаллари саф тортиб туради. Ҳиёбонда Огаҳий ва Бердақ, Муқимий ва Фурқат, Беҳбудий ва Авлоний, Чўлпон ва Қодирий, эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар билан бир қаторда қорақалпоқ элининг суюкли шоири Ибройим Юсупов ҳайкали ҳам ўрин олган.

    Қирғизистоннинг буюк адиби Чингиз Айтматов Ибройим Юсуповнинг ижодини шундай баҳолаган эди: “Мен қорақалпоқ халқини ва унинг буюк ўғлони Ибройим Юсуповни севаман. Шеърият жуда мураккаб нарса. Уни қайси тилда ёзилган бўлса, ўша тилда ҳис этиш керак. Мен Ибройим Юсупов шеърларининг таржималарини ўқийман. Бу инсоннинг шеърлари ҳатто таржимада ҳам ҳайратга солади ва завқлантиради. Афсуски, уларни аслиятда ўқий олмайман...Агар Ибройим Юсупов ўз омадини насрда синаб кўрса, бу инсон нималарга қодирлигини Тангригина билган бўларди. Агар қачонлардир у бунга азм қилса, буюк даҳолар Эрнест Хемингуэй ва Робиндранат Тагор каби юксакларга парвоз қила оларди”.

    Бошқа атоқли адиблар ҳам Ибройим Юсуповнинг ижодини жуда юқори баҳолашган. Доғистонлик машҳур Расул Ҳамзатов уни “қалбларни даволовчи шоир”, Қайсин Қулиев “Навоий ва Маҳтумқули билан бир қаторда турк тилли халқлар шеъриятининг башоратчиси” сифатида эътироф этган. Қорақалпоғистон Республикасининг халқ ёзувчиси Оразбай Абдирахманов эса “Юсуповнинг шеърияти – ХХ асрнинг Бердақи” деб ҳисоблаган.

    Шоир эса ўзига шундай таъриф берганди:

    Мен дурагай бир бутоқда унганман:

    Навоий ва Пушкин устоз, илҳомчим.

    Қайнаб турган қоним билан уммонман,

    Мен Бердақнинг соф қонидан бир томчи.

    Аммо унинг ижод чўққилари сари йўли равон бўлмаган. Шоирнинг тўнғич қизи, кимёгар Шаҳзода Ибройимовнанинг хотирлашича, боболари Юсуп охун Бухоро мадрасида таълим олган, биргина Қорақалпоғистондагина эмас, ўлкада таниқли уламолардан бўлган. Диндорлиги учунгина у ўтган асрнинг 30-йиллари бошида қатағон қилиниб, Туркманистонда дарбадарликда вафот этган. Маъмурлар уламони сургун қилиш билан чегараланмасдан, мол-мулкини мусодара қилишган, бу оиланинг ўз вақтида кўркам ҳисобланган уйларини трактор билан бузиб ташлашган. Юсуп охуннинг рафиқаси Хонбиби болалари билан ертўлада яшашга мажбур бўлганлар.

    Шундай ҳам тирикчилик ўтказиш ўта машаққатли бўлган ўша даврда “халқ душмани”нинг оиласи – она ва унинг уч фарзанди қандай уқубатларга дучор бўлганликларини ортиқча таърифлашга ҳожат бўлмаса керак. Отаси вафот этганида Ибройим уч яшар болакай бўлган. Турмуш машаққатларига қарамасдан у жуда ёшлигидан отасидан асраб қолинган китобларни мутолаа қилар, бир йўла араб тилини ўрганган эди.

    Ибройим онасига тиргак бўлиш учун 13 ёшидан ишлай бошлаган. Билимдонлиги, тиришқоқлиги учун унга Чимбой туманидаги жамоа хўжалигида табелчилик қилишни ишониб топширишган. Бу хизмати учун у ойига икки килограмм буғдой оларди.

    Ўша йиллари Нукусда биринчи педагогика институти ташкил этилгандан кейин талабалар етишмаслиги сабабли ўрта мактабни тугалламаганларни ҳам имтиҳонсиз ўқишга қабул қилишган. Ибройим билан бирга мажбурлаб талабаликка қабул қилинган синфидаги ўқимишлироқ ўсмирларнинг ҳаммаси кўп ўтмай институтдан қочиб кетишган. Биргина у таълимини давом эттирган ва йигирма ёшлигида шу олий таълим муассасида талабаларга дарс бера бошлаган. Айни пайтда Қорақақлпоғистон радиосида дикторлик ҳам қилган.

    Бу йиллари ғанимлар отасининг қатағон қилинганлигини яширган, деган баҳона билан Ибройимнинг оёғидан чалишга ҳам ҳаракат қилиб кўришган. Аммо олиб борилган текширишлар натижасида бу ғирт туҳмат эканлиги, таржимаи ҳолида отаси билан боғлиқ барча маълумотларни аниқ баён этганлиги аниқланган. Шунга қарамасдан ёш муаллимга қаттиқ хайфсан эълон қилишган.

    — Отамиз ўша давр сиёсатини яхши билар ва жуда эҳтиёткор бўлардилар, — ҳикоя қилади Шаҳзода Юсупова. — Оиламизда раҳбарларни тилга олиш умуман маън этилган эди. Отамиз педагогика институтида домлаликдан кейин “Амударё” журналининг бош муҳаррири, республика Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида илмий ходим вазифаларида ишларди, бирин-кетин китоблари чиқа бошлагани, дурустгина қалам ҳақи олиб турганига қарамай, жуда камтарона турмуш кечирардик.

    Яхши ёдимда, 1950-йилларнинг охирида Тошкентга марказий газета мухбири сифатида юборилган (аслида Москвада нуфузли раҳбарлик лавозимидан ҳайдалиб, сургун қилинган) таниқли ёзувчи Константин Симонов уйимизга меҳмон бўлиб келганида пальтосини осиб қўйиш учун жавон ҳам, ҳатто илгак ҳам тополмай бироз вақт аланглаб турган, отам буни пайқагач, кулимсираб унинг уст кийимини бўйра устига тахлаб қўйилган кўрпалар тепасига ташлаб қўйганди.

    Бошқа бир сафар ноқулай об-ҳаво туфайли Москвадан Қирғизистонга учиб келаётган самолёт Нукусга қўнганида, ўша пайтда Қорақалпоғистоннинг биринчи раҳбари Қаллибек Камолов йўловчилар орасида бўлган Чингиз Айтматовни кутиб олган ва ҳукумат қароргоҳига таклиф этган. Аммо у отамизни ўз қадрдони ҳисоблаб, бизнинг уйимизга олиб боришини илтимос қилган.

    Машҳур ёзувчи қийшайиб турган ночор уйимизни кўриб, “шундай истеъдодли ва машҳур шоирингизга тузукроқ иморат қуриб беришга ёрдам берсангиз бўлмайдими”, деб Қаллибек Камоловични изза қилган. Аслида бизга 15 йил илгарироқ уй қуришга жой ажратилган, унинг пойдевори ҳам кўтарилган эди. Аммо отамиз янги уй қуришга хафсала қилмас, бизга ана шу бошпана ҳам бўлаверади, деб ҳисобларди.

    Ночор бўлса ҳам шу хонадонимизда кўплаб таниқли шоир ва ёзувчилар меҳмон бўлган, улар ҳам янги уйни қачон қурасиз, деганларини кўп марта эшитганман. Отамиз Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Давид Қуғултинов, Римма Казакова билан бирга Зулфия, Комил Яшин, Ҳамид Ғулом, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар билан дўстлик ва биродарлик, устозлик ва шогирдлик борасида ўзаро жуда яқин муносабатда бўлган. Укам Баҳромнинг исмини Ғафур Ғулом қўйганлиги ҳам отамизнинг ана шу буюк шоиримиз билан қалин дўстлигининг белгиси, дейиш мумкин.

    Ибройим Юсупов болалигиданоқ қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди, Шарқ ва мумтоз адабиётимиз намуналаридан хабардор бўлган, талабалик йилларида рус ва жаҳон шоир ва адибларининг нодир асарларини қунт билан ўрганган. Унинг 1946 йилда эълон қилинган биринчи асари — “Ватаним” шеъри эканлиги ҳам тасодифан эмас. Умуман у ўзини Қорақалпоқ юрти, ватанисиз тасаввур эта олмайди:

    Бир ёним сув, бир ёним чўл бўлмаса,

    Жаннат қуриб берсанг-да мен бормайман.

    Гул ҳам явшан иси анқиб турмаса,

    У ерда мен қорақалпоқ бўлмайман.

    Ўз ватанига бағишланган шеърлар таниш тимсоллар — учиб бораётган ғозлар, шамолдан чайқалаётган қоратол, ёйилиб ўсаётган саксовул, сарғайган саҳро орқали ёқимли, юракка яқин янграйди. Шу билан бирга адиб шеърияти ўқувчилар руҳияти, ички дунёсида инсоний фазилатлар, муҳаббат ва садоқат туйғуларини уйғотади.

    Мунаққидларнинг таъкидлашларича, Ибройим Юсупов шоирлик маҳорати Алишер Навоий, Умар Ҳайём, Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Махтимқули, Ажиниёз, Бердақ ва Абай устозлик мактаби таъсирида шаклланган. Шунинг учун шоир шеърларидан бирида буни қуйидагича таърифлайди:

    Саҳро гулларини сочай пойингга,

    Навоийни суйган қорақалпоқ бўлиб.

    Ибройим дер: улуғ руҳинг олдида

    Бош эгайин шогирдинг Бердақ бўлиб.

    Ибройим Юсупов 2000 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикасининг адабиёт ва санъат кунларида журналистнинг ижодкор учун ҳаёт сабоқлари нималардан иборат, деган саволига шундай жавоб берган экан:

    — Ҳаётнинг маълум бекатларидан ўтиб умрингга умр қўшилгани, кексалик боғига қадам қўйганинг сари ёшлигингда, ўрта ёшлик даврингда хаёлингга келмаган кўп нарсалар ҳақида ўйлай бошлайсан экан. Бу ўйлар ёшлик ва ундан кейинги даврлардаги қалбингда, тафаккурингда кечган ўй-фикрлардан жиддий фарқ қилади. Яъни, энди қишлоқ шунчаки маскан эмас, ўз уйингга, атрофингдагилар шунчаки одамлар эмас, қадрдонларингга, табиат, борлиқ шунчаки кўриниш, манзара эмас, бошпанангга, меҳрибонингга, юрт шунчаки гўша эмас, улуғвор Ватанга айланади. Бундай пайтда одамлар ўртасидаги муносабатлардан зиддият эмас, гўзаллик ахтарасан, умуминсоний фазилатларни улуғлайсан, югурик ҳаётнинг фалсафасини англашга ҳаракат қиласан.

    Ибройим Юсупов ўзбек ва қорақалпоқ халқлари дўстлиги ва биродарлигининг оташин куйчисидир:

    Ўзбекни ўз оғам этган,

    Улкан бахтни инъом этган,

    Бир қозонда ош дамлатган,

    Меҳри иссиқ туғишганлик.

    Атоқли шоир Қорақалпоғистон Республикаси мадҳиясининг муаллифидир. Адиб ихлосмандлари унинг шеърлари ва достонлари, ҳикоя ва пьесалари, долзарб публицистикаси билан яқиндан таниш бўлишлари билан бирга А.Пушкин, М.Лермонтов, Т.Шевченко, Ж.Байрон, И.Гёте, Г.Гейне, Ф.Шиллер шеърлари, Шекспир сонетлари, Алишер Навоий ва Ҳофиз ғазаллари, Умар Ҳайём рубоийларини таржима қилиб, қорақалпоқ тилида сайратиб юборганларидан яхши хабардорлар. Ўзининг шеърлари ҳам рус, қозоқ, украин, белорус, грузин, латиш, болгар ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган.

    Ибройим Юсуповнинг ижодий фаолияти ўзининг муносиб баҳосини олган. У Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоиридир, қўша-қўша орден ва медаллар соҳиби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори ҳисобланади. Кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Олий Мажлислари депутатлигига сайланган.

    Президентимиз ташаббуси билан ҳозир Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби ташкил этилди, бу ерда ҳам шоир ҳайкали қад ростлаган.

    Юксак истеъдод соҳиблари оламшумул кашфиётлари, ноёб ижодлари, буюк хизматлари билан ўз халқини, юртини дунёга танитади. Айни пайтда уларнинг ўзларини ҳам уларнинг ватанлари билан айнанлаштиришади. Ибройим Юсупов номи тилга олинганда ҳам биз, қорақалпоқ халқи, ўлкаси гавдалангандек туюлади. Буни, ўйлашимизча, Назира Матёқубова атоқли шоиримиз таваллудининг 90 йиллигига бағишланган шеърида аниқ ифодалай олган:

    Балки, олимдирсан, балки фузало,

    Ким бўлсанг ҳам сенга айтай бир ҳақни.

    Ибройим Юсуповни англамай туриб,

    Англаш мумкин эмас қорақалпоқни.

    Эркин ЭРНАЗАРОВ,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates